Муҳокама ва аниқ таклифлар

/
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, Фанлар академияси, тармоқ илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини жамият тараққиётига мувофиқлаштириш, янги илмий-тадқиқот институтлари ва технопарклар ташкил этиш, илмий ва техник ходимлар иш ҳақларини ошириш, илмий унвон ва илмий даражага эга олимларни рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилиб, амалиётга йўналтирилди.
Шунингдек, илғор хорижий тажриба, жаҳон илм-фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал инновацион ривожлантиришни, шу билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди.
Соҳада олиб борилган ислоҳотлар таҳлилига кўра, мамлакатимиз қонунчилигида илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжатга зарурат борлиги аён бўлди. Шуларни назарда тутиб, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Фан тўғрисида” ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиришнинг креатив механизмларини йўлга қўйиш орқали қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда бир қатор нормалар билан тўлдириш, лойиҳада таклиф этилаётган нормаларга ўзгартишлар киритиш эҳтиёжи борлиги кузатилди.
Биринчидан, қонун лойиҳасини тайёрлашда ривожланган хориж давлатлари тажрибасидан фойдаланилганлик қайд этилган ҳолда Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Туркманистон давлатлари тажрибаси қаторида Америка Қўшма Штатлари, Канада, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Германия ва Франция каби фан оламида тан олинган, ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган давлатлар тажрибасига асосланган ҳуқуқий нормалар шаклланмагани кўзга ташланади.
Иккинчидан, ривожланган хориж давлатлари амалиётида олий таълим муассасалари қошида ташкил этилган илмий ва илмий-техникавий фаолиятга асосий эътибор қаратилиши ҳисобига фундаментал ва амалий тадқиқотлар яхши самара бериб келаётганлиги маълум. Қонун лойиҳасида мамлакатимиздаги ушбу имкониятлардан янада самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмларини ривожлантиришга етарлича эътибор берилмаган, дейиш мумкин.
Учинчидан, стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат вазифаларини илмий асосланган ечимлар асосида ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб бормоқда. Шу маънода юртимизда илмий муассасалар фаолиятини давлат бюджетидан дастурий-мақсадли молиялаштиришнинг танлов шаклини қўллашнинг ҳуқуқий механизми лойиҳада аниқ ёритилмаганлиги мақсадга мувофиқ эмас.
Тўртинчидан, базавий молиялаштириш орқали илмий муассасаларнинг маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш уларнинг олиб бораётган тадқиқотлари самарадорлигига манфаатдорлик муҳитини вужудга келтиради, дейиш қийин.
Бешинчидан, фуқароларнинг илмий унвон олиши, уларга илмий малака эгаси бўлганлигини шаҳодатловчи тегишли ҳужжатлар берилиши олий таълим муассасалари фаолиятига тааллуқли бўлганлиги боис 19-моддада белгиланган нормаларнинг мазкур қонун лойиҳасида ёритилиши келгусида чалкашликларга олиб келиши мумкин.
Олтинчидан, қонун лойиҳасининг 13-моддасида таклиф этилаётган тартибда илмий ходимларга меҳнат таътили кунлари миқдорини белгилашда уларнинг илмий унвон ва илмий даражаси инобатга олиниши натижасида соҳада тегишли унвон ва даража эгаси эканлигини тасдиқловчи шаҳодатномалар олишга асосий эътибор қаратилиб, илмий натижадорлик иккиламчи ўринга ўтиб қолишини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.
Шунингдек, илмий ва илмий-техникавий фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларини ташкил этишда давлат инвестиция имкониятларидан фойдаланишнинг илғор креатив ҳуқуқий механизмлари таклиф этилмаслиги қонун лойиҳасида тавсия этилаётган жамғармаларнинг пассив фаолият юритишига олиб келади.
Бундан ташқари, илмий тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этишда давлат сарфларига боғлиқликни камайтириш ва рақобат муҳити яратишда таваккалчиликка асосланган (венчур) жамғармалар хориж амалиётида асосий етакчилик қилаётган бир вақтда қонун лойиҳасида бу жиҳат ўз аксини топмаганини ҳам келтириб ўтиш жоиз.
Шуни таъкидлаш керакки, ривожланган давлатлар тажрибасида “ақлни импорт” қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, миграция бўйича техник йўналишдаги илмий-амалий салоҳиятли хориж мутахассисларига махсус грин-картлар ташкил этилиш тажрибасидан ҳам мамлакатимизда унумли фойдаланиш масаласи қонун лойиҳасида акс этиши лозим.
Ўйлаймизки, биз юқорида келтирган масалаларга доир нормалар қонун лойиҳасида ўз ифодасини топиши мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда муҳим факторлардан бири бўла олади.
Албатта, мазкур қонун лойиҳаси долзарблиги билан катта аҳамиятга эга бўлиб, ушбу йўналишда яратиладиган янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини тезлаштиришга туртки беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларга ҳамоҳанглиги жиҳатдан ҳам муҳокама қилинмоқда ва фракция номидан асосланган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Яқинда Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда 2020 йил Давлат бюджети параметрларини сўзсиз ижро этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган маса...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. ...
01 янв 1970
Яқинда Фарғона вилоят партия кенгашига фуқаролардан бири йўллаган миннатдорлик хати келиб тушди....