Олмалиқда Россиянинг нуфузли университети филиали иш бошлади

/
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Россия Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети – МИСиС филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Россия биринчи таълим форуми доирасидаги тадбирда Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Россия фан ва олий таълим вазири М.Котюков, МИСиС ректори А.Черникова, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Хурсанов иштирок этди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жумладан, тор ихтисосликдаги мутахассислар тайёрлаш бўйича икки давлатнинг илғор олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани таъкидланди.
Тошкент вилояти улкан саноат салоҳиятига эга. Сўнгги йилларда вилоятда ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, кимё ва бошқа соҳаларда замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллий хомашё асосида янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараён ўз-ўзидан малакали кадрларга эҳтиёжни пайдо қилаётир. Шу боис вилоятда саноат тармоқлари учун малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 11 майдаги “Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси «Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
– Тошкент вилояти, хусусан, Оҳангарон воҳасида улкан қазилма бойликлари захираси мавжуд, – дейди МИСиСнинг Олмалиқ шаҳридаги филиали директори Ф.Умаров. – Уларни тадқиқ этиш, ўзлаштириш учун малакали кончи мутахассислар зарур. Тўғри, бу борада ҳар йили МИСиСга мамлакатимиздан 40 га яқин ёшлар ўқишга юборилади. Лекин бу кўзланган мақсадга эришиш учун кам. Шу маънода, мазкур филиал фаолияти йўлга қўйилгани мамлакатимиз тоғ-кон соҳасини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
МИСиС Олмалиқ филиалида кончилик иши, металлургия, технологик жараёнлар, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш йўналишлари ташкил этилиб, ўқув жараёнига танлов асосида юртимизнинг тажрибали мутахассислари жалб этилди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига Россия ва хориждаги етакчи олий ўқув юртларидан тажрибали ўқитувчилар ҳам жалб этилиши режалаштирилмоқда.
2018-2019 ўқув йилида таълим муассасасига 150 йигит-қиз ўқишга қабул қилиниб, уларнинг пухта билим эгаллаши учун барча шароит яратилган. Жумладан, 1 минг 200 ўринга мўлжалланган замонавий бино, қарийб 150 ўринли ётоқхона, замонавий жиҳозланган компьютер ва лаборатория хоналари, спорт майдони ва ошхона талабалар ихтиёрида.
А.ХУДОЙҚУЛОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...
01 янв 1970
Адабиёт майдони ғаройиб ҳодисаларга бой. Аммо бу майдонда ҳар ким ўз билганича от сурган. Омад эса ҳар кимга ҳар хилда кулиб боққан....
01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. 
01 янв 1970
Юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларини...