ҲУДУДЛАРДАГИ МУАММОЛАР МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР СЕССИЯСИДА МУҲОКАМА ЭТИЛМОҚДА

/
Давлатимиз раҳбари Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида депутат ва сенаторларимиз бевосита жойларга чиқиб, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда чуқур ўрганиб боришлари, уларни ҳал этиш бўйича Ҳукумат ва ҳокимликлар олдига вазифа қўйиши ва талаб қилиши, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича аниқ чораларни кўришлари зарурлиги ҳақида алоҳида таъкидлади.
Шу мақсадда республика ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятининг бир қатор шаҳар ва туманларида ўрганишлар олиб борилди. Ишчи гуруҳи аъзолари жойларда тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ходимлари, ёшлар билан учрашди. Кўплаб хонадонларда бўлиб, одамлар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказдилар. Мазкур ўрганишлар натижаси умумлаштирилиб, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларининг сессияларида атрофлича муҳокама этилди. Ушбу сессияларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоятдаги мутасадди идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессиялар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди.
ҚАШҚАДАРЁ. Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида республика ишчи гуруҳининг ҳудудда олиб борган ўрганишлари натижаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, туманда коммунал соҳа, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт ва капитал қурилиш соҳаларида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ўз ижросини кутмоқда. Молия ва банк хизматларини замонавий, шаффоф тизим асосида йўлга қўйиш орқали хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Туманда йиллар давомида таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва маданият соҳаларида тўпланиб қолган муаммолар ечимига ҳам эътибор қаратилди. Республика ишчи гуруҳи ўрганишларига асосан фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахслар сессияда огоҳлантирилди.
Хусусан, аксарият ҳолларда иш ўринлари етишмаслиги, коммунал хизматлар сифатининг пастлиги, йўлларнинг носозлиги, қонунга хилоф қурилишларнинг кўплиги аҳолини ташвишга солмоқда. Шунингдек, айрим фуқароларнинг атроф-муҳитга зарар етказаётгани, жумладан, сувларни ифлослантириш ҳолатлари кўплаб содир этилаётганлиги жамоатчиликда эътироз уйғотмоқда.
Мажлисда халқ депутатлари туман Кенгашининг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссиясига туманни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган, ўзининг қонунда белгиланган ваколатларини бажармаётган депутатларга нисбатан қонуний таъсир чораларини қўллаш тўғрисида халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашига таклифлар киритиб бориши юзасидан кўрсатма берилди.
Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижалари юзасидан бўлиб ўтган халқ депутатлари ШАҲРИСАБЗ ШАҲАР Кенгашининг навбатдаги сессиясида қайд этилганидек, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қатор ишлар қилинаётганига қарамай, баъзи соҳалар бўйича муаммолар мавжудлиги аниқланди. 2018 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш Давлат дастурига мувофиқ шаҳарда 1242 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Шаҳарда жами 150 та бўш турган бино, қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ер майдонлари мавжудлиги, мазкур объектларнинг 13 таси давлат мулки, 73 таси хусусий, 24 таси аввал хусусийлаштирилган, 3 та давлат улуши бор корхоналарга тегишли объектлар, 30 та жамоа хўжаликларидан хусусийлаштирилган, 2 та эгасиз объект эканлиги қайд этилди.
Сессияда 2 ҳафта муддатда масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган ва шаҳар даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ечимига қаратилган чора-тадбирлар дастури, “йўл харитаси”ни тайёрлаш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда шаҳарни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган шаҳар ташкилотлари раҳбарларига нисбатан уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чораларини қўллаш тўғрисида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва тегишли юқори турувчи вазирлик ҳамда идораларга таклифлар киритиб бориши юзасидан тавсиялар берилди.
Шунингдек, шаҳардаги 4 та сектор раҳбарларига ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш, кўп қаватли уйларда бу каби муаммоларнинг олдини олиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгилаш ва амалга ошириш вазифаси топширилди.
Сессияда тегишли ташкилотлар ва Шаҳрисабз шаҳар ҳокими билан биргаликда бир ой муддатда 2019 йилда шаҳарда ичимлик суви, канализация ҳамда иссиқлик таъминоти тизимларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, ушбу йўналишдаги ишларни молиялаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиши бўйича топшириқ берилди.
Халқ депутатлари КИТОБ ТУМАНИ Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Анжуманда таъкидланганидек, ҳудудда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда муайян ишлар қилинган, аммо уй-жой қурилиши, йўл, бандлик, боғча масалалари, банк, транспорт хизмати, хонадонларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашда муаммолар мавжуд. Шунингдек, туманда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласига ҳам юзаки ёндашилаётгани жиддий танқид остига олинди. Тиббиёт муассасаларида эса малакали шифокорларга эҳтиёж сезилаяпти.
Йиғилишда халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўринбосарига ва туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарига ҳар ойда бириктирилган ҳудудларга чиққан ҳолда жорий йилда аҳоли бандлиги дастури ижросини танқидий ўрганиб, ишчи комиссияси йиғилишларида тумандаги мутасадди ташкилотлар иштирокида муҳокама этиб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда туманда 116 та бўш турган бино, қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ер майдонлари борлиги қайд этилиб, 4 та сектор раҳбарларига бир ой муддатда тегишли идоралар билан биргаликда бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ҳамда ер майдонларини салоҳиятли инвесторларга имтиёзли шартларда, жумладан, “бир сўм” қийматида аукцион савдоси орқали бериш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Сессияда туман ҳокимининг инвестециялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ва ер-ресурслари Давлат кадастри бошқармаси туман филиали билан биргаликда 10 кун муддатда кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган эгасиз объектларнинг қурилиш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига жавоб бериши ҳақида тегишли давлат органлари хулосаларини олган ҳолда, уларни бузиш ёки туман ҳокимлиги балансига қабул қилиш ва ишга тушириш чораларини кўриш лозимлиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, мутасаддилар икки ҳафта муддатда масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган ва туман миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ечимига қаратилган чора-тадбирлар дастури — “Йўл харитаси”ни тасдиқлаши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Мажлисда доимий комиссиялар фаолияти ҳам қониқарсиз эканлиги танқид қилинди.
— Доимий комиссиялар ўз ваколатлари доирасидаги асосий вазифаларни рўёбга чиқаришда сусткашликка йўл қўймоқда, — деди Н.Умаров. — Улар депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотлар, тузилмалар билан ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олишлари керак. Шу билан бирга, доимий комиссия аъзоларини туман ҳудудларига бириктирган ҳолда бу борада уларнинг аниқ вазифалари белгиланиши даркор.
Халқ депутатлари ЯККАБОҒ ТУМАНИ Кенгашининг навбатдаги сессиясида эришилган ижобий натижалар билан бирга, қишлоқ ва маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммолар, уларни келтириб чиқарган сабаблар ва ҳал этиш чораларига асосий эътибор қаратилди. Чунки аҳолининг коммунал хизмат, йўл, банк, бандлик, соғлиқни сақлаш тизимларига эътирози кўплиги жойларда ўтказилган учрашувлар чоғида аён бўлди.
Шунингдек, туманда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қурилиш, туманга инвестицияларни жалб этиш борасидаги вазифалар бажарилиши қониқарли эмас.
Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тингланди. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Хусусан, сессиялар ва доимий комиссиялар йиғилишларида масалалар жиддий таҳлил қилинмаётгани ва ҳал этишга оид белгиланган вазифаларда аниқлик, ҳисобдорлик етишмаётганлиги, сессия қарорлари ижроси юзасидан назорат суст эканлиги жиддий танқид остига олинди.
МУБОРАК ТУМАНИда ҳам танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтган сессияда қайд этилганидек, республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида жами 4463 та муаммо аниқланди. Ишчи гуруҳига 992 та мурожаат ичимлик суви таъминоти, 575 та мурожаат эса туман ҳокимлигининг қурилиш ва бошқа коммунал соҳаларига тўғри келаётганлиги алоҳида тилга олинди. Фуқаролар мурожаатларининг 87 таси эса кадастр масаласи, 725 таси табиий ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ масалаларни ташкил этди. Туманда электр энергияси таъминоти яхши эмаслиги хусусида 100 нафарга яқин фуқаро томонидан эътироз билдирилди. Шунингдек, 86 нафар фуқаронинг паспорти билан боғлиқ муаммолар борлиги аён бўлди. Қишлоқ ва маҳаллаларда фуқаролар 260 дан зиёд ички йўлларнинг таъмирталаблиги ҳақида шикоят қилишди.
Тумандаги “Пахтазор” МФЙда яшовчи фуқаро Жўра Тўраев қизига, Фахриддин Шарипов ҳам фарзандига ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезмоқда. “Кончилар” МФЙ ҳудудида яшовчи Норгул Авазова нафақага чиқолмай овора бўлса, “Қурувчилар” МФЙда яшовчи фуқаро Хўжамурод Казаков бир неча бор мурожаат қилишига қарамасдан, тумандаги банклардан кредит ажратилмаётганидан шикоят қилди.
Ҳисоботда келтириб ўтилганидек, республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммоларнинг 215 таси ўз жойида бартараф этилди. Айтиш жоизки, ўрганишлар давомида 1-секторга қарашли ҳудуддан 1829 та, 2-секторга қарашли ҳудудлардан эса 813 та, 3-секторга қарашли ҳудуддан 909 та, 4-секторга қарашли қишлоқ ва маҳаллалардан 912 та мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда муаммоларнинг кўпчилиги ичимлик суви, табиий газ таъминоти масаласида бўлса, 737 нафар фуқаро ишга жойлашишда ёрдам сўради, 341 нафар фуқаро соғлиқни сақлаш хизматидан кўнгли тўлмаётганини маълум қилди.
Мазкур анжуманларда аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган бошқа камчилик ва муаммолар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишида очиқликни таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шунингдек, жойларда оилавий тадбирларни миллий ва диний қадриятларимизга мос ҳолда, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш юзасидан доимий мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш, мониторинг натижалари асосида тегишли ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, урф-одатлари ҳамда мавжуд шароитларидан келиб чиқиб, оилавий тадбирларни намунали ўтказиш билан боғлиқ масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига киритиб бориш тавсия этилди.
Сессияларда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни қисқа муддат ичида бартараф этиш ҳамда зарур чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Қабул қилинган қарорлари ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Комил САХАТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамда Қонунчилик па...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан учрашув ...
01 янв 1970
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун ижроси ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасалари фарзандларимизнинг онгу тафаккури ўсишида муҳим ўрин тутади....