Ўрганишлар натижа бермоқда

/
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиш депутат олдида турган энг муҳим вазифадир.
Халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партия лойиҳалари доирасида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганишмоқда. Ўрганишлар асосида жорий йилда партия депутатлари ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида 2 та, доимий комиссияларда 3 та масала муҳокама этилди. Сессияларда кўриб чиқилган “Умумтаълим мактабларининг дарсликлар ва бошқа зарур адабиётлар билан таъминланиши, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялари жорий этилиши ҳолати”, “Мактабларда яратилган шарт-шароитлар, синф хоналарининг жиҳозланганлиги, ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати” каби масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар амалиётга йўналтирилди. Шунингдек, жорий йилда масъул ташкилотларга бир қатор муаммоларни ҳал этишга қаратилган 14 та депутатлик сўрови киритилди.
Шубҳасиз, депутат муаммолар юзасидан депутатлик сўрови билан мурожаат қилар экан, одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ишончини оқлашга интилади.
Жумладан, Ҳамрогул Ашурова “Қалмақон” МФЙ “Файзулло Хўжаев” кўчасида ички йўлни таъмирлаш билан боғлиқ масалада туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига юборган депутатлик сўрови ўрганиб чиқилди. Айни пайтда ушбу ички йўлда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Депутатлик гуруҳига “Жўйрабод” МФЙ “Жилвон” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Ўғилой Қосимованинг моддий ёрдам ажратиш ҳақида қилган мурожаати ҳам ҳал этилди. Фуқаро Ў.Қосимова маҳалла фуқаролар йиғини томонидан моддий ёрдам пули билан таъминланмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳазрат Мавлоновнинг туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига “Алишер Навоий” ҳудудидаги “Шўробод” ва “Ҳавлипоён” қишлоқлари орасидаги автомобиль йўлининг таъмирталаб аҳволда эканлиги ҳақида киритган депутатлик сўрови ҳам ижобий натижа бермоқда. Март ойида мазкур йўлни таъмирлаш ишларига киришилди.
Шу билан бирга, Илҳом Жўраевнинг туман ҳокими биринчи ўринбосарига юборган депутатлик сўровига кўра “Хўжа Ориф” МФЙ ҳудудидаги 2 километрлик ички йўл таъмирланиб, транспорт воситалари ва аҳоли учун қулайлик яратилди.
“Хўжа Ориф” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли билан олиб борган мулоқотимиз чоғида фуқаролар ҳудуддаги “Чандирча” қабристонини ободонлаштириш зарурлигини баён этишган эди. Ҳозирда қабристон ҳудудида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаяпти.
Албатта, аҳоли ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказиш, мавжуд муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилиши билан бирга мансабдор шахсларнинг ҳам масъулиятини оширмоқда.
Карим БОБОМУРОДОВ,
халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир хонадон оила мустаҳкамлигини таъминлашида, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлик корпуслари ҳудудларда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу борада мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг д...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Ўзбeкистон Рeспубликаси Фанлар акадeмияси ҳамкорлигида давра суҳбати бўлиб ўтди....