Бозорлардаги аҳвол ўнгланадими?

/
Бозорда рўзғор учун зарур маҳсулотларни танлаб, сифатига қараб, нархини савдолашиб олиш имкони бор. Одамларнинг фикрича, бозорники баракали, нархи ҳам ҳамёнбоп бўлади, шу боис “Отанг бозор, онанг бозор”, дейдилар.
Замон илгарилаб кетди. Юриш-туришимиз, ўй-фикрларимиз, кўзлаган мақсад-вазифаларимиз ҳам замонга мос тарзда ўзгариб бормоқда. Маҳобатли супермаркетлар бозорлар ўрнини эгаллайди, деган маънодаги фикрлар ҳам йўқ эмас. Кўпчилик эса улар бозорларнинг ўрнини босолмайди, деб ўйлашади. Асрлар давомида шарқона бозор қиёфаси, унга мос анъаналар, қадриятлар сақланиб келаётганлиги одамларни шундай фикрлашга ундаса керак.
Тараққиёт эса ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Аммо, баъзан кузатсангиз, янгиланишлар ҳар куни одамлар билан гавжум бўладиган жой саналмиш бозорларимиз ҳудудигача етиб келмаганми, деб ўйлаб қоласиз. Замондошларимиз, юртдошларимиз оламшумул ишларни амалга ошираётган бир пайтда бозорларимиздаги бу ҳол кишини ажаблантиради, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Самарқанд вилояти ҳудудидаги бозорларда яратилган шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, бозорлар маъмуриятлари томонидан олиб борилаётган ишларнинг бугунги кундаги ҳолати жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳи таркибида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам иш олиб борди.
Келинг, мутахассис сифатида эмас, оддий кўз билан бозорларимизга сиртдан назар ташлаб кўрайлик. Вилоят бозорлар уюшмасидан олинган маълумотга кўра, бугун вилоятимизда 41 та, Самарқанд шаҳрида 5 та ва Каттақўрғон шаҳрида 1 та деҳқон бозори фаолият кўрсатмоқда. Ишчи гуруҳи бир қатор бозорларда бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан танишди.
Жомбой тумани ҳудудида жойлашган “Шайман” деҳқон бозори ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунларида ишлайди. Қўлбола тахталардан омонат ясалган расталар сизда антиқа таассурот уйғотади. Қарийб 3 гектар майдонни эгаллаган бозор ҳудуди атрофи ўралмаган, зарур шарт-шароитлар яратилмаган. Қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ерда чанг аралаш сотилаётганлиги афсусланарлидир. Овқатланиш учун белгиланган жойлардаги ҳолатлар эса санитария қоидаларига мутлақо тўғри келмайди. Ноқонуний фаолият кўрсатаётган ошхоналар ёнидан ўтган йўл асфальтланмаган, шу боис тупроқ йўлдан кўтарилган чанг-ғубор тўғридан-тўғри ошхоналарга ёпирилади. Ошхоналарда ишлатилаётган тарелка, чойнак, пиёлаларнинг аксарияти синган. Бозор ҳудудида турли маиший чиқиндилар, ахлат уюмлари тўлиб ётибди.
Тайлоқ туманидаги “Боғизағон” деҳқон бозорида ҳам аҳвол шундай экан. Бозор ҳудуди ўралмаган, расталар қўлбола усулда ясалган, бозорнинг устки қисми ёпилмаган. Бозор атрофи қаровсиз, эски биноларнинг эшик-деразалари синиб ётганлиги кўзга ташланади, ҳамма ёқда чиқинди уюмларини кўриб, дилингиз хира бўлади. Туман ветеринария-бактериология лабораторияси ва давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳам шу ташландиқ бинолардан бирига жойлашган. Бозорда тухум, турли хил пишириқлар сут ва сут маҳсулотлари очиқ жойда сотилмоқда...
Иштихон тумани марказидаги деҳқон бозори яқинда капитал таъмирланган бўлса-да, реконструкция ишлари мутлақо сифатсиз якунланган. Бозор 620 та савдо растасига мўлжалланган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги, гўшт, озиқ-овқат маҳсулотлари ерда пала-партиш ҳолда сотилмоқда. Бозор ҳудудига турли маиший чиқиндилар ниҳоятда кўп ташланганлиги кўриниб турибди. Бу ерда савдо расталари бўлишига қарамай, аксарият ҳолларда деҳқонлар ерда ўтириб савдо қилишади. Бозорда маҳсулотларни ветеринария кўригидан ўтказувчи лаборатория деярли ишламайди.
Хуллас, бозор ҳудуди антисанитария ҳолатида. Ерда ўтириб савдо қилаётганларнинг ҳар биридан 5 мингдан 8 минг сўмгача патта пули йиғиб олинса-да, уларга чек берилмаслиги тушунарсиз ҳолат.
Каттақўрғон туманидаги “Пайшанба” МЧЖга қарашли деҳқон бозори фаолияти ҳам талаб даражасида ташкил этилмаган, бу масканни “бозор” деб аташнинг ўзи уят...
Бундай ҳолатлар туманлар ҳудудидаги аксарият деҳқон бозорларига хос. Ихтисослашган дўконлар йўқлиги сабабли, гўшт маҳсулотлари қўлбола расталарда сотилмоқда. Сотилаётган гўшт маҳсулотларининг аксарияти сифатсиз, ҳидланган, ҳатто қуртлаган ҳолатлар учради. Бозорда сотилаётган маҳсулотларнинг лаборатория текширувидан ўтказилганлиги тўғрисида туманлар ветеринария бўлимларининг бозорга бириктирилган вакиллари томонидан биронта рухсатнома берилмаган.
Деҳқон бозорларида махсус чиқиндихоналар, ҳожатхоналарнинг йўқлиги, СЭС, ветеринария, ички ишлар хизматининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги вазият анча жиддийлигини яққол кўрсатди.
Бозорлар ҳудуди аксарият ҳолларда ноқонуний фаолият кўрсатувчи “тадбиркор”лар томонидан эгаллаб олинган. Улар билан суҳбатлашсангиз, жой учун тўлов қилганлигини таъкидлашади, аммо ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмайдилар.
Тайлоқлик Мушарраф Рўзибоева бир кунлик патта учун 14 000 минг сўм нақд пул тўлаб, 7 000 сўмлик, Гулнора Жабборова 6 000 сўм тўлаб, 3 000 сўмлик патта олганлигини нима деб изоҳлаш мумкин?
Биз ўрганган деҳқон бозорлари ана шундай ночор аҳволда. Тартибсизликлар, қонунбузилишлар ва ўзбошимчаликлар, бир сўз билан айтганда, хўжасизлик охирги нуқтасига етиб келганлиги аён. Беихтиёр шундай фикр дилдан кечади: ишга киришамизми ёки ҳукуматимиз томонидан бирор дастур жорий этилишини кутиб вақт ўтаверадими? Ўз ишига масъулият билан қараб, аҳволни ўнглаш, қонун доирасида ишлаш учун мутасаддиларга нима халақит бермоқда? Бундай аҳволни кўриб, вилоятимизда бозорлар аҳволи ўнгланармикан, деб ўйланиб қоласан одам. Бунга мутасаддилар нима дер экан?
Инобат ҲАСАНОВА,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаш депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наврўзни қалдирғочсиз тасаввур этиш қийин. Халқимиз кўкламда қанотлари қоп-қора, миттигина қушнинг келишини соғиниб кутади....
01 янв 1970
АнДТИ ректори Мадамин Мадазимов бошчилигидаги институт делегацияси Росток университетининг 600 йиллик юбилей тадбирларида иштирок этиш, мазкур нуфу...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъ...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди.