Эътибордан мамнунмиз

/
Отам собиқ ширкат хўжалигида ишлаб, деҳқончилик билан умргузаронлик қилган инсон эди. Пахтачиликда фойдаланилмайдиган ерни ўзлаштириб, 3 гектар боғ барпо қилганди. Биз болалигимизда у кишининг ёнларида юриб, дала юмушларига қарашардик. Кейин билсам, ўша пайтлардаёқ деҳқончиликка ишқим тушиб қолган экан. Орадан йиллар ўтиб, ана шу иштиёқ ўз сўзини айтди.
Деҳқончилигу дала меҳнатига меҳримиз баландлиги боис 2004 йилда фермерликка қўл урдик. Ўшанда тендер танловларида қатнашиб, 52 гектар ернинг эгасига айландик ва “Абдулло ота” фермер хўжалигини ташкил қилдик. Шундан сўнг бутун оиламиз билан ишга киришдик. Албатта, дастлабки натижаларимиз чакки бўлмади. Бинобарин, хўжалигимизга яна ер қўшиб беришди.
Кейинчалик фермер хўжаликларининг мақбуллаштирилиши ва ўзини оқламаган хўжаликларнинг тугатилиши натижасида ерларимиз кенгайиб борди. Шу боис 2015 йилда қўшилган 65 гектар ер негизида пахта-ғаллачилик йўналишидаги “Ашуров Мўминжон” фермер хўжалигини ташкил этдик.
Бир умр ёдимдан чиқмайдиган воқеа 2017 йил 9 декабрь куни содир бўлди. Ўша куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам кечасида иштирок этиб, Президентимизнинг фермерларга нақадар ғамхўр ва маслаҳатгўй эканликларига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Қолаверса, Юртбошимизнинг тантанада билдирган танқидий-таҳлилий фикрлари ҳам ғайратимизни, ҳам масъулиятимизни оширди.
Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, хўжалигимиз муҳтарам Президентимиз қайта-қайта таъкидлаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сирасига киради. Пахта ҳамда ғаллачиликдан ташқари боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик ва балиқчиликни ҳам йўлга қўйганмиз. Айни пайтда тасарруфимизда 4,4 гектар боғ бор. Бу йил интенсив боғ барпо қилиш мақсадида туманимизнинг дашт-адирлик ҳудудидан яна 15 гектар ер олдик. Қолаверса, хўжалигимизда 20 бош қорамол, 300 бош қўй-қўзи боқилаяпти.
Жорий йил фермер сифатида мен учун жуда омадли келди. Гап шундаки, бу йил 72 гектар ерда бошоқли дон етиштирдик. Давлатга сотилганидан ташқари яна 100 тоннадан ортиқ дон омборимизни тўлдирди. Натижада ғалла мавсумида ҳар бир ишчига ўртача 1 тоннадан 3 тоннагача буғдой тарқатилди. Шунингдек, 26 гектар майдондаги пахтадан 35 центнердан хирмон кўтардик. Бундан ташқари, мавжуд 10 та техникамиз ўз ишларимиздан ортиб, маҳалладошларимиз ва бошқа фермер хўжаликларига ҳам транспорт хизматини кўрсатяпти.
Шу ўринда мен балиқчилик хусусида алоҳида тўхталмоқчиман. Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тармоқ истиқболида янги саҳифа очди. Мазкур қарорга биноан келгусида балиқ ва балиқ чавоқлари етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сақлаш қувватларини ишга тушириш, балиқчилик хўжаликларига омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) етказиб бериш, туманлар ва балиқчилик хўжаликлари кесимида манзилли чора-тадбирлар дастурларининг ишлаб чиқилиши бизни беҳад қувонтирди.
Гап шундаки, биз ҳам 2015 йилда 1 гектарлик, 4 ва 5 гектарлик сунъий кўлларни ўзлаштириб, балиқчиликни йўлга қўйганмиз. Ишонасизми, ўшанда техникаларимиз салкам 6 ой ишлаган. Шундан буён халқимиз дастурхонига балиқ маҳсулотларини етказиб бераяпмиз. Ҳар йили баҳорда – апрель ойида 15-20 граммлик майда балиқларни кўлга ташлаб, парваришлаймиз. Бу йил ҳам дўнгпешона, сазан, амур сингари 16 минг дона майда балиқларни ташлагандик. Айни пайтгача улар 25 тонна омухта ем, 4 тонна аммофос ва 3 тонна азотли ўғит билан озиқлантирилди. Ҳозир балиқлар ўртача 1,5 килодан тош босадиган даражага етди. Балиқларни асосан туман деҳқон бозори ва тадбиркорлик субъектлари орқали истеъмолчиларга етказиб берамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, келгусида африка лаққасини ҳам етиштиришни режалаштирганмиз. Натижада янада кўпроқ маҳсулот етиштириш ва даромад олиш имконияти пайдо бўлади. Энг муҳими, Президентимиз қарорига биноан келгусида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ҳар йили 15 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар балиқчиликни ривожлантириш учун ажратилиши, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазмани ташкил қилиш, балиқчилик хўжаликлари зарур ресурслар билан таъминлаб борилиши каби чора-тадбирлар зиммамизга янада катта масъулият юклади. Шунингдек, Юртбошимизнинг янги қарори бизни ҳар йилгидан ҳам катта ғайрат-шижоат ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундамоқда.
Яна шундан мамнунманки, кундан-кунга республикамизда фермерларнинг эмин-эркин фаолият юритиши ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилган ҳуқуқий асослар борасида янгиликлар, ўзгаришлар юз бермоқда. Тажрибали бободеҳқон Ҳомиджон Усмонов раҳбарлигидаги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассислари мазкур қарорларнинг мазмун-моҳияти билан бизни батафсил таништириб бормоқда.
Албатта, 72 ёшли онамиз Сурмахон Ашурованинг дуолари, қолаверса, меҳнатга яраша манфаатдорлик эришаётган муваффақиятларимизнинг бош омили бўлиб хизмат қилмоқда. Олаётган даромадимизни яхши кунларимизга сарфлаётганимиздан хурсандман. Айни пайтда мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган 200 тонналик замонавий музлатгич қуришга ҳозирлик кўраяпмиз.
Жуда кўп мушоҳада қиламан: хўш, истиқлолгача бўлган йилларда мендек бир қишлоқ кишиси мана шундай ютуқларни қўлга кирита олармиди? Йўқ, албатта.
Бир сўз билан айтганда, инсон меҳнати туфайли ҳамиша қадр топиб яшашига такрор-такрор амин бўлаяпман.
Каримжон АШУРОВ,
Қува туманидаги “Ашуров Мўминжон” фермер хўжалиги раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди....
01 янв 1970
Одамларнинг оғирини енгил қилиб, уларни эзгуликка, бунёдкорликка ундай олган депутат кўпчиликнинг ишончига сазовор бўлади....
01 янв 1970
Газетамизнинг 2018 йил 20 апрель кунги сонида “Қонун инсон қадри учун хизмат қилмайдими?...
01 янв 1970
25 нафар имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари топширилди.