Ҳал қилинаётган муаммолар ёхуд таъмирталаб йўллар ва бинолар назоратда

/
Мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари шу кунларда республикамизнинг бир қатор туманларида бўлиб, маҳаллаларда, корхона ва таълим муассасаларида фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, уларни ўйлантираётган масалалар ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга халақит бераётган мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этишга эътибор қаратишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларининг назорат-таҳлил тартибидаги ушбу ўрганишларида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам ишчи гуруҳлари таркибида фаол иштирок этмоқда.

НАМАНГАН. Чортоқ туманида мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи бир қатор маҳаллалар аҳли, корхона ва ташкилотлар, муассасалар ходимлари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ҳам мазкур учрашувларда қатнашмоқда. Аҳоли билан ўтказилган самимий ва жонли мулоқотларда бир қатор муаммолар кўтарилганлиги, айни пайтда уларга ечим топиш юзасидан амалий ишлар қилинаётгани эътиборга молик.
“Соҳибкор” маҳалласида 503 та хонадон бўлиб, 3100 дан ортиқ аҳоли яшайди. Албатта, кўпчилик қишлоқда яратилган шароитлардан мамнун ҳолда турмуш кечирмоқда. Шу билан бирга, анчадан бери ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас.
— “Соҳибкор”нинг бундан бир неча йил илгари якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб берилган ҳудудида бўлганимизда айни пайтда бу ерда айрим муаммолар борлигини аниқладик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Яқубов. — Ҳозирги кунда бу ерда 130 дан ортиқ хонадон жойлашган бир нечта кўча бор. Уйларнинг бир қисми битган, уларга одамлар кўчиб киришган. Ҳали қурилиши тугалланмаганлари ҳам бор. Аксарият аҳоли машиналарда келтириладиган сувдан сотиб олади ва уни ўз ҳовлисида кавланган усти ёпиқ ҳовузларда сақлаган ҳолда фойдаланади. Доимий электр узатиш тармоқлари тикланмаган. Қўлбола симёғочлардан фойдаланилади, шу боис бунда техника хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Албатта, биз аниқланган ҳолатлар бўйича мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари тайёрлаймиз ва парламент назорати имкониятларидан фойдаланамиз.
Аҳоли билан суҳбатлашганда ҳам бир қатор муаммолар аён бўлди. Масалан, фуқаро Акрамжон Абдуллаев тўрт ёшли ногирон фарзанди борлигини айтиб, уни даволашда ёрдам сўради. Беморни пойтахтда юқори малакали шифокорлар кўригидан ўтказиш керак, деган хулосага келинди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига бу ҳақда топшириқ берилди.
Шу маҳаллада яшовчи М.Қаҳҳорованинг умр йўлдоши вафот этгач, уч нафар кичик ёшдаги фарзанди билан қолган. Яшаб турган хонадони тўла битмаган. Болаларнинг ҳаммаси боғча ёшида эканлиги боис ишлаш имконига ҳам эга эмас. Ишчи гуруҳ аъзолари маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шарофат Юсупованинг тез орада ҳашар уюштириб, уйнинг чала қисмини битириш ва ҳовли деворини қуриш юзасидан берган ваъдасини инобатга олишди. Фарзандларини боғчага жойлаштириш эса туман мактабгача таълим бўлими маъмурияти зиммасига юкланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабиба Мирабдуллаева эса яқинда иш бошлаган тикувчилик цехига М.Қаҳҳоровани ишга жойлаштирадиган бўлди.
Парламент аъзоларининг туманга келганини эшитган “Чортоқ” ихтисослаштирилган болалар санаторияси бош шифокори Дилором Эсонбоева ҳам уларга мурожаат этишни лозим топди. Бу ерда таянч-ҳаракат, суяк-бўғин, асаб тизими, ревматизм каби қатор хасталикларни даволашда қўл келадиган минерал сув манбаси бор. Физиотерапия жиҳозлари ҳам замонавий, шифокорлар малакаси юқори. Айни пайтда муассасада икки юз нафардан ортиқ болани даволаш имконияти бор. Аҳолининг эҳтиёжи эса бундан кўпроқ экани аён бўлмоқда.
— Санаториямизга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан, шунингдек, қўшни давлатлардан ҳам фуқаролар фарзандларини даволатишни сўраб мурожаат қилишмоқда, — деди Д.Эсонбоева. — Аммо бунинг учун муассасамиз имкониятларини кенгайтириш керак. Ҳозирда фойдаланилмай турган иккита катта бино бор. Улар таъмирланса, шунингдек, қўшимча бинолар қурилса, айни муддао бўлар эди.
Ишчи гуруҳ аъзолари бу масалани ҳам пухта ўрганиб, чора-тадбир белгиланишига эришишларини маълум қилишди.
ЖИЗЗАХ. Дўстлик туманида республикамиз парламенти аъзоларининг назорат-таҳлил тартибидаги ўрганишлари ҳудудда муаммо ва камчиликлар анча тўпланиб қолганини кўрсатмоқда.
Аниқланишича, аҳолининг асосий хўжалик фаолияти деҳқончилик бўлган мазкур туманда кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий, маший хизмат кўрсатиш фаолиятининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги аҳолига қийинчилик туғдирмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ болаларининг таълим-тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳолини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиш, уларни энг зарур саккиз турдаги маҳсулотлар ва дори-дармонлар билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларга аравачалар, эшитиш мосламалари етказиб бериш, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, аёллар учун пазандалик, тикувчилик, қандолатчилик ўқув курслари ташкил этиш, уй-жойларни, қишлоқ йўлларини таъмирлаш, ободонлаштириш, оилавий тадбиркорлик учун банк кредити ажратиш каби масалалар бўйича мутасадди ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов ишчи гуруҳ таркибида тумандаги “Қаҳрамон” ҚФЙ, “Чинобод” ва “Мевазор” МФЙларда фуқаролар билан мулоқот қилди. Жумладан “Қаҳрамон” ҚФЙдаги 11-умумтаълим мактаби биноси 250 ўринга мўлжалланган. Мазкур мактабда 400 га яқин ўқувчи таҳсил олмоқда, битта партада уч-тўрттадан ўқувчи ўтиришига тўғри келаётганлиги афсусланарли ҳол, албатта. Қолаверса, мактаб биносида иссиқлик таъминоти ҳам қониқарли даражада эмас. Шуларни назарда тутиб, таълим даргоҳини иситиш мақсадида кўмир билан таъминлаш, мактаб учун қўшимча бино қурилиши бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари аниқ чора-тадбирлар кўриши таъкидланди.
“Қаҳрамон” ҚФЙда ички йўллар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Ачинарлиси, бу ҳудудда қишлоқ врачлик пункти йўқлиги боис фуқаролар зарурат туғилганда туман марказидаги тиббиёт муассасаларига қатнашга мажбур бўлишмоқда.
“Чинобод” МФЙ, “Мевазор” ҚФЙларда жойлашган 2, 13, 20-умумтаълим мактаблари ҳамда “Лола” номли 4-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмаслиги маълум бўлди. Таълим масканларида синф хоналарини иситиш борасида қиш мавсумига ўз вақтида яхши тайёргарлик кўрилмаганлиги аён бўлди. 4-сонли МТМда хоналар кўмир билан иситилиб, боғча айвонидаги санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган қўлбола ўчоқда ўтин ёқиб, овқат тайёрланар экан.
— Инсоннинг яхши ҳаёт кечириши, аввало, яшаш жойида муносиб шароитлар бўлишига боғлиқ, – дейди депутат Т.Абдусатторов. — Шу маънода туманнинг айрим чекка қишлоқлари бугунги тараққиёт мезонларидан анча ортда қолаётгани бу ҳудудда аниқ амалий ишларни тезроқ амалга оширишни талаб этади. Ўрганишлар асосидаги таҳлил ва хулосалар пировардида аниқ самара бериб, мазкур қишлоқларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилиши учун шарт-шароитлар яратилиши лозим.
СУРХОНДАРЁ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда партия фракцияси аъзолари Даврон Тангиров, Ёрмамат Холиёров Узун туманидаги маҳаллаларда, хонадонларда аҳоли билан суҳбатлашиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Узунқишлоқ” МФЙ ва бошқа бир қатор маҳаллаларда фуқаролар билан суҳбатлашди, аниқланган муаммоларнинг аксариятини ўз жойида ҳал этишга эришилди.
Маълумки, ўтган йилнинг июнь ойи бошида фракция раҳбари Н.Умаровнинг ташаббуси билан ушбу маҳалладаги мавжуд сув иншоотларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилишга доир лойиҳа асосида “Узунқишлоқ”да 2 та сув қудуғи таъмирланиб, 2 та сув насоси ўрнатилган, ичимлик суви таъминоти яхшиланган эди. Фракция раҳбари бошчилигидаги депутатлар мазкур сув иншоотининг айни пайтда қандай ишлаётганига ҳам қизиқишди. Мазкур сув иншоотидан нафақат “Узунқишлоқ” аҳли, балки “ўунча” қишлоғида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам фойдаланишмоқда. Депутат Н.Умаров билан бўлган мулоқот чоғида икки қишлоқ аҳолиси сув таъминотининг яхшиланганидан мамнунлигини айтиб, айни пайтда сув минорасида электр ҳисоблагич билан боғлиқ муаммо борлигини баён этишди. Н.Умаров туман электр тармоқлари корхонаси мутасаддилари билан ушбу масалада фикрлашиб, муаммо ҳал этиладиган бўлди.
— “Адолат” партияси кўмаги билан икки қишлоқ аҳли тоза сувдан баҳраманд бўлмоқда, — деди меҳнат фахрийси Иномжон ота Умрзоқов. — Авваллари ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг совуқ кунларида узоқ йўл юриб, сув ташиб келтирилар эди. Биз, кексалар маҳалламиз учун хайрли ва савобли ишлар қилаётган фидойи инсонларга раҳмат айтамиз.
Партия фракцияси раҳбари Н.Умаров туман ҳокимлигида ўтказган қабул жараёнида тумандаги “Қорашиқ” маҳалласидан келган фуқаро Тоҳир Ҳакимов чорва молларини боқиш учун яйлов ажратиб бериш масаласида кўмак сўради. Ушбу масалани тез орада ҳал этишни туман ҳокимлиги мутасаддилари ўз зиммасига олишди.
Ишчи гуруҳи томонидан туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги шарт-шароитлар, дори-дармон билан таъминланиш ҳолати ўрганилиб, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашилди. Муассаса атрофини ободонлаштириш, умумий тозалиги бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Умумий терапия болалар бўлимида кўрсатилаётган тиббий хизмат ва дори-дармон таъминоти билан танишиш чоғида муассасада етарли бўлмаган дори-дармонларни ўз вақтида таъминлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Н.Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳининг тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида ўтказган ўрганишларда дори-дармонлар етишмовчилиги кўзга ташланди. Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари билан ушбу муаммони ҳал этиш чоралари белгиланди
Ишчи гуруҳи “Янги куч” МФЙда қурилиб ногиронлиги бўлган фуқароларга топширилган намунали арзон уйлардаги шароитларни кўздан кечиришди. Суҳбат чоғида фуқаролар баъзи хонадонларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш зарурлиги, баъзи хоналарнинг таъмирталаб бўлиб қолаётганидан шикоят қилишди. Ушбу мурожаатларни туман ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда туман қурилиш ташкилоти кечиктирмасдан ҳал этиш чораларини кўриши, бу борада назорат ўрнатилиши қайд этилди.
ХОРАЗМ. Хонқа туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда маҳаллаларда, кўплаб хонадонларда аҳолининг яшаш шароитлари билан танишиб, умумтаълим мактаблари, бир қатор ташкилотларда меҳнат қилаётган педагог, ишчи-хизматчилар билан учрашдилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев ҳам “Олажа”, “Новхос” қишлоқлари, Хонқа шаҳарчасида очиқ мулоқотлар ўтказди, фуқаролар баён этган бир қатор муаммолар мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ўз жойида ҳал этилди.
Жумладан, “Олажа” қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар “Янги турмуш” ва “Калтаёп” маҳалласида электр энергияси таъминотида камчиликлар борлигини айтишди. Қишлоқда аҳоли кўпайиб, 163 та хонадон яшаётганлиги боис 1970 йилда 50 та хонадонга мослаб қурилган трансформаторнинг кучи етмаслиги, электр энергиясида узилишлар бўлиши тайин. Ушбу масала юзасидан М.Қурбонбоев туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари С.Худойберганов билан боғланди, муаммо ўрганилиб, жорий йилда амалий ечим топадиган бўлди. Туман марказида жойлашган деҳқон бозори ҳудудидан ўтувчи, 39-умумтаълим мактаби, “Дўмбоқча” мактабгача таълим муассасаси, Хонқа педагогика ва спорт касб-ҳунар коллежи ва бир қатор маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган “Андалиб” марказий кўчаси таъмирталаб бўлиб қолганлиги депутат М.Қурбонбоевнинг диққатини тортди. Хоразм вилоят “Автойўл” унитар корхонаси раҳбариятига бу ҳақда маълум қилди. Шу куниёқ йўлнинг 500 метр қисми таъмирланди, айни пайтда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
— Мактабимиз “Андалиб” кўчасида жойлашган, йўлнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги боис ёғингарчилик пайтлари ўқувчиларнинг мактабга қатнашида ноқулайликлар пайдо бўлаётганидан ташвишда эдик, — дейди муаллим Дилором Дурдиева. — Айниқса, шамолли кунларда чанг кўтарилиши йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида бизни ўйлантирарди. Энди бу ташвишлардан халос бўлдик. Депутат ва йўлсозлардан миннатдормиз.
М.Қурбонбоев 50-умумтаълим мактабида бўлганида мактаб директори Эргаш Абдуллаев мактаб биноси таъмирталаб ҳолатда эканини баён қилди. Иссиқлик тизимининг ишламаслиги боис мактаб ошхонаси фаолияти тўхтатилганлиги, бу масканда “фаоллар зали” йўқлиги каби муаммолар қайд этилди. Депутат муаммоларни ўрганди ва туман молия бўлими билан масалани ҳал этиш юзасидан келишилди. Шунга мувофиқ жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида муаммолар бартараф этилиши режалаштирилди.
29-умумтаълим мактабида бўлган мулоқот ҳам ўз самарасини берди. Мактаб директори Дилдора Полвонованинг баён этишича, мактаб 1989 йилда қурилган бўлиб, 2007 йилда жорий таъмирдан чиқарилган. Ҳозирги вақтда мактаб биноси капитал таъмирлашга муҳтож ҳолатда. Уч йил олдин спорт зал қурилган, том қисмидаги бетонларда ёриқлар пайдо бўлгани боис ундан фойдаланмаслик тавсия этилган. Мактаб хоналаридаги эски чўғланма ёритгичларни энергия тежамкор ёритгичларга алмаштириш зарур. Депутат бу муаммоларни бартараф этишда туман молия бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан иш олиб боришини маълум қилди. Таълим масканида ёритгичларни алмаштириш ишлари бошлаб юборилди.
СИРДАРЁ. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги мавжуд аҳволни ўрганиш мақсадида мамлакатимиз парламенти аъзолари ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳи Янгиер шаҳрида очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, муассасаларда, аҳоли истиқомат қилаётган жойларда бўлиб, фуқаролар билан учрашмоқда. Бевосита мулоқотлар жараёнида жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси таҳлил этилиб, вужудга келган муаммоларни имкон қадар ўз жойида ва қисқа муддатда бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Орифжон Қудратов ва бошқа сенаторлар, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва шаҳар кенгаши фаоллари, вилоят “Асака” банк филиали вакиллари ҳамроҳлигида Янгиер шаҳар прокуратурасида шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ишчи гуруҳи аъзолари билан учрашишди. Дастлаб 2-секторга бириктирилган ҳудудга қарашли “Обод юрт” МФЙда ўрганишлар олиб борилди. 5600 нафар аҳоли истиқомат қилаётган мазкур МФЙ ҳудудида 2 та умумтаълим мактаби, 3 боғча, 1 та поликлиника, 1 та ижтимоий фанларга йўналтирилган мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда. Маҳалла аҳли билан мулоқотлар ва аҳолининг яшаш шароити билан танишиш чоғида улар шароитлар анча яхши эканини, аммо аҳолини қийнаётган айрим муаммолар ҳам борлигини айтишди. Хусусан, фуқаро Моҳидил Ибрагимова маиший чиқиндилар тўпланиб қолаётганилиги, тез-тез шамол бўлиши оқибатида атрофдан ҳар хил чиқиндилар учиб келишини баён этди. Бу масала юзасидан Янгиер шаҳар ободонлаштириш бўлимига шу жойнинг ўзида топшириқлар берилди ва ҳудуддан тез-тез хабар олинадиган, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш чоралари кўриладиган бўлди.
Фуқаро Суннатилло Бобоев канализация тизими ва ичимлик суви таъминотида муаммолар борлигини баён қилди. Ишчи гуруҳ аъзолари шаҳар “Сув-оқава” корхонаси вакиллари диққатини ушбу масалаларга қаратишди ва аниқ вазифалар белгиланди.
Сенаторлар шаҳардаги 5-мактабгача таълим муассасасида болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Муассаса билан танишиш жараёнида миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларини ўрганиш мақсадида шаҳардаги МТМлар ходимлари учун ўтказилаётган семинарга гувоҳ бўлишди. Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу семинар иштирокчиларини қандай муаммолар ўйлантираётгани билан қизиқдилар.
6-сонли МТМ тарбиячиси Нафиса Холназарова ўзи ишлаётган боғча атрофини девор билан ўраш зарурлигини айтиб, амалий ёрдам сўради. Шаҳар мактабгача таълим муассасаси бошқармаси бошлиғи Дилшод Ибрагимов билан муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳам фуқаролар кўтариб чиққан муаммоларнинг аксарият қисмини жойида ҳал этишга муваффақ бўлгандик, — дейди сенатор О.Қудратов. — Вилоят ва мамлакат миқёсидаги масалалар эса тегишлича мутасаддиларга ҳавола этилди ҳамда уларнинг ҳал этилиши устидан парламент назорати ўрнатилди. Янгиер шаҳридаги ўрганишларда ўтган йилги тўпланган тажрибалардан ҳам фойдаланиб иш юритмоқдамиз. Шу билан бирга, ҳудудларда ташкил этилган секторлар фаолиятини ўрганиш, долзарб вазифаларни ҳал этишда амалий ёрдам бериш ҳам диққат марказимизда бўлмоқда.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Янгийўл туманида ўрганишлар олиб бормоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари даставвал туман ҳокимлигида мутасадди ташкилотлар, туман фаоллари иштирокида кенгашиб, ҳудудда олиб бориладиган 10 кунлик ўрганишнинг мақсад-вазифаларини аниқлаштириб олишди ва депутатлар секторларга тақсимланди.
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Людмила Кошелапова партиянинг вилоят кенгаши ходимлари билан биргаликда туман ҳокимлигига қарашли 1-сектор фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг депутат секторга бириктирилган ҳудуддаги “Саид ота” маҳалласи аҳолиси билан мулоқот қилди. Ҳар бир хонадондаги суҳбатлар чоғида фуқаролар асосан газ таъминоти, электр энергиясидаги узилишлар, ичимлик сувининг танқислиги, ички йўлларнинг носозлиги бўйича муаммоларни этишди.
— Депутатларнинг хонадонимизга келиб, ҳолимиздан хабар олганлиги бизни қувонтирди, — дейди “Саид ота” маҳалласида яшовчи Абдулла Рамазонов. — Маҳалламиз 10 йилдирки, газ таъминотидан узилган. Шу боис ёшу қари қишнинг аёзли кунларида азият чекади. Маҳалламиз раиси бошчилигида тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Афсуски, натижа йўқ. Албатта, сизларнинг кўмагингиз билан бу муаммо ўз ечимини топса, биз, кексалар дуода бўлар эдик.
Шунингдек, мазкур маҳалладаги учрашув чоғида ёшлар томонидан ҳудудда спорт комплекси йўқлиги, 12-умумтаълим мактабида спорт тўгараклари йўлга қўйилмаганлигини айтишди. Айниқса, аҳоли учун оилавий поликлиника мавжуд эмаслиги ачинарли ҳолдир.
Л.Кошелапова фуқаролардан тушган мурожаатлар масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилишида амалий кўмак беришини таъкидлади.
«Adolat» мухбири
Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Одамларга наф келтириш — олий бахт, дейдилар. Бинобарин, ҳар бир киши кундалик ҳаётида ён-атрофдаги инсонлардан қўлидан келадиган ёрдамини ая...
01 янв 1970
Яқинда ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шалдироқ”, “Ибн Сино” МФЙлар аҳолиси билан жонли мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Юртимизда сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. ...