Репродуктив саломатликни сақлаш мақсадида муҳим янгиликлар жорий этилади

/
Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 7 март куни имзоланган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун шу кунларда кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди.
Хўш, янги қонуннинг афзаллиги нимада, ушбу ҳужжат фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишда нечоғлик аҳамиятга эга, ундан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар қандай? Ушбу саволлар билан мазкур қонун ижодкорларидан бири, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаевага мурожаат қилдик.

— Аввало, қонуннинг номидан келиб чиқиб, репродуктив саломатлик ҳақида тушунча бериб ўтсангиз.
— Репродуктив саломатлик — бу инсон ҳаётининг барча босқичларида репродуктив тизимга тааллуқли бўлган жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан осойишталик ҳолатидир. Репродуктив саломатлик умумий соғлиқнинг муҳим қисми бўлиб, ҳаётнинг шахсий жиҳатларига тегишли масала ҳисобланади. Репродуктив саломатлик инсоннинг қониқарли ва хавфсиз жинсий ҳаёт олиб бориши мумкинлиги, фарзандларни дунёга келтириш билан боғлиқ ҳолатларда ва нечта фарзанд кўриш борасидаги эркин танловини англатади. Бунда эркак ва аёлларнинг ахборот олиш ҳуқуқлари ва оилани ўз хоҳишлари бўйича режалаштиришда хавфсиз, самарали, қулай ва мақбул усуллардан фойдаланиши, шунингдек, аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш даврини хавфсиз ўтказишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги тегишли хизматларга бўлган ҳуқуқлари назарда тутилади.
Айни ушбу тушунчага юқорида зикр этилган қонунда ҳам таъриф берилган.
Репродуктив саломатлик ҳақида қайғуриш мазкур соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш йўли билан репродуктив саломатликка ва осойишталикка эришишда ёрдам берувчи усуллар, восита, технология ва хизматлар йиғиндиси сифатида тавсифланади.
Мазкур йўналиш билан комплекс равишда фуқароларнинг соғлиғини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол ёш авлодни шакллантириш учун барча зарур шароитларни таъминлашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинаётгани ҳам бежиз эмас. Мамлакатимизда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган репродуктив саломатлик, оналар ва болалар саломатлиги миллий модели амалиётга фаол татбиқ қилинганлиги эътиборга моликдир.
— Айтинг-чи, янги қонунни қабул қилиш зарурати ва долзарблиги нималарда намоён бўлди?
— Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликлар орасида бепуштликнинг тарқалиши ўртача 13-15 фоизни ташкил этади. Бепуштлик эр-хотинларнинг ижтимоий-руҳий жиҳатдан безовталигига, оиладаги зиддиятли ҳолатларга, ажримлар сонининг ўсишига олиб келади. Бепуштликдан азият чекаётган шахслар руҳий кечинмаларга берилувчан бўлиб, уларнинг умумий фаоллиги ва меҳнат лаёқати сустлашади.
Мамлакатимизда ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, охирги йилларда ажралишларнинг 4,7 фоизи жуфтликлар бепуштлигига тўғри келмоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, бирламчи бепуштликка чалинган аёллар барча турмуш қурганларнинг умумий сонига нисбатан 4,9 фоиздан 5,3 фоизгачани ташкил этади. Бу рақамлар Ўзбекистонда оилаларни сақлаш мақсадида ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этишнинг муҳимлиги ва зарурлигини яққол кўрсатмоқда.
Кейинги йилларда олиб борилган репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ва бепуштликни даволаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий базаси таҳлили уларда аҳоли репродуктив саломатлигини самарали муҳофаза қилиш ва бепуштликни сифатли даволашга тўсқинлик қиладиган тизимли камчилик ва нуқсонлар сақланиб қолаётганини кўрсатди.
Масалан, қонун ҳужжатларида ёрдамчи репродуктив технологияларни татбиқ этишнинг ҳуқуқий асоси ва механизми мустаҳкамланмаган. Технологиялардан фойдаланишга рухсат бериладиган тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ходимларини аккредитация қилиш тизими мавжуд эмас. Репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ва бепуштликни даволашга тегишли малакали мутахассислар ҳамда ўрта тиббиёт ходимларини ўқитиш ва тайёрлаш учун ҳуқуқий асослар талаб этилади. Ушбу соҳада мамлакатимиз амалиётига замонавий тиббий технологияларни жорий этиш мақсадида тиббиёт муассасаларида моддий-техника базасини шакллантириш, бир томондан, бўлғуси шифокорлар ва мутахассислар билан амалиётга йўналтирилган ўқишни, бошқа томондан, репродуктив саломатлик ва бепуштликни даволашга муҳтож бўлган фуқароларни сифатли даволашга имкон берадиган ўқув муассасалари ва клиникаларни замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш масалаларини қонунчилик йўли билан тартибга солишга эҳтиёж ортди.
Ушбу ҳолатларнинг барчаси репродуктив тусдаги муаммоларни бартараф этиш ва оилани мустаҳкамлаш қаратилган, шунингдек, даволашнинг замонавий юқори технологияли усулларини жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратадиган махсус қонунни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди.
— Шу ўринда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ва қабул қилиниши жараёнлари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда дунё миқёсидаги муаммога айланиб улгурган репродуктив саломатликни сақлаш, бепуштлик масалаларини бартараф қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган репродуктив саломатлик ҳамда оналар ва болалар саломатлиги миллий модели шакллантирилиб, амалга оширилди.
Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тасдиқланиб, унга асосан “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш назарда тутилган эди.
Ушбу дастур ижроси доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Эътиборлиси, ушбу қонун лойиҳаси ижодкорларининг барчаси аёл депутатларимиздир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорлик Меморандуми доирасида ҳозирги замон талаблари ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва аҳоли орасида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган эди.
Шу боис ўтган давр мобайнида “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган 40 дан ортиқ учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда мазкур қонуннинг бугунги кунда жуда зарурлиги қайд этилган 100 дан ортиқ таклиф-тавсиялар билдирилди ва қонун лойиҳаси такомилига етказилди.
Шу билан бирга, қуйи палата томонидан қонун лойиҳасини қабул қилишда норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, уни тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунга айлантиришга алоҳида аҳамият берилди.
— Янги қонуннинг асосий мақсади ва афзаллиги нимада?
— Аввало шуни айтиш керакки, аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилашнинг асосий ғояси эркак ва аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, бу ушбу муаммоларни ҳал этишга нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, мамлакатимиз аҳолисини ҳам жалб қилиш имконини беради. Янги қонуннинг мақсади ҳам аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, бепуштликнинг олдини олиш ва даволаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Қонунда соҳага оид асосий тушунча ва принциплар, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида давлат кафолатлари, ушбу соҳада тиббиёт ташкилотлари ва мутахассисларнинг фаолияти, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича профилактика чора-тадбирлари ва ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллаш тартиби белгиланган.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг асосий янгилиги шундаки, унда парламент аъзолари томонидан жамоатчилик фикри ҳамда ўз сайловчилари сўровларини ўрганган ҳолда, миллий тажрибада биринчи маротаба соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ёрдамчи репродуктив технологияларни босқичма-босқич жорий қилиш механизмлари белгилаб берилди. Бошқача айтганда, қонунда биринчи навбатда, бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган аёллар ва эркаклар бепуштлигига барҳам бериш кўзда тутилган.
Қонунда тиббий хизматлар ҳаммабоплиги ва сифати, шахсий ҳаётга аралашувлардан ҳимоя ва оилавий сирларни сақлаш, инсонпарварлик ва инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, эркаклар ва аёллар тенглиги репродуктив саломатлик ва оилани режалаштиришни муҳофаза қилишнинг асосий тамойиллари этиб белгиланди.
— Қонунда назарда тутилган асосий норма ва механизмлар нималардан иборат?
— Биринчидан, қонунда унинг мақсади ва асосий принциплари, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгиланган;
Иккинчидан, “фуқароларнинг репродуктив саломатлиги”, “фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари”, “ёрдамчи репродуктив технологиялар” каби асосий тушунчалар очиб берилган;
Учинчидан, фуқароларнинг репродуктив танлов эркинлигига доир ҳуқуқи, шунингдек, фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини рўёбга чиқарувчи ташкилотлар ва юридик шахсларнинг фаолиятини амалга оширишга доир ҳуқуқлари мустаҳкамланган;
Тўртинчидан, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, бепуштликни даволаш, унинг профилактикаси ва эрта олдини олиш бўйича тиббий хизмат кўрсатаётган давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари тизими мустаҳкамланган бўлиб, уларнинг ваколатлари, мажбуриятлари ва фаолият кўрсатиш шарт-шароитлари белгиланган, шунингдек, мазкур органлар ва ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатига қўйиладиган талаблар санаб ўтилган.
Бешинчидан, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, бепуштликнинг олдини олиш ва профилактика қилишга доир ишлар устидан давлат ва жамоатчилик назорати механизмлари белгиланган.
— Мазкур ҳужжатда назарда тутилган технологияларнинг аксарияти биз учун мутлоқ янги эканлигидан келиб чиқадиган бўлсак, бу борада ривожланган давлатларнинг тажрибаларини инобатга олиш муҳим омил саналади. Шу маънода, қонунда хорижий тажрибанинг қайси илғор жиҳатлари инобатга олинган?
— Ҳақиқатдан ҳам ривожланган мамлакатлар тажрибасининг таҳлили шуни кўрсатадики, хорижий мамлакатларда репродуктив саломатлик ва бепуштлик масалалари қонунчилик даражасида махсус қонун қабул қилиш йўли билан (масалан, Арманистонда, Молдовада) ҳамда қонунларга айрим нормалар ва қоидаларни киритиш орқали тартибга солинади. Хусусан, Арманистонда “Репродуктив саломатлик ва инсоннинг репродуктив ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун, Молдова Республикасида “Репродуктив саломатлик тўғрисида”ги қонун амал қилади. Қозоғистонда никоҳ (эр-хотинлик) ва оила тўғрисидаги кодексда суррогат оналикка доир тегишли модда мавжуд бўлиб, унда ёрдамчи репродуктив усул ва технологияларнинг қўлланиш механизми очиб берилган. Қозоғистонда инсоннинг репродуктив ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масалалари, Халқнинг соғлиғи ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисидаги кодекс билан тартибга солинади. Баъзи мамлакатларда “Тўқималар технологиялари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ёки соғлиқни сақлаш органларининг ички идоравий хужжатлари билан тартибга солинади.
Амалиётга келсак, барча мамлакатларда ёрдамчи репродуктив технология (ЁРТ) давлат тиббиёт муассасаларида ҳам, хусусий клиникаларда ҳам қўлланилади. Бунда ЁРТ бепуштликни даволашнинг энг қиммат усулларидан бири ҳисобланади. Репродуктив технологияларга бўлган умумий эҳтиёж икки таркибий қисм: тиббий ва ижтимоий ташкил этувчилар билан белгиланади. Аҳоли саломатлигининг ҳолати ва репродуктив функцияни коррекциялаш зарурияти тиббий ташкил этувчилардан бўлса, ижтимоий ташкил этувчилар эса — инсон репродукцияси воситаси сифатида ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллашдаги принципиал имкониятларда намоён бўлади.
Ёрдамчи репродукция муолажаларининг қулайлиги кўп ҳолларда нафақат уларнинг қонунийлиги, балки даволаниш учун тўлаш зарур бўлган пул миқдори ва туғиш ёшидаги ўртача жуфтликларнинг тўлов қобилияти билан белгиланади. Репродуктив қонунчилиги ривожланган кўпгина давлатлар ЭКО, яъни сунъий экстракорпорал уруғлантириш билан боғлиқ барча харажатларнинг 30-50 фоизини қоплайдиган махсус давлат дастурларини таклиф этади. Бельгия, Греция, Исроил, Словения, Франция ва Швецияда эса бу харажатлар тўлалигича давлат томонидан қопланади. Қоида тариқасида харажатларнинг тўлалигича қопланиши муайян мезонларга таянган ҳолда амалга оширилади.
Исроил давлати томонидан бундай технологиялардан фойдаланишни молиявий жиҳатдан қоплаш бўйича ўзига хос ёндашув таклиф қилинган. Бунда жуфтликларда икки фарзанд бўлгунига қадар бир қанча муолажалар бепул ўтказилиши белгиланган. Россия, Қозоғистон, Беларусь ва шунингдек, МДҲга аъзо бошқа давлатларда меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солинадиган ёрдамчи репродуктив технологиялар муолажаларини ўтказиш квоталари мавжуд. ЭКО муолажаларининг нархи турли мамлакатларда — ташхис, протокол муддатининг давомийлиги ва қўшимча манипуляцияларга боғлиқ ҳолда 1500 евродан 2500 еврогача миқдорда белгиланган. Муолажаларнинг самарадорлиги турли мамлакатларда 28 фоиздан 50 фоизгачани ташкил этади.
Қонунни ишлаб чиқишда хорижий тажрибанинг юқорида санаб ўтилган энг муҳим жиҳатлари халқимизнинг миллий менталитети ва диний эътиқодини инобатга олган ҳолда татбиқ этилди.
— Ушбу қонундан кутилаётган натижалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Дарҳақиқат, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун, энг аввало, фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлашга, бепуштликни даволашда уларнинг имкониятларини кучайтиришга, ота-она бўлишига, оилада бахт ва фаровонликка эришишига хизмат қилади. Бу орқали мамлакатимизнинг барқарор ривожланишида муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган оила мустаҳкамлиги таъминланади.
Шу билан бирга, фуқароларга юқори технологияларга асосланган сифатли ва юқори малакали тиббий хизмат олиш имкониятини беради.
Янги қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, тиббиёт муассасаларининг рақобатбардошлиги оширилишини таъминлайди ва бу, ўз навбатида, бир томондан, фуқароларга энг янги технологиялар асосида юқори малакали тиббий ёрдам олиш учун шароитлар яратишга йўл очади, бошқа томондан, Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантиришга хизмат килади.
Баҳромжон БУРХАНИТДИНОВ
суҳбатлашди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди....
01 янв 1970
Бу йил укам мамлакатимиздаги университетлардан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Контракт пулини ўз иш ҳақимдан тўламоқчи эдим. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Мен хусусий корхонага мутахассис бўлиб ишга кирмоқчиман. Корхона раҳбари иш вақти ва дам олиш вақтини ўзи мустақил белгилашини айтмоқда....