Ўзбекистон – Россия таълим форуми

/
ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИ
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида кўплаб муҳим анжуманлар, форум ва тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон – Россия таълим форуми улар орасида алоҳида аҳамият касб этади.
Илк маротаба ташкил этилаётган мазкур форум икки мамлакатнинг олий таълим тизими, илм-фан, инновацион технологиялар соҳаси мутасаддилари, олимлар, профессорлар, педагогик жамоатчилик, ёш тадқиқотчиларни ўз атрофига жамлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов, олий таълим вазири И.Мажидов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Мараҳимов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ходиев ва бошқалар кейинги йилларда янгиланиш жараёнлари таълимнинг барча бўғинлари, жумладан, олий таълимда ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда олий таълимнинг барча учун баробарлиги, очиқлиги, унга ёшлар қамровини тобора кенгайтириш, ўқув масканлари базасини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимига қабул жараёнининг холислиги, шаффофлигини таъминлаш, жаҳоннинг энг нуфузли университетларининг филиалларини юртимизда ташкил этиш йўлида барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилмоқда. Меҳнат бозори талабларига мос бўлган кўплаб янги мутахассисликлар, йўналишлар ташкил этилгани, олий таълимда кундузги бўлим билан бирга сиртқи ва кечки бўлимлар очилгани, таълимда сифат жиҳатдан туб ижобий ўзгаришлар сари қадам қўйилаётгани, барча бўғинларда ўқитиш жараёни тарбия билан бевосита боғлиқ ҳолда олиб борилаётгани мамлакатимиз олий таълим тизимининг янада жозибадорлигини таъминламоқда.
«Янги иқтисодиёт учун – янги кадрлар» мавзусида ташкил этилган мазкур форумда ушбу йирик тадбирнинг Ўзбекистон ва Россия маърифий ҳаётида муҳим воқелик экани алоҳида таъкидланди.
Россия Федерацияси Президентининг ҳудудлараро ва хорижий мамлакатлар билан маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи Владимир Черновнинг таъкидлашича, ўтган чорак аср мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар наинки сиёсий-стратегик жиҳатдан, балки ўзаро манфаатли, ишончли, самимий ҳамкорлик асосида кенг йўлга қўйилди. Бунда ўзаро келишув ҳужжатларининг имзоланиши баробарида уларни ҳаётга жорий этиш ҳам муҳимдир. Бу эса ўзаро мулоқотнинг мустаҳкамланиши билан бевосита боғлиқ.
– Бу форум ўзаро манфаатли режаларни биргаликда амалга ошириш имконини беради, – дейди Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков. – Бугунги кунда ўзбекистонлик талабалар ҳам Россия олий таълим даргоҳларида таҳсил олмоқдалар. Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик жадал ва кўп қиррали характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса кадрлар тайёрлашни сифат ва миқдор жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Россия ректорлар уюшмаси президенти, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори Виктор Садовничийнинг айтишича, мазкур форум Ўзбекистон ва Россия олий таълим, илм-фан соҳасидаги муҳим воқеадир. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳаётга жорий этилаётган Ҳаракатлар стратегияси мамлакат тараққиётида зўр импульс бермоқда. Ўзбекистонда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани халқнинг миллий анъаналарига ҳамоҳанглиги билан диққатга сазовор. Мамлакатда буюк алломалар номидаги ихтисослаштирилган ўқув муассасалари ташкил этилаётгани, жумладан, Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат очилгани эътиборга моликдир. Ушбу форум икки давлат олий таълим даргоҳлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги даврни очиши муқаррар.
– Бундай нуфузли даврадаги учрашув олий таълим даргоҳлари орасидаги янги алоқалар, ҳамкорликдаги режалар, қўшма дастурларни амалга ошириш имконини беради, – дейди Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов. – Ўзбекистоннинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан биргаликда кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Г.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети каби нуфузли олий таълим муассасаларининг Тошкент шаҳридаги ҳамда Россия “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Уларда малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги тўртта олий таълим муассасасида Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда икки томонлама диплом бериш бўйича қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги қарори билан Тошкент шаҳрида “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди ва кейинги ўқув йилидан филиалда ўқув жараёнлари бошланади.
2018 йил 1 августда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Москва шаҳридаги ядро тадқиқотлари, муҳандислик-физика соҳасига оид институтлар билан магистратура бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзолади. Унга кўра мазкур олий таълим муассасасида ўзбекистонлик талабалар учун 2018/2019 ўқув йилида “Ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси” ҳамда “Ядро физикаси ва технологиялари” мутахассисликлари бўйича қадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Шу йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти билан институтнинг Тошкент шаҳрида филиалини очиш ва кино соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш, малака ошириш ва тажриба алмашиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.
Форумда икки давлат олий ўқув муассасалари ўртасида қўшма факультетлар, Россиянинг етакчи университетларининг юртимиздаги филиалларини ташкил этиш, қўшма лойиҳалар, талабалар алмашинуви, педагоглар малакасини ошириш, маҳорат сабоқлари ва бошқа ҳамкорликдаги чора-тадбирлар бўйича кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро, Фарғона давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувлари, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўртасидаги келишув, Тошкентда Москва давлат халқаро муносабатлар институти филиалини очишга оид мазкур ўқув муассасаси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасидаги келишув ва бошқа ҳужжатлар шулар сирасига киради.
Таълим анжумани иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда, «Рус тили – илмий-маърифий соҳада рақобатбардошлик омили сифатида», «Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг устувор тизимида техник таълим», «Иқтисодиётнинг муҳим йўналишлари учун кадрлар тайёрлашнинг шакли ва механизмлари», «Олий мактабда илм ва инновациялар» каби мавзулар асосида соҳага доир мавзуларни муҳокама этдилар.
Форум якуни бўйича Ўзбекистон ва Россия олий таълим тизимидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича якуний резолюция қабул қилинди.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Шу кунларда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш ишлари қизғин суръатларда давом эттирилмоқда....
01 янв 1970
Мажлис аввалида йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо кел...
01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....