Камчиликлар бартараф этилади

/
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил 1 ноябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленумида партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлар жараёни ва тараққиётнинг навбатдаги босқичида партия олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросида партиянинг иштирокини таъминлашда дастурий мақсадларимизни назарда тутиб, белгиланган вазифалар бўйича партия тизимида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шундан келиб чиқиб, айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда таъкидланганидек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури бажарилишида Қорақалпоғистон Республикаси партия кенгашининг жорий йилга мўлжалланган иш режаси асосида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, партия лойиҳалари асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, партия лойиҳалари доирасида жойларда ўтказилган ўрганишлар натижалари бир қатор туманларда тегишли маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига киритишга эришилди.
— Шу билан бирга, партиявий ишларда мавжуд камчиликларга танқидий кўз билан қараб, хулоса чиқариш лозим, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Ерназар Кунназаров. — Хусусан, партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳасини амалга оширишда партиянинг Тўрткўл, Шуманай, Элликқалъа ва Нукус туманлари жамоатчилик билан лозим даражада иш олиб бормаётганлиги жиддий жавобгарликни талаб этадиган ҳолат саналади.
Пленум иштирокчилари ҳисобот даврида фаолиятда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳаза ва аниқ таклифларни баён этишди.
АНДИЖОН. Таъкидлаш жоизки, сиёсий партиялар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, керак бўлса, ташаббускори бўлиши лозим.
— Таъкидлаш керакки, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг ўтган даврида жамоатчилик орасида тарғибот ишларини амалга ошириш баробарида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятининг асосига айланди.
Биргина вилоятимизда сайловчиларимиздан айни шу мақсадга қаратилган 30 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан масъул ташкилотларга таклифлар билан чиқилгани фикримиз далилидир, — деди вилоят партия кенгашининг пленумида сўзга чиққан депутат Зуҳра Комилова.
Шу ўринда Давлат дастури доирасида ҳудудий партия ташкилотида белгиланган вазифалар ижроси бўйича Асака тумани ва Хонобод шаҳар партия кенгашлари ишни намунали ташкил этганини қайд этиш жоиз. Мана шу ҳудудларда партиямизга бўлган ишонч ва хайрихоҳларимиз сони ортмоқда.
Аммо Андижон, Улуғнор ва Булоқбоши туман партия кенгашлари ишида сусткашликлар давом этаётганини назардан четда қолдириб бўлмайди.
— Пленум фаолиятимизга танқидий ёндашув руҳида ўтди, — дейди вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Қосимжон Қаюмов. — Бундан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқаришимиз лозим. Вақт кутиб турмайди. Йилни муваффақиятли якунлаш учун хали имконият бор.
СИРДАРЁ. Гулистон шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.
Ўз-ўзини танқид руҳида ўтган мажлисда қайд этилганидек, ҳудудий кенгашнинг жорий йилга мўлжалланган иш режаси ижросини қониқарли, деб бўлмайди.
— Партия лойиҳалари доирасида аниқ ишлар кўламини кенгайтириш лозим, — деди вилоят партия кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева. — Жойларда кўпинча тарғибот тадбирлари ўтказиш билангина дастурий вазифалар амалиётида кутилган натижаларга эришиб бўлмайди. Таҳлил ва хулосалар эса партиявий ишларда ходимларнинг ўз ишига масъулиятини, партия депутатларининг ташаббускорлигини оширишни тақозо этмоқда.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати С.Элмуродов, партиянинг Ширин шаҳар, Сайхунобод ва Гулистон туман кенгашлари раислари ҳисобот даврида фаолиятда мавжуд камчиликлар, партия лойиҳалари доирасида маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига масалалар киритишдаги сусткашликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазаларни баён этишди.
— Партия тизимида амалга оширилаётган ишларда амалиётдан келиб чиқиб, яна нималарга кўпроқ эътибор бериш лозимлиги ҳақида фикрлашиб олдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайҳунобод туман кенгаши раиси Мамлакат Бердиева. — Афсуски, партиядан сайланган депутатлар орасида партия ташкилотлари билан узвий алоқада ишлаш зарурлигини кўпинча эсдан чиқариб қўяётган, депутатлик масъулиятини етарли даражада англаб етмаган сафдошлар ҳам учрамоқда. Жойларда аҳоли билан ишлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда ижобий натижалар камлигича қолмоқда.
Пленумда Олий Мажлис Сенати аъзоси Орифжон Қудратов “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг вилоят тараққиётида тутган ўрни ва ҳаётий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
ТОШКЕНТ ШАҲАР партия кенгашининг навбатдаги пленумида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан шаҳар партия кенгашининг жорий йилнинг ўтган 9 ойи давридаги фаолияти муҳокама қилинди.
Йиғилишда халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, барча туман партия ташкилотлари раислари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Пленумда Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Равшан Талипов ташкилотнинг ҳисобот давридаги фаолияти хусусида маъруза қилди.
— Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, лойиҳалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Жорий йил бошидан буён 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари жойларда муҳокамадан ўтказилиб, 40 га яқин асослантирилган таклифлар олинди. Шунга қарамай, ҳали бу тизим ишлашини қониқарли, деб бўлмайди. Сабаби, қонун лойиҳалари муҳокама учун маҳаллий кенгашларга ўз вақтида юборилишига қарамай, қуйи тизимдан қонунчиликни такомиллаштириш учун етарлича асослантирилмаган, юзаки тайёрланган таклифлар тақдим этиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Масалан, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунларнинг лойиҳаларига Мирзо Улуғбек, Бектемир, Яшнобод туман партия кенгашлари томонидан бирорта ҳам асосли таклифлар билдирилмаганлиги афсусланарли ҳол саналади.
Партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида партия фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан Тошкент шаҳри бўйича мавжуд 447 та мактабгача таълим муассасаларидан 228 тасида (51 фоиз) ўрганишлар олиб борилди. Ўрганилган боғчаларда 14 478 нафар болалар тарбияланмоқда. МТМларга қамраб олинмаган боғча ёшидаги болалар сони эса 5125 нафарлиги аниқланди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссияларга 6 та, маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига фақат Миробод туманидаги партия депутатлик гуруҳи масала киритиб, тегишли қарор қабул қилинишига эришилди.
Анжуманда партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилаётганлиги қайд этилди. Ҳисобот даврида ишчи гуруҳлар томонидан пойтахтимиздаги маҳаллалардан 265 тасида, жами 1692 та хонадон ва 384 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 780 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан мутасадди идораларга 92 та депутатлик сўрови юборилиб, мурожаатларнинг 200 га яқини ижобий ечим топди. 550 дан зиёд мурожаатлар эса жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди. Жорий йил мобайнида ҳудудда партия депутатлари томонидан маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссияларига 16 та, сессияларга 11 та масала киритилиб, қабул қилинган қарорлар ижроси депутатлик назоратига олинди.
СУРХОНДАРЁ. Термиз шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилояти кенгаши раиси Р.Ҳамроев ҳудудий партия кенгаши пленумида сўзга чиқиб, жорий йилнинг ўтган давридаги фаолиятда эришилган ютуқлар қаторида бир қатор нуқсонларга ҳам йўл қўйилганини қайд этди.
Таъкидланганидек, партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида партия фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан вилоят бўйича мавжуд мактабгача таълим муассасаларидан 105 та боғчада ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссияларига 4 та масала киритилиб, қабул қилинган қарорлар устидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди. Хусусан, халқ депутатлари вилоят ҳамда Жарқўрғон, Олтинсой, Бойсун туманлари Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан сессияларда мазкур ўрганишлар натижалари қизғин муҳокама этилди.
— Бироқ Узун, Шўрчи, Сариосиё, Музработ, Қизириқ, Ангор, Денов, Қумқўрғон, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги партия депутатлари ташаббускорлик руҳида иш олиб бормаганлиги боис бу борада сессияга бирор масала ҳам киритишга эриша олмади, — деди Р.Ҳамроев.
Анжуманда партиямизнинг “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида жойларда ички йўлларни ўзбошимчалик билан бузиш, шикаст етказиш, пиёдалар йўлакларини тўсиб олиш каби қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган амалий ишлар қониқарли даражада эмаслиги таъкидланиб, ушбу лойиҳа доирасида партия тизимининг қуйи ташкилотларида сезиларли ишлар амалга оширилмаганлиги жиддий танқид остига олинди.
Шунингдек, партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни партия гуруҳлари ва фаоллари иштирокида маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, бугунга қадар вилоят бўйича жами 393 та маҳалладаги 6 мингдан зиёд хонадон ва 90 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларга ташриф буюрилди. Ушбу мулоқотлар чоғида фуқаролардан 721 та мурожаат келиб тушди, уларда келтирилган муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга 164 та депутатлик сўрови юборилиши натижасида мавжуд муаммолар имкон қадар бартараф этилмоқда.
Муҳокамаларда сўзга чиққан халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгаши депутати Шоберди Суюнов, халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Бекмурод Ашуров, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаси сектор мудири Ойбек Худойназаров ва бошқалар йил якунига қадар белгиланган вазифаларни талаб даражасида уддалаш сайловчилар ишончини қозонишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Мазкур пленумларда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
ҳудудий кенгашлари матбуот хизматлари материаллари асосида тайёрланди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг фаоллар йиғилиши бўлиб ...
01 янв 1970
Андижон вилоятида “Ҳудудий ННТлар фаолияти самарадорлигини ошириш орқали давлат дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришда ижтимоий шерик...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар куни яқинлашган сари “Адолат&r...
01 янв 1970
Маҳаллалар аҳолиси, ёшлар партия фаолларининг эзгу саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, тадбирда фаол иштирок этишди. ...