Шошилинч тиббий ёрдам сифати янада яхшиланади

/
“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” шиорининг маъно-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёрқин намоён бўлмоқда. Айниқса, кейинги бир ярим йил мобайнида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кадрлар масаласидан тортиб, моддий-техник негизни мустаҳкамлашгача, тизимни мақбуллаштиришдан дори-дармон таъминоти-ю, хориждаги ҳамкасблар билан тажриба алмашишгача – ҳамма-ҳаммаси диққат марказида турибди.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, скрининг ва перинатал марказлари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш каби қатор вазифалар белгиланган.
Наманганлик тиббиёт ходимлари Президентимизнинг «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини пухта ўрганиб чиқиб, унда қўйилган вазифаларни бажаришга астойдил киришдилар. Бу ҳужжат билан танишар экансиз, халқимизнинг соғлиғини янада мустаҳкамлаш, етук ва баркамол авлодни тарбиялашни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан энг муҳими эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Айни вақтда мамлакатимизда энг такомиллашган ва замонавий шарт-шароитларни яратишга, тиббий хизматлар сифатини янада оширишга жиддий эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбарининг ҳар бир нутқида акс этмоқда. Одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиши учун, энг аввало, унинг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлиги қайта-қайта таъкидланаётгани бежиз эмас.
Мана шу йўналишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиаллари қатори туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, тез тиббий ёрдам станциялари ва санитар авиацияси хизматининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар йили шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида 600 мингдан ортиқ бемор стационар даволанмоқда, 1 миллиондан ортиқ кишига амбулатор тиббий ёрдам берилмоқда, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан эса йилига 7 миллиондан ортиқ чақириққа хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бунинг натижасида ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди. Тез тиббий ёрдамнинг сайёр бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш кўрсаткичи 2 баравар кўпайди.
Бугунги кунда Наманган шаҳар аҳолиси 564 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Уларга бешта шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника, 13 та оилавий поликлиника хизмат кўрсатмоқда. Замон талабидан келиб чиқиб, ҳар бир поликлиникада тез ёрдам бўлимлари фаолият кўрсата бошлади. Патронаж хизматларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, биз шифокорларга боғлиқ бир қатор масалалар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Биз бугун ҳам тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги замонавий талабларга тўла жавоб бера олади, дея олмаймиз. Тиббиёт ходимларининг малакасини тўхтовсиз ошириб боришда муаммолар бор. Сайёр бригадаларнинг бир марта қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиши қониқарсиз даражада қолмоқда. Демак, олдимизга қўйилган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш учун ҳали кўп ишлашимиз лозим. Биз ҳар бир тиббий муассасада бу борада зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқдик ва амалга оширишга киришдик. Тез орада уларнинг самараси кўзга ташланиб қолади.
Абдували МАВЛАНОВ,
халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси,
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...
01 янв 1970
“Чиннинг географик ўрни ғаройиб: бир томонда адоғи йўқ сокин саҳро ястаниб ётади, ундан нари кўм-кўк водийлар бошланади. ...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида ян...