Етим қолган мактублар

/
Жанггоҳлардан келган мактубларни кўрганмисиз? Қўлингизда бир бор тутиб хаёлга ботганмисиз? Улардан даҳшатли урушнинг нафаси келади. Сарғайиб, йиртилиб, айрим сатрлари ўчиб кетган бу мактубларда кўнгилларнинг дардлари, мардларнинг оҳи бор. Бу мактубларни сочларини қор қоплаган онаизорлар, ҳассага суяниб қолган отахонлар бедор кутганини тасаввур қиласиз.
Қўлимда тўпланиб қолган, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан келган мактубларни варақлайман. Сарғайган учбурчак мактублар кўнгилларни ларзага солади.
Мана, биринчи хат. “Денов туманида яшаб турган онамга, отамга, ака-укаларимга, дўстларга салом... Ҳозир Брест зонасида хизмат қилиб турибмиз. Биздан аҳвол сўрасангиз жуда яхши. Кунига 12 соатлик машғулот жуда қаттиқ. Биз Германия чегарасидан 2 километр масофада турибмиз. Дўстим Рўзиев Қўзининг айтишича, яқинда уруш бошланармиш... Шу билан сўзим тамом. Қурбонов Иргаш. 5 июнь 1941 йил”.
Қаранг, орадан ўн етти кун кун ўтиб, 22 июнь тонг отарида душман армияси тўсатдан ҳужум қилди. Жангчилар ғанимга қарши қаҳрамонона қаршилик кўрсатдилар. Жумладан, Брест ҳимоячиларининг жасорати тилларда достон бўлди. Қаҳрамонлар сафида эса Иргаш Қурбонов ва Қўзибой Рўзиев ҳам бор эди.
Иккинчи мактуб. “Сизлардан хат олмадим. Шунинг учун бироз хафаман... Художоним ўзи нима деган бўлса шуни кўриб келмоқдаман. Худо хоҳласа coғ бориб қоларман, деб хат ёзувчи Рўзиев Қўзи. 29 сентябрь 1941 йил”.
Учинчи мактубни ярадор жангчига рус аскари ёзиб берган: “Здравствуйте, дорогие родители, папа, мама и брат и сестра. Шлю я вам свой пламенной привет и желаю всего хорошего. Во-первых сообщаю, что нахожус я в госпитале, ранен в руку. Пока писать не могу. Меня направляют в другой госпиталь и потом сообщу. До свидания. С приветом к вам Рузиев Кузи. 25 июня 1942 г”
Тўртинчи мактуб: “Худо хоҳласа яқинда бориб қоламан. Отажон, умидларингизни узманг. Яқинда бориб қоларман. Уруш тўхтаса деб, хат ёзувчи ўғлингиз Рўзиев Қўзи. 1942 йил март.”.
Етим қолган бундай мактублар ортида инсон тақдири ётганлигини ҳис этганмисиз? Боламдан хабар, дея мактубни қўлига олиб, тунлари бедор йиғлаб, фарзандининг доғида ўлиб кетган онаизорлар камми? Юздан ошган онаизорни кўрганман, ҳануз кўзлари йўлда, фарзандидан келган мактубларни ёстиғининг тагида сақлайди. Нега бундай қиласиз десам, “Болам ёнимда ётгандек бўлади”, дейди. Оҳ дейман. Уруш, номинг ўчсин дунёдан. Қўлимда бўлса эди, сени луғатлардан, кўнгиллардан ўчириб ташлардим.
Бешинчи мактуб. “Меҳрибон отажонимга, укаларимга салом, қолган ҳамма қишлоқдаги одамларга салом. Онажон, мен сoғ-саломат юрмоқдаман. Фашистларни тор-мор қилиб боряпмиз... Эсон бўлсам, Худо хоҳласа яна ўлмасам хат ёзаман, яқинда бориб ҳам қоламан деб Рўзиев Қўзи. 16 август 1943 йил”.
Бу сўнгги мактуб эди. “Яна ўлмасам... яқинда бориб қоламан”, деган йигит ўлмай қолдими? Иккинчи жаҳон урушида Денов туманидан иштирок этиб, ҳалок бўлганларга ўрнатилган ёдгорлик рўйхатида 2945-сонли рақам билан “Рўзиев Қўзи” қайд этилганини кўриб, дилим эзилиб кетди. Такрор ўқидим. Ёлғон дегим келди. Афсуски...
Юрагим санчди. Ёдгорликдан узоқлашдим. Қўлида бир қучоқ гул тутиб келаётган онахонга кўзим тушди...
Насриддин ИСМОИЛОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳрида доимий прописка, айниқса, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келиб, бирор ташкилот, муассаса ва корхоналарда меҳнат фаолиятини юр...
01 янв 1970
Банк кредити ёрдамида барча зарур техникаларни сотиб олганмиз, артезиан қудуқ қазиб сув чиқарганмиз...
01 янв 1970
Кун жуда иссиқ. Ёз ҳеч кимни аямай ўз ҳукмини ўтказмоқда. Лекин жазирамада ҳам жонсарак юрган қоракўзларни кўриб, дарров танийсан: улар “Ёш к...
01 янв 1970
Термиздаги Археология музейининг кириш залида танга шаклидаги катта экспонат қўйилган. Бу экспонатда қайиқ ва лангар тасвири акс эттирилган. ...