Ўйлаб ва ўйнаб ёзаётган устоз

/
Журналистика касби бу соҳага кирган кишидан доимий ҳаракатда бўлишни, изланишни, ҳаётни, турли жараёнларни, воқеа-ҳодисаларни зукколик билан кузатишни, фикрлаш ва қиёслашни, бугуннинг гапини тушдан кейинга ҳам қолдирмасликни талаб қилади. Бу фазилатларсиз қалам тебратиб бўлмайди.
Табаррук саксон ёшини шукроналик билан саноқсиз шогирдлари, касбдош дўстлари даврасида нишонлаётган устоз Сайди Умиров журналистика касбини ҳаётининг мазмунига айлантирган, уни ҳар тарафлама, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан чуқур ўрганган, тиғдор қаламини қутлуғ ёшида ҳам қўлидан қўймай келаётган ғайратли, серзавқ, ҳаракатчан олимларимиздан бири. Кўпкари ўйинига қиёс қиладиган бўлсак, домланинг ҳали-бери отдан тушадиган, улоқни бировга олдирадиган, совринни бегона қиладиган ниятлари йўқ. Аксинча, ёшларга хос ғайрат-шижоат билан илмда ҳам, амалиётда ҳам кўпларга ўрнак бўлиб, намуна кўрсатиб, “ўйновчи тренер”лик мақомини баланд тутиб келмоқда. Шу билан бирга, журналистикада ижод қаламини муттасил қайраб туриш, маҳоратни ошириб бориш, қўлни увиштириб қўймаслик, турфа жараёнларнинг марказида бўлиш, бевосита кўрган, гувоҳ бўлган, таъсирланган, ҳис этган, илҳомланган ёки таассуф қилган нарсалар, қувончу изтироблар, янгиликлар, ноёб истеъдодлар тўғрисида ёзиш лозимлигини шогирдларга уқдиришда давом этмоқдалар.
Домла бир вақтлар “Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида детал” мавзусида диссертация ёқлаб, илм оламига шахд билан кириб келган. Бунга кўп йиллар бўлган, аммо ўшандан буён “детал” деганимиз домла Умиров ижодининг маъно-мазмунига айланиб қолди десак, муболаға бўлмайди. Устоз газета ёки журналга мақола ёзадими, одмироқ йиғинда сўз айтадими, жиддийроғида маъруза қиладими, ёш мухбирлардай юрт кезадими, шогирд йўқлайдими, набиралари тенгилар билан майдонда тўп сурадими, бирор китобга сўзбоши ёки тақриз битадими, ҳамкасблар даврасида аския пайровларига қўшилиб, самимий хандон отадими, ҳамма ҳолатларда ҳам гап айланиб бориб, деталга, яъни масаланинг, муаммонинг ўзагига бориб тақалади.
Сайди Умиров мақола, очерк ёки эссе ёзадими, Чингиз Айтматов, ўайбулла ас-Салом, Асил Рашидов, Эркин Воҳидов, Иброҳим ўафуров асарларини таҳлил қиладими, деталлар, ташбеҳлар ёрдамида улар ижодининг бир қарашда кўзга у қадар ташланмайдиган, аммо ўта муҳим жиҳатларини синчковлик билан таҳлил қилади, ўқувчини таҳлилга тортилаётган асар муаллифининг ички дунёсига олиб киради.
Шоир Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган мақоладан иқтибос: “Назмлари, назарингизда, қайнар булоқдай, мисралари тоғ бағридан ўйноқлаб оқиб келаётган шалолалардай. Баъзилар наздида Муҳаммад Юсуф учун шеър ёзиш сув ичгандай, писта чаққандай осон туюлиши мумкин. Ҳолбуки, унинг учун ҳар бир сўз, ибора, образ узоқ изланиш, ўйланиш, қайта-қайта ишлаш, тунларни уйқусиз ўтказиш натижасидир. Битта шеъри олти-етти шеърга татигулик, битта китоби бир неча китобнинг ўрнини босгулик. Ўйлаб ёзди, ўйнаб ёзди, кулиб, ҳиссиётга берилиб, йиғлаб ёзди, мухлислари кулиб, ҳаяжонланиб, йиғлаб ўқишди, ёд олишди”.
Бундай таъсирчан, ўқувчи хотирасига нақшланадиган қуйма ифодалар, мантиқан кучли ва жойига тушган қиёсларни Сайди Умировнинг бошқа кўплаб мақолаларидан ҳам келтириш мумкин. Мен ҳатто домланинг, юқорида айтиб ўтганимдек, набираси тенгилар билан тўп суришида, шу ишидан завқ олишида, коптокни қаерда қабул қилиб, бошқаларга қай ҳолатда узатишида ҳам ўзига хос маъно кўраман.
Домла Умиров ҳаётда, ижодда, худди футбол майдонида бўлганидек, воқеа-ҳодисаларнинг бевосита ичида, марказида бўлишга, “тўп”дан, курашдан узоқлашмасликка, аксинча, бу жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин, зарур ҳолларда (масалан “Гол қайғуси”да) аччиқроқ қилиб бўлса-да айтишга, билим, тажриба, маҳорат, кузатувчанлик деб аталмиш “тўп”ни ўзида узоқ сақламай, ортиқча “дриблинг”га берилмай, вақтида шогирдларига узатишга ҳам ҳаракат қилади. Шу маънода, у кишини ёшлик шижоатини сақлаб келаётган ўйновчи мураббийга ўхшатиш мумкин. Кўп сонли шогирдлар домлани шу жиҳатлари учун ҳам қадрлашади, майдонга бирга тушишдан чўчишмайди. Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган қутлов маросимида сўзга чиққанлар буни алоҳида таъкидлашди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Х инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида инновацион ғояларнинг тақдимот кўргазмаси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олимлар ва илғор фикрли кишилар дунёдаги гўзалликларни юзага чиқариш учун ғайрат қиладилар, яхши одатларни янгидан кашф этишга ўзларини бағишлайдил...
01 янв 1970
Газеталарда танқидий мақолаларнинг ёритилиши ва уларнинг ҳаётда қандай аҳамият касб этаётганлиги билан боғлиқ. ...
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Саддатаги” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Бола ҳуқуқлари в...