СЎЗ СОҲИБҚИРОНИНИНГ ҚУДРАТИ

/
Маълумки, туркий тилда ижод қилган адиб ва шоирлардан бирортаси ҳазрат Алишер Навоий қадар тил назарияси билан шуғулланмаган. Шу маънода айтиш мумкинки, шоир “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншоот”, “Вақфия”, “Муҳокамат ул-луғатайн” каби асарлари билан ўзбек адабий тилининг бадиий ва илмий асарлар яратиш, шунингдек, давлат ишлари, дипломатик муносабатларда фойдаланиш учун бой имкониятларга эга эканлигини ҳам назарий, ҳам амалий томондан исботлаб берди. Ҳусайн Бойқаро таъбири билан айтганда, сўз мулкининг соҳибқиронига айланди.
Шоир 1499 йилда “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласини яратди. Мазкур асарда мутафаккир олтой тиллари оиласига кирувчи туркий, яъни ўзбек тили билан ҳинд-европа тилларига мансуб сарт (форсий) тилини фонетик, лексик ва грамматик жиҳатдан солиштириб, чоғиштирма тилшуносликка асос солди.
“Муҳокамат ул-луғатайн” асари дастлаб сўз таърифи билан бошланади: сўз гўё дурдур. Дурнинг жойлашиш ўрни денгиз туби бўлса, сўзнинг жойлашиш ўрни кўнгил (хотира)дир. Дур ғаввос ёрдамида денгиз тубидан ташқарига чиқарилиб, жилвалантирилса ва ғаввоснинг қиймати жавҳарни жилвалантира олиш қобилиятига қараб белгиланса, сўз соҳиби ихтисос томонидан кўнгилдан ташқарига олиб чиқилади ва нотиқнинг қиймати сўз қўллаш маҳоратига, уни жилвалантириш қобилиятига қараб белгиланади. Денгиз қаърида ҳаракатсиз имконият тарзида турган дурлар ғаввос ёрдамида ҳаракатга келтирилса, кўнгил тубидаги имконият тарзидаги сўзлар ҳам сўзловчи томонидан нутқий жараёнда ўз жилвасини топади. Бундан кўринадики, Алишер Навоий немис тилшуноси Вилгелъм Гумболъдт ва швейцариялик олим Ф. де Соссюрдан анча олдин тил ва нутқ ҳодисаларини бир-биридан фарқлаган. Ачинарли томони шундаки, яқин-яқингача тил ва нутқ муносабати, бу икки ҳодисани бир-биридан фарқлаш масаласини юқорида номлари зикр этилган олимлар ишлаб чиққанлар ва бу лингвистик таълимотнинг асосчисига айланганлар, деб ҳисоблаб келинар эди.
“Муҳокамат ул-луғатайн”да тилнинг келиб чиқиши, ижтимоий моҳияти борасида шундай маълумотларни ўқиймиз: араб тили фасоҳати, мумтоз ва бадиий ифодаси, гўзаллиги билан мўъжиза кўрсатувчидир. Чунки бу тил билан тангрининг каломи нозил бўлди ва Расул алайҳис-салавоту васалламнинг саодатга йўлловчи ҳадислари етиб келди: “Мундин сўнгра уч навъ тилдурким, асл ва муътабардур ва ул тиллар иборати гавҳари билан қойили (сўзловчи)нинг адосиға зевар ва ҳар қайсининг фуруи (тармоқлари, шаҳобчалари) бағоят кўптур. Аммо туркий ва форсий ва ҳиндий асл тилларнинг маншаидурки, Нуҳ пайғамбар салавотуллоҳи алайҳанинг уч ўғлиғаким, Ёфас ва Сом ва Ҳомдур етишур”.
Таъкидлаш жоизки, бу ўринда Алишер Навоий сўз ўзлаштириш, бошқа тиллардан сўз олиш масаласига ҳам эътибор қаратади. Қолаверса, шоир ижод қилган даврда араб тили илм-фан, форсий эса бадиий адабиёт тили даражасига айланиб улгурган эди. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ўз асарларида арабий ва форсий сўз ва ибораларни кўплаб қўллаган ва буни табиий ҳол деб билган. Ўз асарларига ном қўйишда ҳам анъанага мувофиқ арабча сўз ва ифодалардан фойдаланган. Бундан англашиладики, ижод жараёнида шоир ҳал қилган лисоний муаммолардан бири — бошқа тиллардан сўз олиш муаммоси — биринчи навбатда араб тилига алоқадор бўлган. Бунда, ҳеч шубҳасиз, шоирнинг Қуръон тилини мукаммал билганлиги (унинг арабча луғат тузганлиги маълум) катта ўрин тутган. Алишер Навоий замонида Мовароуннаҳр ва Хуросонда форсийнинг мавқеи баланд бўлгани, туркийда ижод қилган адиблар ундан андоза олгани учун бу тилдан туркийга сўз ўзлаштиришга монелик бўлмаган.
Мутахассислар эътирофича, Алишер Навоийнинг поэтик ва илмий асарлари сўз бойлигининг тахминан 30-33 фоизини араб тилидан кирган сўзлар ташкил қилади. Форс-тожик лексик злементлари 18-20 фоизгача боради. Баҳром Бафоевнинг ёзишича, Алишер Навоий араб-форс тилларидан фойдаланганда, уларнинг туркий тилга ўзлашиб, сингиб кетадиганларига кўпроқ мурожаат қилади. Шу билан бирга, шоир ҳар уч тилнинг имкониятларидан фойдаланиб, янги маъноли сўзлар – неологизмлар яратади. Алишер Навоий яратган янги сўз, янги маънолар туркий тиллар доирасидан чиқиб, форс-тожик тилининг ҳам луғат фондини бойитган.
Темурийлар даврида ҳукм сурган тил вазияти ва унинг Алишер Навоий тилига таъсири масаласи, туркий шоирларнинг кўпчилиги форс тилида ижод қилганлиги, уларнинг ўз она тилидан кўра форсийда қалам тебратишининг сабаблари, форс тилида ёзиш одат, анъанага айланганлиги ҳақида “Муҳокамат ул-луғатайн”да қуйидагиларни ўқиймиз: “...туркнинг улуғдин кичигига дегинча ва навкардин бегига дегинча сорт тилидин баҳраманддурлар, андоқким ўз хирад аҳволига кўра айта олурлар, балки баъзи фасоҳат ва балоғат била ҳам такаллум қилурлар. Ҳатто турк шуаросиким, форсий тил била рангин ашъор ва ширин гуфтор зоҳир қилурлар. Аммо сорт улусининг арзолидин ашрофиғача ва омийсидин донишмандиғача ҳеч қайси турк тили била такаллум қила олмаслар ва такаллум қилғоннинг маънисин ҳам билмаслар. Агар юздин, балки мингдин бири бу тилни ўрганиб сўзки айтса ҳам, ҳар киши эшитса билур ва анинг сорт эканин фаҳм қилур”. Кўриниб турибдики, туркий аҳолининг каттаю кичиги, хизматчисидан тортиб амалдоригача форсий тилни яхши билган ва бу тилда чиройли, равон ҳамда бенуқсон сўзлашган, шоирлари гўзал шеърлар битган. Бироқ форсийзабон улуснинг оддий кишисидан эътиборли инсонларигача, илмсизидан доносигача туркий тилда сўзлай олмаган ва гапирганларининг ҳам маъносини тушунмаган.
Шоир «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида ўзи тўғрисида гапириб, шеър ёзишни форс тилида бошлаганини айтади. Лекин тушуниш ёшига етиб, туркий тил ҳақида фикр юритиш эҳтиёжи туғилгач, унинг кўз ўнгида зебу зийнатлари сон-саноқсиз ўн саккиз минг оламдан ортиқ олам намоён бўлгани, фазилат ва етукликда чек-чегараси бўлмаган тўққиз фалакдан ортиқ фалак кўргани, дур ва гуллари юлдузлардан равшанроқ хазина ва гулшан учратгани, аммо бу оламга ҳеч кимнинг қадами етмагани ва қўли тегмагани ҳақида ёзади: Чун мазкур бўлғон қоида билаким, адо топти – майл форсий сари бўлди. ... ўн саккиз минг оламдин ортуқ, анда зебу зийнат; ва сипеҳре табъга маълум бўлди, тўққуз фалакдин ортуқ, анда фазлу рифъат; ва махзане учради, дурлари кавокиб гавҳарларидин рахшандароқ; ва гулшане йўлуқти, гуллари сипеҳр ахтаридин дурахшандароқ; ҳарими атрофи эл аёғи етмакдин масун ва ажноси ғаройиби ғайр илги тегмакдин маъмун.
«Муҳокамат ул-луғатайн»да туркий халқ ва қабилалар, қавмлар тили, Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларидаги шеваларга хос манзара алоҳида тилга олинган. Етмиш икки тил, етти иқлимнинг ҳар бирида неча мамлакат ва вилоят борлиги, ҳар қайси мамлакатда қанча шаҳар, қасаба (қишлоқ), кент мавжудлиги, бу жойларда, даштларда, оролларда, дарё соҳилларида турли улус ва қабилалар яшаши, туркий тиллар, туркий лаҳжа ҳамда шевалар, уларнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қайд этилади: “... етмиш икки навъ била тақсим топарида, худ ҳеч сўз йўқтурки, етмиш икки фирқа каломиға далолат қилғай; аммо улча тафсилийдур. Улдурким, рубъи маскуннинг етти иқлимидин ҳар иқлимда неча кишвар бор ва ҳар кишварда неча шаҳар ва қасаба ва кент ва ҳар даштда неча хайл-хайл саҳронишин улус ва ҳар тоғнинг қўлларида ва қуллаларида ва ҳар баҳрнинг жазойирида ва савоҳилида не тавойиф бор. Ҳар жамоат алфози ўзгаларидин ва ҳар гуруҳ иборати ёналаридин мутағаййир ва бир неча хусусият била мутамаййиздурки, ўзгаларда йўқтур”.
«Муҳокамат ул-луғатайн» асарида умумий тарзда зикр этилган улус, қабила, жамоат ва гуруҳларнинг қайси қабила, уруғ, халққа мансублиги аниқ кўрсатилмаган. Бироқ шоир асарлари тилининг таҳлили бу масалага ойдинлик киритишга кўмаклашади. Илмий изланишлардан аён бўладики, мутафаккир асарларида қарлуқ, ўғиз ва қипчоқ лаҳжаларига хос хусусиятлар кўзга ташланади. Сир эмаски, Алишер Навоийга қадар ҳам туркийда адабий тиллар юзага келган бўлиб, улар бири-биридан фарқ қилар эди. Навоий даҳосининг қудрати шунда кузатиладики, у ўзининг амалий-бадиий фаолияти билан турли тил, лаҳжа ва шеваларга хос фонетик, лексик ва грамматик хусусиятларни умумлаштирди, муайян меъёрга солиб, сайқаллаштирди. Шу тариқа, ягона адабий тилга асос солиб, уни юқори чўққига олиб чиқди. Кези келганда айтиш керакки, бу тил яқин-яқинларгача Хитойдан Хуросонгача бўлган катта ҳудудда яшовчи барча туркийлар учун адабий тил вазифасини ўтаган.
Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида ян...
01 янв 1970
Ҳаётда барча соҳалар каби савдо-сотиқда ҳам, аввало, ҳалол, тўғрисўз ва виждонан фаолият юритиш талаб этилади. ...
01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Муқаддас динимиз инсон шаъни ва қадрининг дахлсизлигини эътироф этган. Қуръони каримга кўра, Бани Одам мукаррамдир. Бани Одам азиздир. У гўзал сура...