Оила— меҳр-муҳаббат маскани бўлиши керак

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони барча юртдошларимиз қатори менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди. Сабаби, унда хотин-қизлар турмушини яхшилаш, жамиятимиз таянчи бўлган оилани мустаҳкамлаш борасида мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалар, бугун ва келгусида қилишимиз лозим бўлган ишлар аниқ, лўнда белгилаб берилган.
Гавҳар АЛИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Мазкур ҳаётий ҳужжат мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳар томонлама тўкис, бахтли ҳаёт кечиришига, уларнинг жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришига, шунингдек, оила институтини янада мустаҳкамлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади. Жумладан, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилаларнинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб бориш, шунингдек, эрта никоҳларнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича чораларнинг самарадорлигини ошириш, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, улар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўриш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби муҳим мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ушбу ҳужжатда жамиятимизнинг муҳим бўғини саналган оиланинг ижтимоий негизини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Унга асосан миллий қадриятларимиз, никоҳ ва оила муқаддаслигини таъминлаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Бу бежиз эмас. Афсуски, бугунги кунда миллий анъана ва қадриятларимизни менсимаслик, миллий ва диний қарашлари ўзгача бўлган ёт халқлар ҳаётидан кўр-кўрона андоза олиш, “оммавий маданият” таъсирига берилиш ҳолатлари юртимизда асрлар давомида шаклланган оилавий муносабатларга путур етказмоқда. Буни айрим ёшларнинг оила, никоҳ масаласига юзаки ёндашаётгани, фарзанд тарбиясига бепарволиги, ота-оналик бурчи ва масъулиятини чуқур англамаслигида кўриш мумкин. Оила – ўзаро ишонч, ҳурмат ҳамда меҳр-муҳаббат асосида бунёд бўлади. Оилада келажак эгалари дунёга келади, тарбия топади, ўзлигини англайди.
Зеро, оила – нафақат бир юртнинг, балки умуминсониятнинг катта сиёсати. Айтиш керакки — давлат сиёсати. Нега деганда, башариятнинг тириклиги, узлуксизлиги – оиладан! Ахир оиланинг энг бирламчи ва бевосита вазифаси, маънавият тили билан айтганда, муқаддас вазифаси – инсониятнинг занжирини соғлом ва иқтидорли авлодлар билан улаб боришда ибрат-ку! Бу – ҳамма миллат, ҳамма давлат, ҳамма халқлар зиммасидаги шарафли вазифа.
Борди-ю оила тузук бўлмаса, тарбияга ҳам эътибор берилмаса, қанча буюк бўлса ҳам, бундай миллат дунёда узоқ яшай олмайди. Донишмандларимиз таъкидлаганидек, “Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлар-у дунёда энг катта ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса, ҳеч бир замон эътибор бермасдан қолдирганимиз – оиладир. Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабабдан фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради... Агар бир миллатга бундай ҳол рўбарў келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади...”
Президентимиз маҳаллий Кенгашлар депутатлари жойларда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари устидан чинакам депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиши лозимлигини бот-бот такрорлаб келаяпти. Бу борада қатор ташаббусларни илгари сураяпти. Ҳудудларга ташрифлари давомида аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, саноатни ривожлантириш, ҳудудларнинг инфратузилмасини янада такомиллаштириш, эркин ва кичик саноат зоналари, технопарклар ташкил этиш борасида бир қатор тавсиялар бериш билан бирга, оилалардаги аҳвол, муаммо, аёлларнинг ташвиш ва қувончи билан ҳам жиддий қизиқаяпти. Мазкур фармон билан Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ҳудудлардаги мавжуд, ўз ечимини кутаётган, аёлларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган долзарб масалаларнинг жойида ҳал этилишида, ушбу фармон ижросини таъминлашда, унинг самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг иштироки ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаб, улар билан якка тартибда иш олиб бориш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш масалаларида хотин-қизлар қўмиталари ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгиланиши катта аҳамият касб этади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати, жорий йилнинг 1 апрелидан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман, (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимининг жорий этилиши ҳамда ФҲДЁ органлари фаолияти йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилишидир. Бу шу пайтгача олиб борилган ишларнинг чуқур таҳлили натижасидир. Агар оилалар аҳил бўлса, юртнинг тараққиёти ва фаровонлиги ортади. Акс ҳолда, носоғлом оилалар туфайли жамиятга моддий ва маънавий зиён етади. Оилалардаги нотинчлик сабабларини аниқлаш, уларга ижтимоий кўмак бериш, маънавий соғломлаштириш ишлари қаторида ноқонуний никоҳ, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг кўламли тушунтириш ва профилактик тадбирларни кўпроқ ўтказишда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар томонидан сусткашликка йўл қўйилди. Нотинч, низоли оилалар муаммоси жамиятнинг катта иллати эканлигини чуқур англаган ҳолда, маҳаллалардаги яраштирув комиссияси, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан оилаларда маънавий муҳитни яхшилашга доимий эътибор қаратилмаётганлиги ачинарлидир.
Албатта, мазкур фармон хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий фаолликларини ошириш, хусусан, сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётдаги тўлақонли иштирокини таъминлаш, маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, шу билан бирга, саломатлигини мустаҳкамлаш, кучли ижтимоий муҳофазалаш, хусусий тадбиркорлик фаолиятларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари борасида дастуриламал бўлади.
Оила қўрғонининг мустаҳкам бўлиши учун халқимизга хос сабр-қаноат, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат сингари фазилатларга амал қилиб яшаш лозим. Миллий, диний қадриятларни, инсоний фазилатларни улуғлаш, азалий анъаналарга содиқлик бахт ва саодат маскани бўлган оилани мустаҳкамлайди. Айниқса, ёш қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, мустақил оилавий ҳаётга тайёрлашга йўналтирилган, ўзига хос мазмунга эга тадбирларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ФҲДЁ органларининг туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши, мазкур фаолиятни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилиши қизларни оилага тайёрлаш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, тўй-маросимларни тартибли ўтказиш каби масалаларда ҳамкорликни таъминлаш билан бирга улар зиммасидаги масъулиятни оширади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат хотин-қизларнинг бахтли, оилалар мустаҳкам бўлишини кафолатлаши, уларнинг қизиқишлари, иқтидор ва имкониятларини жамиятимиз тараққиётига сафарбар этишга йўналтиришга хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...
01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...
01 янв 1970
“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” шиорининг маъно-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси тизимида амалга оширилаётган к...
01 янв 1970
Қаҳрамонимиз эллик бирнинг устида. Шу кунгача турли сабабларга кўра ўлимни кўп кўрди....