Янги марраларга ундайди

/
Ўтган ҳафтада вилоятимиз аҳли ҳаётида катта воқеа юз берди. Қиш фасли поёнига етиб, баҳор бошланаётган дамларда Наманганга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш асносида ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, пировард натижада халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш имконини берадиган истиқболли лойиҳаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш юзасидан қимматли йўл-йўриқ ва тавсияларни берди. Шу кунларда корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида юртдошларимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида режалар белгилаб, янада фидокорона меҳнат қилмоқдалар.
Президентимизнинг мулоқотларида улкан бунёдкорлик ишларининг самарасига юксак ишонч, эртанги кун порлоқ бўлишига умидворлик барқ уриб турибди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхонада ҳозир 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия, Украина, Болгария, Молдова каби давлатларга ҳам жўнатилмоқда. Ўтган йилги экспорт ҳажми 9,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Тез орада “Art Soft Tex Group” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтади.
Яна бир йирик лойиҳа — Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бўлиб, Фарғона водийси вилоятларида электр энергияси таъминотидаги барқарорликни таъминлайди. Объектда ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг 83 фоизи бажарилди. Шу кунларда бу ерда 2400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчилар бунёдкорлик ишлари билан банд. Қурувчилар йил охиригача ИЭСнинг ҳар икки энергоблогини фойдаланишга топширишни мақсад қилишган.
Бугунги кунда ривожланган мамлакатларнинг аксариятида туризм иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланган. Кейинги йилларда бу масалага Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки бу соҳа биринчидан, катта даромад келтиради. Иккинчидан, халқимизда тарихий ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш орқали қадриятларимизга меҳр-муҳаббатни оширади. Наманганда ҳам мамлакатнинг бошқа минтақалари қатори сайёҳлик индустриясини ривожлантириш учун жуда яхши имкониятлар бор. Кўпчиликнинг эътиборини жалб эта оладиган осори-атиқалар орасида Косонсой тумани маркази яқинидаги Муғ қалъаси харобалари, Наманган шаҳридаги Хўжа Амин мақбараси, Мулла Қирғиз мадрасаси, Отавалихон тўра масжиди ва бошқа ёдгорликлар бор. Улар аждодларимизнинг меъморчилик борасидаги иқтидор ва маҳоратларига қўйилган ҳайкалдай ҳозирги ва келгуси авлодлар маънавий дунёсини бойитиб туради.
Тўрақўрғон туманида, азим Сирдарё соҳилида жойлашган қадимий Ахсикент харобалари вилоятдаги тарихий ва маданий ёдгорликлар орасида алоҳида ўрин тутади. У милоддан олдинги даврларда ҳам аждодларимиз шаҳарсозлик борасида катта тажрибага эга бўлганлигидан далолат беради. Айни вақтда мазкур археологик объект жаҳон илмий жамоатчилигининг ҳам эътиборини жалб этмоқда. Яқинда ташкил этилган “Ахсикент” тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва ўрганиш дирекцияси бу ердаги барча ишларни мувофиқлаштириб бормоқда.
Президентимиз ташаббуси билан очиқ осмон остидаги тарихий мажмуа барпо этишга киришилган. Қадимий шаҳар сирларини чуқур ўрганиш мақсадида унинг харобаларида қазишма ишлари ҳажми кенгайтирилмоқда. Яқин келажакда Ахсикент йирик сайёҳлик марказига айлантирилади. Ҳар икки йилда тарихий фестиваль ўтказиш эса яхши анъанага айланади. Давлатимиз раҳбари қадимий шаҳар харобалари билан танишгандан сўнг мактаб ўқувчилари юртимиз тарихини шу ерда ўргансалар мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Наманган давлат университетида археология йўналишида кадрлар тайёрлаш таклифи ҳам берилди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳам барчанинг диққат марказида бўлди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида фаолларимиз, партиямиздан сайланган депутатлар ҳам иштирок этдилар.
Давлатимиз раҳбари вилоятда ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталди, барча соҳада эришилган натижалар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, бултур умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 577 ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилгани, инвестициялар ҳажми 1,7 баробар ошгани қайд этилди. Айни пайтда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар борлиги, айрим соҳаларда мавжуд имкониятлар ва резервлар тўла ишга солинмаётганлиги таъкидланди. Мисол учун, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши республика кўрсаткичидан икки марта паст бўлди, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камайгани танқид қилинди.
Албатта, вилоятимиз аҳли Президентимиз кўрсатмалари ва йўл-йўриқларини ўзи учун дастуриламал деб қабул қилди ва уларни оғишмай амалга оширишга жиддий киришди. Наманганликлар ўзларининг фидокорона меҳнатлари, изланиш ва интилишлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга аҳд қилишган. Бу борада барча қатори партиядашларимиз ҳам ўрнак кўрсатадилар.
Исроил ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Бирор нарсага ружу қўйишнинг, мутеликнинг оқибати нималигини биласизми? Мен биламан, кўрганман, ҳис қиламан. Ожизликни-чи, яқин инсонинг қий...
01 янв 1970
Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизга Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка бу борада аниқ ва холис ахборот етказиб бериш юзасидан кенг кўламли чо...