Уятсизда ғурур бўлмайди

/
Уйдан чиқаётиб, маҳалладош отахонга кўзим тушди. Ёнида кенжа ўғли. Ҳали ўттизга кирмаган-у, соқол қўйиб олган. Хуллас, отасида соқол йўғ-у, боласи чол қиёфасида. Мактабга бораётган ўғил-қизлар эсанкираб бир ўғилга, бир отага қарашади: биринчи бўлиб кимга салом беришсин, кимга йўл бўшатишсин? Отахонга салом берай деса, ёнидаги йигит соқолли. Унга эҳтиром кўрсатай деса, соқоли йўқ бўлса ҳам отахоннинг ёши улуғлиги кўриниб турибди.
Аслида кўпни кўрган отахонлар, невара-чевара кўрган кишилар соқол қўйиб, давраларнинг тўрида ўтирса, маҳалладаги ишларга бош-қош бўлиб юришса, ярашади. Азал-азалдан шундай. Оксоқол деган сўзнинг асл маъноси ҳам шундан. Лекин бугун халқ ибораси билан айтганда, “оғзидан она сути кетмаган” баъзи ёшларнинг соколларини селкиллатиб юришганига нима дейсиз?
Ишдан сўнг жамоат транспортида уйга қайтаётиб, икки йигитнинг суҳбати эьтиборимни тортди. Оғизларидан боди кириб, шоди чиқаётган, соқоллари бетартиб ўстирилган. Шимларидаги йиртиқларни кўриб, шу чала либосни мода деб билганлари учун ачинасан уларга. Бунинг устига иякларини намойишкорона кўтариб, соқолларини қашлаб қўйишлари одамнинг ғашига тегади...
Телевидение – ҳаёт кўзгуси, маданият ўчоғи, зиё тарқатувчи маскан. Ундаги чеҳралар томошабинларга, айниқса, ёшларга ўрнак бўлади. Аммо, афсуски, кейинги вақтларда эфирга узатилаётган айрим кўрсатувларда иштирок этаётганлар ва бошловчилар, турли қўшиқларга ишланаётган клипларда суратга тушаётганлар, ҳатто ёш хонандалар орасида ҳам тор шим кийиб, соқол қўйганлар тез-тез кўзга ташланаяпти. Балки ўша телебошловчилар ёки кўрсатув иштирокчилари ўз касбларининг истеъдодли мутахассисларидир. Аммо баъзиларининг бугун урф бўлган тор кийимлар кийиб, соқол қўйиб, бошловчилик қилиши ёки кўрсатувларда иштирок этиши ҳам “оммавий маданият”нинг бир кўриниши эмасми? Кўрсатувни томоша қилаётган мухлислар – ёшлар улардан қандай ўрнак олишади?! Ёшлар тақлидчи бўлишади. Бугун кўрганини эртага такрорлашни хоҳлашади.
Яқинда “ZO`R” телеканалида берилган бир кўрсатувдаги иштирокчилар, уларнинг кийиниши ва соч турмакларни кўриб ҳайратга тушдим. Кўрсатув меҳмонлари ёшларнинг севимли гуруҳларидан бири (“Беном” гуруҳи)нинг икки қўшиқчиси. Йигитлардан бирининг сочи худди хўрознинг тожини эслатувчи кўринишда. Инсон мавжудотлар орасида онгу тафаккури кенглиги билан ажралиб туради. Ёпирай, инсоннинг паррандалар қиёфасига ўхшашга ҳаракат қилишини ҳеч тасаввур қила олмайман.
Иккинчи қўшиқчининг эса соч-соқоллари бетартиблигига қараб, кимсасиз оролда яшаса керак, деб ўйлайсиз. Шимининг ҳар икки тиззаси йиртиқлиги эса кўчада йигитлар билан ёқалашган, деган тахминга тўғри келади. Энди дўппини бошдан олиб бир мулоҳаза қилинг: “ZO`R” телеканали номига мақсади хос телеканаллардан ҳисобланади. Ҳамкасбларимиз турли ёшдаги томошабинларнинг талабини эътиборга олиб, кўрсатувлар тайёрлашаяпти. Шунинг учун ҳам томошабинлари сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Аммо...
Телевидение оммавий ахборот воситалари орасида шундай таъсир кучига эгаки, буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Чунки у кўз билан кўрилади, қулоқ билан эшитилади. Шу боис мухлисларга яшин тезлигида таъсир кўрсатади. Ҳали ўсмир ёшидаги томошабинлар телекўрсатув қаҳрамонларидан ўзларига “нусха” кўчиришлари мумкин эканлигини унутиб қўймаслигимиз керак, назаримизда.
Қадимда ота-боболаримиз либоси салгина йиртилса, ямоқ солдирса солдирганки, аммо асло танасининг бирон жойини очиб юришмаган. Буни уят санашган. Оила қўрғони ҳисобланган эркакларнинг бу ақидаси аёлларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Улар ҳам ибо-ҳаё, одоб-икром эгалари бўлишган. Уларнинг кийиниши, муомаласи, юриш-туришидаги хатти-ҳаракатлари оила шаъни билан бирга эркаклар ор-номусини белгилаган.
Ярим асрлик умрни яшаб қўйган, қиз узатиб, ўғил уйлантириб, буви бўлган ўзбек аёлларининг баъзилари кўча-кўйда эркак кўринишида юрса-ю, улар тарбиялаган ўғил-қизлардан нимани кутиш мумкин?! Уларнинг бундай юришлари на диний, на миллий қадриятларимизга тўғри келади!
Уятни билмайдиган одам андишани, ор-номусни ҳам билмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Фарзандларига миллий ва диний қадриятлардан сабоқ бериш, тушунтириш, тўғри йўл кўрсатиш ўрнига катта ёшдаги баъзи “замонавий” аёлларнинг уларга “ўрнак” кўрсатаётганини ҳам ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Кишини бир нарса ўйлантиради: нега ўзга миллатлар вакиллари бизнинг либосларимизни кийишмайди-ю, биз фарзандларимизнинг уларга тақлид қилишларига йўл қўямиз? Нега қайси миллатнинг сериалини кўпроқ томоша қилсак, уларнинг миллий урфларини ўзимизда акс эттиришимиз лозим? Бундай сериалларни томоша қилишимиздан мақсад, ўзга миллатлар тарихи ва урф-одатларини ўрганиш, уларнинг ўтмиши ва тарихи ҳақида билим ва тушунчага эга бўлиш, шу билан бирга, халкаро муносабатларимизни мустаҳкамлашдан иборат эмасми?! Наҳотки, миллий қадриятларимизни софлигича сақлаб қолиш учун ҳам ҳукумат қарорини кутиш шарт бўлса?!
Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хумсон қишлоғига ўтган асрнинг 70-йилларидан бери бориб тураман. Кўчалари кенг, файзли, қишлоқ одамлари меҳр-оқибатли, меҳмондўст. Қишлоқ бағридан ...
01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....
01 янв 1970

1 март — Зулфия таваллуд топган кун

Мен ўтган умрга...
01 янв 1970
Фарғона шаҳар Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллада яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 90 ёшли Гилмуддин ота Ҳусаиновнинг файзли хонадони бугун ҳар қ...