Бекорчилик ва бебошлик жиноятга сабаб бўлади

/
Ҳаётий тажрибалардан маълумки, жиноят содир этувчиларнинг аксарияти ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган, яъни бирор-бир фойдали машғулот билан банд бўлмаган шахслар ҳисобланишади. Айниқса, бу тоифа кимсалар ўртасида талончилик, безорилик, босқинчилик, ўғрилик жиноятлари ва мулкка қарши жиноятлар кўпроқ кузатилади. Яъни моддий эҳтиёжни қондириш, бошқача айтганда, оиланинг иқтисодий жиҳатдан ночорлиги ёки тўқликка шўхлик қилишнинг устунлиги жиноят омили бўлиб хизмат қилади.
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида яшовчи ака-ука Умиджон ва Обиджон Тошевлар, Дониёр Номозов, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Шерзод Мамиров, Тўлқинжон ўозиев ва Достон Турсуновлар ҳам оилали, фарзандли бўлишига қарамай, ҳеч қаерда ишламасди. Аммо тирикчилик, рўзғор ташвишлари дегандай... “Қаҳрамон”ларимиз ҳам оила, бола-чақа деб пул топиш йўлларини ахтаришди, лекин меҳнатга бўйнилари ёр бермай, жиноят кўчасига қадам қўйишди. Ўзаро жиноий тил бириктириб, босқинчилик ва талончиликка қўл уришди.
2017 йил 18 октябрь куни Чилонзор туманида яшовчи Н.Демушкина кечки соат 21:00 ларда уйига қайтаётганида Обиджон Тошев ва Шерзод Мамиров унинг ортидан боришди. Панароқ жойга етганда уни қўрқитиб, қўлидаги тилла узуги, тилла зираги, ичида “LG” русумли уяли телефони, ҳисобида 200.000 сўм пули бўлган пластик карточкаси, 300.000 сўм нақд пули ва 50 АҚШ доллари бўлган аёллар сумкаси — жами 8.350.000 сўмлик мулкини тортиб олиб, воқеа жойидан яширинишди.
Албатта, содир этилган бундай жиноий хатти-ҳаракатдан кейин Н.Демушкинанинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилгани табиий. Шуни англаб етган ҳамтовоқларнинг кейинги “ов”и Жиззах шаҳрида амалга оширилди. Аниқроғи, Обиджон, Шерзод ва Умиджон Тошевлар 2017 йил 26 октябрь куни соат 23:30 ларда шаҳарнинг “Лола” номли мактабгача таълим муассасаси рўпарасида кетаётган Ж.Қулбўлдиевнинг ортидан ҳужум қилиб, чўнтагидан 800 АҚШ доллари миқдоридаги пули, “Samsung A3” русумли уяли телефони ва чарм курткасини тортиб олиб, жуфтакни ростлашди.
Орадан уч ҳафта ўтгач, О.Тошев ва Ш.Мамиров тунги соат 23:30 да навбатдаги “ўлжа”нинг йўлини пойлай бошлашди. Бу маҳал шаҳарнинг “Сайилгоҳ” кўчасидаги кўп қаватли 3-уйда яшовчи З.Маматкаримов уйига кириб кетаётганди. Босқинчилар дарҳол унинг изидан тушишди. Оқибатда биринчи ва иккинчи қават оралиғида З.Маматкаримовни тўхтатишди. Сўнгра зўрлик ишлатиб, 40.000 сўм нақд пули, 1,5 миллион сўмлик “Samsung J3” русумли уяли телефонини талон-торож қилиб, қочиб қолишди.
Ана шу воқеадан кейин жиноий гуруҳ бир ҳафта “танаффус” қилди. Негаки, қўлга тушиб қолишлари мумкинлигини ўйлаб, ён-атрофдагиларни шубҳалантирмаслик мақсадида шундай йўл тутишганди. Бу орада топганларини кўкка совуриб, кайфу сафо қилишди. Лекин “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди” деганларидек, кўп ўтмай ҳамёнлар бўшаб қолди. Бинобарин, 2017 йил 25 ноябрь куни яна аввалгидек соат 23:30 ларда кўчага чиқишди. Фақат бу сафар Обиджонга Дониёр Номозов ва Тўлқинжон ўозиев ҳам шерик бўлди. Одатда, бундай пайтда, яъни ноябрь ойининг охирларида қиш эшик қоқиб, совуқ тушиб қолган бўлади. Шу боис кўчада деярли ҳеч ким бўлмайди, бу эса жиноий режани амалга ошириш учун жуда қулай вазият эди. Пировардида учовлон “Ёшлик” маҳалласидаги 120-уйнинг ёнида фуқаро Р.Каримовага тўсатдан ҳужум қилишди. Куч ишлатиб, аёлнинг қўлидаги сумкаси, унинг ичидаги 1.350.000 сўм пули, 150.000 сўмлик “Nokia 2700” русумли телефони, 2,5 миллион сўмлик тилло занжири, 1,5 миллион сўмлик тилло зираги, 15 минг сўмлик металл узуги жами 5.050.000 сўмлик мулкини тортиб олишди ва Т.ўозиев бошқарувидаги “Нексия-1” русумли автомашинада воқеа жойидан яширинишди.
Жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси шаҳардаги “Зебо” савдо мажмуасида ишловчи Достон Турсунов эди. Гап шундаки, Достон мулкнинг жиноий йўл билан топилганини била туриб, Обиджон Тошев ва Шерзод Мамировдан “Samsung A3”, “Samsung J3” ва “Samsung J1” русумли уяли телефонларни арзон гаровга сотиб олиб, номаълум шахсларга қимматроқ нархда пуллади. Бироқ “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганлари рост экан. Чунки 2017 йил 26 октябрдан 25 ноябрга қадар бўлган бир ой мобайнида бир эмас, 3 нафар жабрланувчи томонидан айнан бир хил мазмундаги мурожаат келиб тушгани сабабли Жиззах шаҳар ИИБ ходимлари аллақачон жиноятчиларнинг изига тушган эди. Шунинг учун сўнгги босқинчиликдан бир ҳафта ўтмай, ҳамтовоқларнинг кирдикорлари фош этилди. Натижада уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов жараёнида айбланувчилар Н.Демушкинадан бошқа жабрланувчиларга етказган зарарларни қоплашди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди уларни қонуний жазога маҳкум этиш баробарида ўз ҳукмида Н.Демушкинага етказилган 8.350.000 сўмлик зарарни О.Тошев ва Ш.Мамировдан солидар тартибда ундиришни белгилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инсон неча ёшга кирмасин, ота-она фарзандига танбеҳ бериши, тарбия қилишда давом этиши фойдадан холи бўлмайди. Шундай экан, судланувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандларининг юриш-туришидан бохабар бўлиб, уларни тергаб турганларида балки тилга олинган жиноят юз бермасмиди?
Феруза АШИРҚУЛОВА,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республикамизда 4 декабрда бўлажак сайлов бугунги кунда фуқароларимизнинг диққат марказида турган ҳаётий ва долзарб масала саналади....
01 янв 1970
Инсон ўз ҳаёти, тақдирини ўзгартириб, уни мушкул аҳволга солаётган “далил”дан устун чиқиш учун нима қилиши керак? ...
01 янв 1970
Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
01 янв 1970
Замира опа — қиз узатган, келин туширган, неварали, қуда-андали аёл. Фарзандлари ҳам эсли-ҳушли, меҳнатсевар....