Улуғ ишларнинг эътирофи юксак бўлади

/
Эрурсен шоҳ — агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен сен — шоҳсен сен.

Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг сал кам беш ярим аср илгари битган чўнг мазмунли фалсафий фикрларида нафақат ўз даври шоҳлари, султонлари, балки барча даврлар ҳукмдорлари, раҳбарлари юртга, халққа етакчилик фаолиятида амал қилиши лозим бўлган етук ғоя ўз ифодасини топган. Бу мисралардаги огоҳлик мазмунида давлат раҳбарларининг халқ ҳаётидан шунчаки хабардорлиги эмас, балки халқнинг, юртнинг кечмишини, тарихини, шу ўлкада яшаб ўтган улуғ инсонлар тақдирини, замондошларнинг бугунги кундаги ҳаёт тарзини, улар амалга ошираётган бунёдкорлик, яратувчилик ишларини, қалбидан кечаётган ҳис-туйғуларини, одамларнинг орзу-умидларини, Ватанга бўлган чексиз садоқатларини англаб етиш, яхши билишдек юксак мақсад мужассамлашган. Бошқачароқ айтганда, улуғ шоир давлатни бошқаришнинг энг муҳим шарти, раҳбарнинг юрт ва халқ ҳаётидан огоҳ бўлишида, деб билади.
Мамлакатимиз Президентининг республикамизнинг турли регионларига, вилоятларига, саноат корхоналарига, бунёдкорлик объектларига, олис қишлоқларга, ўша жойларда яшаётган аҳоли хонадонларига ташрифлари асосида ҳам ана шундай юксак мақомдаги огоҳлик маснади ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи пайтида ҳам асосий эътибор халқ фаровонлигини юксалтириш, йирик саноат корхоналари яратиш, шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш жараёнларини тубдан янгилаш каби жиддий масалаларга қаратилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Хоразмга 2017 йилнинг январь ойидаги ташрифида бу ерда амалга оширилиши зарур бўлган муҳим ишларни белгилаб берган эди. Шу асосда ўтган давр ичида ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди. Йирик корхоналар, уй-жойлар, таълим муассасалари, ижтимоий-маданий объектлар қурилди. Хусусан, Урганчдан Хивагача янги темир йўлнинг ва Хива шаҳрида замонавий темир йўл вокзалининг барпо этилиб, ишга туширилиши, вокзал билан “Ичон қалъа” музей-қўриқхонаси орасидаги 2 километрлик масофада гўзал хиёбон ва хиёбоннинг икки тарафида икки қаватли туризм объектлари — ҳунармандчилик устахоналари, савдо, маиший хизмат дўконлари, оилавий меҳмонхоналар, ресторанлар қурилганлиги воҳа бунёдкорлигида муҳим воқеа бўлди.
Шунингдек, Шовот туманидаги “Катқалъа” қўшма корхонаси “Uztex” компаниялар гуруҳига мансуб йирик ишлаб чиқариш бирлашмаларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 65 миллион доллардан иборат ушбу қўшма корхона тўла ишга тушганидан кейин йилига 70 миллион жуфт пайпоқ тайёрланадиган бўлади. Шу билан бирга, бу ерда сочиқ ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Умуман, ишлаб чиқариш технологияси жиҳатдан Ўрта Осиёда ягона бўлган корхонанинг умумий даромади йилига 30 миллион долларни ташкил этиши режалаштирилган.
— Вилоятнинг саноат тараққиётини кучайтиришга хизмат қиладиган катта ишлаб чиқариш қувватларидан бири давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси саналади, — дейди иқтисод фанлари номзоди Мақсуд Гулмонов. — Бу зонада “GM O`zbekiston” АЖ Хоразм вилоят филиали ва бир қанча корхоналар фаолият юритмоқда. Айни пайтда бу ерда қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган завод, “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан Питнак шаҳрида замонавий иссиқхона барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Малайзиянинг “Serba Dinamik Group” компанияси бу эркин иқтисодий зонада каустик сода ишлаб чиқариш заводи қуриш учун инвестиция лойиҳасини тақдим этган. Заводни қуриш учун режалаштирилган 250 миллион доллар маблағ тўла равишда компания томонидан тўланиши белгиланган. Эркин иқтисодий зонада “Derorlop Textile” масъулияти чекланган жамияти томонидан тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун енгил саноат мажмуаси ташкил этиш мўлжалланган.
Президентимизнинг пиллачиликни янада ривожлантириш борасидаги ташаббуси асосида Хивада “Xiva Silk Fabrik” корхонаси ишга туширилиши ҳам соҳадаги янгиликлардан бири бўлди. Кластер усулида йилига 140 тоннадан зиёд қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга корхонада 110 доимий иш ўрни яратилган. Бу ерда келгусида ипак мато, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилади. Пилла ғумбагидан косметологияда ишлатиладиган ёғ олинади, ғумбак консерваси, тут баргидан чой ва ширинликлар тайёрланади. Пиллани ивитиш учун ишлатиладиган сувдан хушбўй, шифобахш совун ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Буларнинг бари соҳада мамлакатимиз учун инновацион янгиликлар ҳисобланади.
Воҳада таълим тизимидаги муҳим янгиликлардан бири Урганч шаҳрида “Ниҳол” инновацион мактабининг очилиши бўлди. Нодавлат таълим муассасаси ҳисобланган бу мактабнинг бошланғич синфларида ментал арифметика, инглиз тили, рус тили, мактабга тайёрлов, тез ўқиш, фаоллаштириш ўқув курсларида 582 нафар бола сабоқ олмоқда. 17 нафар ўқитувчи икки сменада дарс бермоқда. Таълим муассасаси 250 ўринга мўлжалланган. Эндиликда талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб қўшимча 500 ўринли янги ўқув биноси қуриш режалаштирилмоқда. Ана шунда муассаса умумий ўрта таълим мактабига айланади ва яна 50 дан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлади. Давлатимиз раҳбари таълим муассасаси фаолияти билан танишар экан, ментал арифметикага бўлган талабни эътиборга олган ҳолда, уни ўқитиш методологиясини такомиллаштириш, мактабни энг намунали ўқув муассасасига айлантириш, бундай мактабларни кўпайтириш борасида зарур тавсиялар берди. Мактабга автобус, ўқувчиларга планшетлар совға қилинди.
Айни пайтда вилоятга хорижий инвестиция лойиҳаларини олиб киришда мамлакатимизнинг Малайзия, Саудия Арабистони, Туркманистондаги элчихоналари томонидан жиддий ишлар қилинмоқда. Масалан, элчихоналар саъй-ҳаракати билан бу ерда Малайзиянинг қандолат маҳсулотлари, тиббий косметология хизматлари кўрсатиш марказларини очиш, тайёр тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш корхонасини ташкил этиш, Саудия Арабистонининг Хива шаҳридаги Оллоқулихон ва Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаларини қайта таъмирлаб, меҳмонхоналар ташкил қилиш, Туркманистоннинг воҳага сайёҳларни кўпайтириш борасидаги лойиҳалари ишлаб чиқилган.
— Умуман, вилоятда кейинги йилларда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар қилинди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Рустам Султонов. — Хусусан, жорий йилда вилоятда 312 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, янги корхоналар фаолият бошлади. Йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16 фоизга, экспорт ҳажми 22 фоизга ўсиши кутилмоқда. Лекин шунга қарамай, давлатимиз раҳбари Хоразмда саноатни, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш имконият даражасида эмаслигини, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш муаммосига етарлича аҳамият берилмаётганлигини, воҳа аҳлининг турмуш шароитларини яхшилаш ишлари суст олиб борилаётганлигини ниҳоятда тўғри кўрсатиб ўтди.
Эътибор беринг, кейинги икки йил давомида вилоятнинг Гурлан, Янгибозор, Қўшкўпир, Янгиариқ туманларида бирорта ҳам саноат корхонаси ишга туширилмаган. Бу эса ушбу туманларнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига салбий таъсир қилган, аҳоли орасида ишсизликнинг ошишига олиб келган. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳаларига янги, замонавий технологияларни жорий этишда ҳам сусткашлик ҳолатлари сезилмоқда. Маълумки, хоразмликлар пахтачиликда, боғдорчиликда юксак тажрибага, ўз илғор мактабига эга бўлган пахтакорлар, боғбонлар ҳисобланишади. Лекин эндиликда бу тажриба ва мактабларни илғор технологиялар билан бойитиш зарур. Яъни, пахтачиликда кластерлар яратиш, боғдорчиликда интенсив боғлар барпо этиш ҳаёт талабига айланмоқда. Афсуски, бу соҳаларда ишлар кўнгилдагидек эмас. Ёхуд иссиқхоналар ташкил этиш, бир йилда ердан икки марта ҳосил олиш борасида ҳам ишлар бугунги талаблар даражасида эмас. Хоразмда шоличилик ва балиқчилик ривожланган соҳалардан бири. Бироқ бу соҳалар Вьетнам тажрибалари асосида бойитилса, натижа янада юксакроқ бўлади.
Сув ва ундан фойдаланиш Қорақум этакларида жойлашган воҳа аҳли учун ҳамма вақт ўзига хос муаммолар туғдириб келган. Бу муаммоларни бартараф этиш учун барча даврларда ўзига хос чора-тадбирлар изланган. Президентимиз Хоразмга аввалги ташрифи пайтида воҳада суғориш тизими тармоқлари — каналлар, анҳорлар, ёпларни таъмирлаш, қайта реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш хусусида кўрсатмалар берган эди. Шу асосда иш Тошсоқа каналлар тизимини таъмирлашдан бошланди. Каналнинг соқа қисми таъмирланди. Амударёдан тўғридан- тўғри сув олинадиган бўлди. Унинг икки қирғоғига бетон плиталар ётқизилмоқда. Бу ишнинг самараси катта бўлади. Тошсоқа, Полвон, Шовот каналларидаги 279 та насос станцияларидан воз кечилади. Натижада 14 миллиард сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилинади. Сувнинг ортиқча исроф бўлишига чек қўйилади, йилига 800 миллион куб метр оби-ҳаёт тежалади. Каналлардан барча туманлар, фермер хўжаликлари тенг ва тўла фойдаланиш имкониятлари пайдо бўлади. Шунинг учун вилоятда сув йўлларини таъмирлаш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
— Президентимизнинг Хоразмга ташрифи давомида илм-фан, таълим тизимида яна бир жиддий масала ўртага ташланди, — дейди Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев. — Маълумки, республикамизда Президент мактаблари ташкил этиладиган бўлди. Айрим вилоятларда санъат, ижод, маданият йўналишларида мактаблар фаолият юритмоқда. Хоразмда эса давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан соҳасида энг иқтидорли болалардан иборат Хоразм Маъмун академиясининг илмий мактабини ташкил этиш таклифи ўртага ташланди. Бу ғоят оқилона таклиф. Сабаби шундаки, қадимда, Х1 асрда академия ташкил этилган пайтда ҳам унинг ёнида бир неча илмий мактаблар, мадрасалар фаолият юритган. Улар академия учун илмий жиҳатдан етук ёшларни саралаб, тарбиялаб берган. Демак, академия қошида ташкил этиладиган бу мактаб ҳам келгусида илм-фан учун муносиб ўринбосарларни тарбиялаб етиштириши шубҳасиз.
Хоразм — ўз тарихи билан дунёга танилган юрт. Унинг тарихий бойликларини, қадим ёдгорликлари, асори-атиқаларини кўриш учун кўплаб сайёҳлар жаҳоннинг турли нуқталаридан ташриф буюрадилар. Лекин бугун ҳаёт, тараққиёт шундай даражага етдики, юртимизга келган сайёҳлар шунчаки зиёратчилар бўлиб қолмасликлари керак. Улар қадим ёдгорликлар, асори-атиқалар билан биргаликда ўтмиш тарихимиз, буюк аждодларимиз, улуғ инсонлар тақдири, қилган ишлари, яратган асарлари билан ҳам танишишлари, илмий бойликларимиздан баҳраманд бўлишлари зарур. Шу сабабли Президентимиз “Биз чет эллик сайёҳларни қадимий тарихимиз ва қадриятларимиз билан ҳам жалб қилишимиз керак. Лекин Хоразмнинг, Хиванинг тарихи тўлиқ ўрганилмаган, уни таништириш бўйича тизим ҳам йўқ. Шунинг учун Хоразм тарихини энг қадимги даврдан бошлаб ўрганиб, одамларга содда тилда тушунтириш керак. Хивага келган одам катта таассурот, билим олиб кетсин, бу ерда кўпроқ қолиб, вақтини мазмунли ўтказсин,” деган таклифни ўртага ташлади. Бу ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берди.
Айни пайтда Президентимиз таклифи билан Урганч шаҳрининг “Ал-Хоразмий” ва “Паҳлавон Маҳмуд” кўчалари кесишмасида Жалолиддин Мангуберди мемориал боғи бунёд этиладиган бўлди. Тўғри, Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган довюрак саркарда Жалолиддин Мангуберди номи мамлакатимизда эъзозланиб келинмоқда. У ҳақда кўплаб мақолалар ёзилди, китоблар битилди. Тарихи тадқиқ этилмоқда. Республикамиз шаҳарларидаги кўча ва хиёбонларга унинг номи берилиб, хотираси эъзозланмоқда. Мамлакатимизда “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилган. Урганч шаҳрида унинг ҳайкали қад ростлаб турибди.
— Хўш, шундай экан, Президентимиз таклифи билан бунёд этиладиган бу мемориал боғ қандай бўлади? Аввало, бу боғдаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали унинг жасорати ва шону шавкатига мос маҳобатли тарзда қад ростлайди, — дейди журналист, Қўшкўпир туман “Ҳаёт кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Меҳрибон Тиллаева. — Қолаверса, бу ерга келганлар фақат Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини зиёрат қилиш билан кифояланиб қолмайдилар. Унинг жасорати билан, тақдири билан боғлиқ лавҳалар билан танишадилар. Ҳаёт йўлларидан хабардор бўладилар. 3,5 гектардан иборат мемориал боғ улуғ саркарда бобомизни бу ерга келувчилар кўз ўнгида яққол намоён этишга хизмат қилади. Бошқача айтганда, бу боғ, майдон, ҳам зиёратгоҳга, ҳам тарихимиз кўзгусига, Хоразмнинг “ташриф қоғози”га, унинг марказининг рамзига айланади. Бугун Хоразм ана шундай янгиланишлар, ўзгаришлар қўйнида яшамоқда.
Вилоятда бунёдкорлик борасида ҳам бир қанча ишлар бажарилди. Қурилиш соҳасининг ўзига жорий йилнинг ўтган даврида салкам 1 триллион 400 миллион сўм маблағ сарфланди. Айниқса, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш мақсадида қабул қилинган давлатимизнинг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 27 та қишлоқ ва маҳаллада бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу асосда 14 мингта якка тартибдаги уй, 75 та кўп қаватли турар жой, кўплаб муҳандислик тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари таъмирланди. Бу ишларга 236 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу борада вилоятнинг Қўшкўпир туманида олиб борилган ишлар ҳам эътиборни тортади. Ҳар иккала дастур доирасида туманнинг учта — “Оқдарбанд”, “Ших”, “Хайробод” қишлоқларидаги тўртта — “Ошоққалъа”, “Иттифоқ”, “Боғзор”, “Хайробод” маҳаллаларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган эди. Ҳозиргача бу ерда белгиланган ишлар деярли бажарилган. Маҳаллалардаги якка тартибдаги салкам 2000 та уй таъмирланган. 2 километрдан иборат пиёдалар йўлаклари қурилган. 5 километрдан ошиқ майдонда гулзорлар яратилган.
14 километр ҳажмда ичимлик сув тармоқлари ўтказилган. 22 километр масофада электр тармоқлари янгидан қурилган, 32 километр масофадаги электр тармоқлари эса реконструкция қилинган. 7 та нуқтада янгидан трансформатор подстанциялари барпо этилган. Газ тармоқларидан 24,3 километри таъмирланиб, 31,2 километрида қайта реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган. 50 дан ошиқ хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилган. Ички йўлларнинг 26 километрга яқини жорий таъмирдан чиқарилган. Тўртта маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларидан 10 тасида — 5 та умумтаълим мактабида, 2 та мактабгача таълим муассасасида, 2 та соғлиқни сақлаш муассасасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилган.
Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар ва ногиронлар учун 100 ўринга мўлжалланган тикувчилик цехи иш бошлади ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 100 ўринли болалар боғчаси қуриб битказилди. 985 нафар фуқаро янги иш ўринлари билан таъминланди. Дастур доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 4 миллиард сўм, марказлашган маблағлар ҳисобидан 10,3 миллиард сўм, тармоқ корхоналари ҳисобидан 2,7 миллиард сўм, аҳоли ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 8,3 миллиард сўм, тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан 2,7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Бу факт ва маълумотларни батафсил келтираётганимиз бежиз эмас. Уларнинг ортида бугунги кунда янгиланаётган қишлоқларнинг, маҳаллаларнинг тақдири, бир неча минглаб хонадонлар, оилалар, одамларнинг янгича яшашга бўлган иштиёқлари, орзу-умидлари турибди. Бу фактларда минглаб ёшларнинг келажак ниятлари мужассамлашган. Энг муҳими, қишлоқлар, маҳаллалардаги ободонлаштириш дастурлари бир неча йиллар давомида эмас, узоғи билан беш-олти ой ичида амалга оширилмоқда. Бугун одамлар қалбида юртни обод қилиш учун бундай ишларни қилса бўлар эканку, бунинг учун имконият ҳам, маблағ ҳам топиларканку, деган ишонч пайдо бўлди. Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун ишлаши керак, деган ҳикматли сўзлар ҳақиқатга айланди. Одамларда янгича яшашга интилиш юзага келди.
Дастур доирасида туманнинг “Оқдарбанд” қишлоғидаги “Ошоққалъа” маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ерда 6,2 километрлик ичимлик суви, 25 километрлик электр энергияси тармоғи тортилди. 9,5 километрлик йўл асфальт қилинди. Тунда кўчаларни ёритиш учун замонавий ускуналар ўрнатилди. Маҳалладаги барча уйлар таъмирланди. Бу ерда Маданият саройи, Ёшлар маркази, новвойхона, ҳаммом, тўйхона, 70 ўринли болалар боғчаси, 7 та болалар майдончаси ва бошқа бир қанча ижтимоий объектлар барпо этилди. Маҳалла бутунлай янги қиёфа касб этди.
— Бизнинг маҳалламиз Қўшкўпир туманининг энг чекка масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда аввалги йилларда бирор-бир қурилиш ёки бунёдкорлик иши амалга оширилган эмас. Агар кимдир бир йил олдин “Қишлоғингиз, маҳаллангиз келгуси йил обод бўлади, одамлар иш билан таъминланади”, деса, ҳеч ким ишонмаслиги аниқ эди. Лекин ана шу хаёлга сиғмаган ишлар ҳаётда амалга оширилди, — дейди “Ошоққалъа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоназар Рўзаков. — Бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг замирида давлатимиз раҳбарининг ғайрат-шижоати, ташаббускорлиги, шу юртга, элга меҳр-муҳаббати ётибди. Маҳалламизда 5 мингга яқин аҳоли яшайди. Тўғрисини айтишимиз керак, кейинги йилларда одамларимиз кўнглида бепарволик, танбаллик бошланган эди. Кўча-кўй нари турсин, хонадонларимизни ҳам обод, гўзал, батартиб қилиб қўйишга ҳафсала қилмасдик. Президентимизнинг ободлик дастурлари одамларимизни, халқимизни бунёдкорлик, яратувчанлик, гўзаллик, ободлик учун курашиб яшашга ўргатди.
— Дастурлар доирасида ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилгани бизни янада хурсанд қилди, — деб суҳбатга қўшилди оқдарбандлик Дилафрўз Худойберганова. — Мен ўн беш йилдан бери ишсиз эдим. Қишлоқда “Дарбанд чевари” деб аталган масъулияти чекланган жамият корхонаси пайдо бўлгандан кейин 100 та тикувчилик иш ўрни яратилди. Тикувчилик сирларини қишлоғимиздаги коллежда ўқиб, ўрганиб олдик. Энг аҳамиятлиси, 25 нафар имконияти чекланган аёллар касаначи сифатида уйида ўтириб ишлайдиган бўлдилар. Умуман олганда, бугунги кунда 300 дан ортиқ оқдарбандликлар иш билан таъминланди.
— Дастурларга мувофиқ, қишлоқда кам таъминланган оилалар учун 40 хонадонли турар жой қурилди, — дейди хурсанд ҳолда Бекназар ўуломов. — Ана шу хонадонлардан бири имконияти чекланган ўғлимга бепул берилди. Уй учун олдиндан тўланадиган 15 миллион сўмлик бадал пулини ҳам ҳомийлар тўлаб беришди. Ота учун фарзанд қувончини кўришдан ҳам ортиқ бахт борми?! Бизларга бундай қувончни бахшида этганлардан чексиз миннатдормиз.
Бугун бундай миннатдорлик сўзларини, самимий дил ифодаларини Оқдарбандда, Қўшкўпирда, Хоразмда обод бўлган маҳаллалардаги, янгиланаётган қишлоқлардаги ҳар бир инсондан эшитиш мумкин. Зеро, улуғ ишларнинг эътирофи ҳам юксак бўлади. Шунинг учун ҳам бу борада бошланган бунёдкорлик ишлари давом этади. Келгуси йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятда 30 та қишлоқда, “Обод маҳалла” дастури асосида 2 та шаҳарнинг 6 та маҳалласида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. “Обод қишлоқ” дастури доирасида Хоразм вилоятига Ислом тараққиёт банки 100 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни мўлжалламоқда. Демак, вилоят қишлоқлари келгусида янада кўркам ва обод масканларга айланади.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг қайси нуқтасига бормасин, учрашув ва анжуманларда “Бизнинг пировард мақсадимиз халқимизнинг фаровон ва яхши яшашига хизмат қилишдир”, деган сўзларни алоҳида таъкидлайди. Бу бежиз эмас. Негаки, халқ фаровонлиги юртнинг обод бўлишига хизмат қилади, Ватаннинг порлоқ келажагини таъминлайди. Ёки, аксинча, юртнинг ободлиги, Ватаннинг порлоқ келажагида халқнинг фаровонлиги намоён бўлади. Президентнинг Хоразм вилоятига ташрифи ҳам ушбу фикрларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Воҳада янада улкан бунёдкорликларга йўл очиб берди.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.
01 янв 1970
Халқимизда “Аёл билан олам мунаввар”, “Аёл борлиги учун гўзалдир башар” деган пурҳикмат гаплар бор....
01 янв 1970
Интернетдаги ижтимоий тармоқларга қарамлик гарчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий реестрига касаллик сифатида киритилмаган бўлса-да, буту...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...