Хотин-қизлар ҳимояси Бош қомусимиз билан мустаҳкамланган

/
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади.
Конституциямизни “бахтимизнинг ҳуқуқий кафолати” деб таърифлашимиз бежиз эмас. Айниқса, Асосий қонунимизда биз, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатлаб қўйилган. Масалан, унинг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, дея қайд этилган. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ўрни нақадар беқиёс эканлигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шу орқали уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Юртимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашишини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу юксак эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлган аёл сифатида мен ҳам тадбиркорликка қўл урганман. Шу билан бирга, ўзим истиқомат қилаётган “ўалча” маҳалла фуқаролар йиғини бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раисиман. Тадбиркорлик фаолиятимни 2015 йилда “Йўлчиев Элчинбек” оилавий корхонасини ташкил қилган ҳолда бошлаганман. Бугун 4 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган корхонамиз маиший хизмат йўналишида фаолият юритади. Аввалига ТИФ “Миллийбанк”нинг Бешариқ филиалидан 80 миллион сўм ва Қўқон шаҳридаги “Эҳтиром плюс” кредит уюшмасидан 14 миллион сўм миқдорида кредит олиб, қурилиш ишларини амалга оширдик. Натижада қишлоғимиз аёллари учун фитнес – соғломлаштириш клуби, “OSIYO” номли тўйхона, ҳаммом, кичик фото ва видео студиялар ишга туширилди. Ҳозир ҳар куни 16 нафар аёлга 2 соатдан соғломлаштириш машғулоти олиб борилади.
Келгусида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши билан ҳамкорликда 7 сотихли иссиқхона ҳамда макарон ва оқ қанд ишлаб чиқариш цеҳини ташкил этмоқчимиз. Натижада яна 6 та янги иш ўрни яратилади.
Айни пайтда маҳалламизда истиқомат қилаётган 3635 нафар аҳолининг 1866 нафари хотин-қизлардан иборат. Шунинг учун ўз мутахассислиги бўйича иш излаётган опа-сингилларимизни ишга жойлаштириш, хотин-қизларга оилавий шароитларни яхшилаш, бандликлари таъминланиши учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши ҳамда бўлғуси оналарнинг саломатлигини асраш масаласида туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Натижада вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган кўрик-танловда “Энг намунали бошланғич хотин-қизлар қўмитаси” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритдик. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, шу орқали оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу эса Конституциямизнинг 63-моддасида белгиланган оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, 65-моддасида таъкидланган оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши каби қоидаларнинг ҳаётий ифодасидир.
Албатта, давлатимиз раҳбарининг юксак эҳтироми самараси ўлароқ, 2018 йил 2 февраль куни “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, опа-сингилларимизга зарур юридик маслаҳатлар бериш, шу орқали аёллар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича жиддий иш олиб боришимиз зарурлигини кўрсатди. Айни пайтда туман хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқа дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириб, асосий эътиборни хотин-қизларнинг дарду ташвишларини, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга қаратиб келаяпмиз.
Муҳайё ПЎЛАТОВА,
Бешариқ туманидаги “Йўлчиев Элчинбек” оилавий корхонаси раҳбари,
“Ғалча” МФЙ бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди....
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Одам савдоси бугунги кунда дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бирига айланди. ...