Электорат манфаати ва сайловчилар ишончи йўлида

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров фракциянинг 2017 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда 2018 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида иштирокчиларга батафсил ахборот берди.

Эътироф этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар фракция фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди.
Ушбу тарихий маърузалар асосида партия фракцияси Иш режасини қайтадан кўриб чиқди ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, шунингдек, энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича фракциянинг позицияларини ишлаб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратди.
Хусусан, 2017 йилда Президентимизнинг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, нутқлари, давлат ташрифлари мазмун-моҳияти ва улардан келиб чиқувчи фракция позицияларини шакллантириш бўйича 31 та масала кўриб чиқилди.
Ҳисобот йилида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 46 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 125 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Аввалги йиллардан фарқли равишда йўлга қўйилган янги тизимга асосан партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда энг долзарб қонун лойиҳалари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг қуйи тузилмаларида, жумладан, бошланғич ташкилотлари фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказилди. Олинган таклифлар асосида ишлаб чиқилган, партия Сайловолди дастури ва электорат манфаатларини ифодаловчи аниқ позициялар фракция йиғилишида илгари сурилди. Жумладан, 24 та қонун лойиҳаси бўйича жойлардан олинган таклифларнинг 67 таси парламент қуйи палатасининг муҳокамаларида қонун лойиҳаларини маромига етказишда инобатга олинди.
2017 йил давомида фракция аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Бу кўрсаткич 2015-2016 йилларга таққослаганда қарийб 2,5 баробар ортган.
Шунингдек, фракция аъзолари томонидан 2 та алоҳида қонун лойиҳаси: “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.
Парламентдаги мухолиф сифатида фракция ташаббуси билан Ҳукумат томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири ишлаб чиқилиб, палата муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қабул қилинишига эришилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг ҳар ойда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сайловчилар билан ўтказган учрашувлари давомида аҳолининг паспорт тизимидаги муаммолар юзасидан мурожаатлари чуқур ўрганилди. Бу жараёнда биометрик паспорт олишдаги фуқароларнинг ўзига боғлиқ бўлган ва бўлмаган омиллар сабаб “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жаримага тортилиши аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани аниқланди.
Фуқароларга ушбу жараёнда енгилликлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фракция аъзолари томонидан асослантирилган таклифлар асосида ушбу Кодекснинг 223-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга эришилди. Унга кўра, “Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деган нормага тегишли ўзгартиш киритилди. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга амалий ҳисса қўшилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси 2017 йилда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг назорат-таҳлил фаолиятида ҳам самарали натижаларга эришди.
Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги билан Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, аниқ мақсадли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда Халқ таълими вазирининг “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш, шу жумладан, 11 йиллик таълимни жорий этиш, касб-ҳунар коллежларида таълимни ислоҳ қилиш борасидаги долзарб муаммолар тўғрисида”ги қўмита эшитуви ташкил этилди.
Шу билан бирга, ўтган йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, соҳанинг қуйи қисми бўлган ҚВПлар, оилавий поликлиникалардаги ўзгариш ва янгиликлар ижроси партия депутатлик корпуси томонидан назоратга олинди. Жумладан, партия фракцияси аъзолари Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган тиббиёт бўйича доимий Комиссия ишида фаол иштирок этдилар. Улар ўз сайлов округларида ушбу йўналишда аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиб, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил қилишди.
Депутатлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор соҳа шифокорлари ва дори-дармонларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил этишда амалий кўмак берилди.
Жумладан, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 60 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган “Навоий” қишлоқ оилавий поликлиникасини реконструкция қилиш учун маблағ ажратилишида амалий ёрдам берилди. Ҳозирда қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси тўлиқ таъмирланиб, қишлоқ аҳолисига сифатли хизмат кўрсатмоқда.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда аҳолининг замонавий тиббий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш мақсадида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва жойларда кенг муҳокамалари бўлиб ўтди.
Ўтган йилда Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Айни пайтда ушбу қонун лойиҳалари жойларда соҳа мутахассислари ва партия электорати орасида кенг муҳокамадан ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, ўтган йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги “Ёш олимлар кенгаши” аъзолари билан, қолаверса, Тошкент давлат юридик университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент тиббиёт академияси ва вилоятлардаги бир қатор олий ўқув юртларида ёш олимлар билан учрашувлар ташкил этилди. Ушбу мулоқотлар давомида мамлакатимизда ёш олимларнинг илм-фан, инновациялар соҳасидаги изланишларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда юқорида қайд этилган қонун лойиҳаларини такомилига етказиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ушбу йўналишда ҳамкорлик давом эттирилмоқда.
Фракция аъзолари 2017 йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари номига сайловчиларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 34 та депутатлик сўрови киритди.
Ушбу сўровларга асосан, аҳолини ўйлантираётган муайян масалалар тегишли мансабдор шахслар томонидан ижобий ҳал этилди.
Масалан, фракция аъзоларининг ташаббуси билан Узун туманидаги “Узунқишлоқ” маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини яхшилаш юзасидан амалий ишлар олиб борилди.
Хусусан, маҳалладаги мавжуд сув иншоотларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун ҳомийлар ҳисобидан умумий қиймати 31 миллион сўмлик лойиҳа тайёрланди. Лойиҳага мувофиқ маҳалладаги 2 та сув қудуғини таъмирлаш ва 2 та сув насосини ўрнатиш, шунингдек, сув минорасини таъмирлаш ва узунлиги 0,5 километр масофадаги сув қувурини янгилаш ишлари олиб борилди. Натижада маҳаллада истиқомат қилаётган 3 000 нафарга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Бундан ташқари, фракция аъзоларининг “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига юборган депутатлик сўровига асосан, Пайариқ туманидаги “Гулистон”, “Бешқўрғон”, “Жувозхона”, “Оқтош” ва “Дўстлик” маҳаллалари аҳолиси суюлтирилган газ баллонлари билан белгиланган нархда тўлиқ таъминланиб, уларга газ баллонлари ўз вақтида ва белгиланган нархларда етказиб берилиши назоратга олинди. Бу борада ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.
Матбуот анжуманида алоҳида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси ва “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури асосида фракция томонидан алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бунда, аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”га қонун лойиҳаларини Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш белгиланган.
Бундан ташқари, жорий йилда партия фракцияси ташаббуси билан адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2018 йилда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада, айниқса, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларида енгилликлар яратиш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Давлат тест марказига парламент сўрови юбориш кўзда тутилган.
Тадбирда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида” Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ўз олдига мамлакатимизда амалга оширилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш орқали электорат манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш ва сайловчилар ишончини қозонишга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб олганлиги фракция раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Бахром БУРХАНИТДИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Халқимизда “Бойликнинг боши соғлиқ” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, саломатликни ҳар қанча моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг Сайловолди дастурида белгил...
01 янв 1970
Коррупция дунё миқёсидаги глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказ...