Қонун лойиҳаси рад этилди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-иқтисодий, атроф-муҳит муҳофазаси, транспорт ва бошқа соҳаларга оид масалалар ўз аксини топган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан киритилган “Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар фракция аъзолари томонидан қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 1.1.2-бандида фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.
Сайлов кодекси лойиҳасида амалдаги сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини халқаро норма ва стандартлар талабларидан келиб чиқиб унификация қилиш, сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувлар назарда тутилади. Бу ўз навбатида, қонун лойиҳасида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётган бир нечта қонунларнинг ўз кучини йўқотишини ҳам англатади.
“Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг номланишида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳалари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш Қоидалари”нинг 7-банди талаблари бузилганлиги фракция аъзоларининг алоҳида эътирозларига сабаб бўлди. Ушбу қоидаларнинг 7-бандига кўра, қонун лойиҳасининг номи унинг мазмуни ва ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий предметини акс эттиради.
Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг номланишида эса қачон ва ким томонидан Экологик ҳаракат учун белгиланган квотанинг бекор қилинганлиги кўрсатилмаган. Аксинча, мантиқан қаралганда, қонун лойиҳаси билан мазкур квоталарни бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Юқорида қайд этилган асосларга кўра, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ушбу қонун лойиҳасида кўзда тутилган нормаларни алоҳида лойиҳа тарзида эмас, балки Сайлов кодекси лойиҳасида акс эттириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблади.
Фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Маълумки, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жиддий камчиликлар мавжуд. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни, аҳоли пунктларини реконструкция қилиш ва ободонлаштиришда, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмаси объектларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини қўпол равишда бузишнинг кўпдан-кўп ҳолатлари аниқланган. Маълумотларга кўра, мазкур холатлар юзасидан республика бўйича 2015 йилда 588 та, 2016 йилда 911 та ва 2017 йилда 856 та маъмурий хуқуқбузарлик ишлари судга юборилган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, лойиҳалаш, экспертиза, қурилиш-монтаж ишларини бажариш талабларини, бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, шунингдек, давлат архитектура-қурилиш назорати органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаганлик ҳолати учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини, маданий мерос объектлари жойлашган туманларни реконструкция қилиш режаларини, даҳаларни, мавзеларни ва шаҳарларнинг саноат зоналарини, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек, бинолар ва иншоотларнинг архитектура ечимларини бузиш ҳолати учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима белгиланмоқда.
Фракция аъзолари таклиф этилаётган жарималар миқдори анча юқори эканлиги, статистик кўрсаткичлар жарималарни бундай миқдорда ошириш учун етарли асос бўла олмаслигини таъкидлашди. Фракция аъзолари томонидан ижтимоий хавфлилиги камроқ бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган жиноят учун белгиланган жарима миқдоридан ошиб кетиши мантиқан тўғри келмаслигини инобатга олиб, лойиҳада кўзда тутилган жарималар миқдорини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, айрим нормаларга таҳририй ўзгаришлар киритиш зарурлиги қайд этилди.
Фракция йиғилишида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.&nb...
01 янв 1970
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...