Дўстликнинг келажаги порлоқ саҳифалари

/
Ҳиндистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатлар қаторида бўлиб, жаҳон иқтисодиётидаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Ушбу мамлакат, айниқса, юқори технологиялар, инновациялар, саноат, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида илғор ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ушбу давлат билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳиндистон билан муносабатларимизни ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатга таянган алоқаларнинг ёрқин намунаси сифатида кўрсатиш мумкин.
Икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларимиздаги прагматик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш принципи, шубҳасиз, минтақада тинчлик ва барқарор иқтисодий ривожланиш омилларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Юқори технологиялар, инновациялар, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига катта эътибор қаратаётган мамлакатимиз учун Ҳиндистон тажрибаси ва технологиялари муҳим аҳамиятга эга. Ҳиндистон учун ҳам изчил ривожланаётган, инвесторларни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон истиқболли ҳамкордир.
Юртимизда Ҳиндистон билан ҳамкорликда бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилган. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокида 145 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 58 таси тўлиқ хориж капитали эвазига ташкил этилган. 2018 йилнинг биринчи чорагида Ҳиндистон сармояси иштирокида 9 та корхона ташкил этилгани ҳинд ишбилармонларининг мамлакатимизда фаоллиги ошаётганидан далолатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковинднинг таклифига биноан бу мамлакатга амалга оширган ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг тор доирадаги учрашуви чоғида таъкидланганидек, ўзбек ва ҳинд халқларини тарихий ва маданий муштараклик боғлаб туради, стратегик шерикликни ривожлантириш ва кўплаб йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам пойдевор мавжуд.
Учрашувда Ўзбекистон билан Ҳиндистон халқаро майдонда, жумладан, БМТ ва ШҲТ доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашлари, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа минтақавий ва глобал таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Музокараларда савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, юқори технологиялар, тиббиёт, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилиниб, бу борада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф ўзаро манфаатли Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатларига янги суръат бахш этиши таъкидланди. Бунда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Президентимизнинг икки кунлик ташрифи давомида муҳим аҳамиятга эга 20 та шартнома имзоланди. Минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Президентимиз ташрифи арафасида ўтказилган икки мамлакат мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда ишбилармон доираларининг қўшма бизнес форумида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
“UzMinda” Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонасида автомобиллар учун йилига 250 минг дона 30 турдаги эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда. 90 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган жамоада “GM Uzbekistan” автомобиль заводининг “Damas”, “Matiz”, “Nexia 3”, “Gentra” русумли уловлари учун спидометр, эшик тутқичлари ишлаб чиқарилаётир. 
Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, фан-техника ва инновациялар, коинотни тадқиқ этиш ва ундан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт илми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар имзоланди.
Бундан ташқари, ҳарбий таълим, ҳуқуқ ва адлия, фармацевтика соҳаларидаги муносабатларни ривожлантиришга доир ўзаро англашув меморандумлари қабул қилинди. Имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон — Ҳиндистон ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Андижон вилояти билан Ҳиндистоннинг Гужарат штати, Самарқанд ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ва шерикликни йўлга қўйиш, Андижон шаҳрида Эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисидаги англашув меморандумлари алоҳида аҳамиятга эгадир.
Бу ташрифнинг нуфузи нақадар юксаклигини ушбу мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилганида, хусусан, деярли барча босма нашрларнинг асосий саҳифаларида Юртбошимизнинг суратлари чоп этилиб, расмий учрашувларга оид тафсилотлар ёритилганида ва телеканаллар ҳам шу кунлари бор эътиборини ушбу мавзуга қаратиб, кўплаб видеолавҳаларни эфирга узатганида кўришимиз мумкин. “Яқин орада Ҳиндистонда хориж давлат раҳбарини бундай катта миқёсда кутиб олишмаган эди. Бу Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсатида Ўзбекистон нақадар муҳим аҳамият касб этишини яққол тасдиқлайди. Боз устига, “ўзбек дипломатияси”нинг салмоқли даражада фаоллашуви натижасида минтақада мутлақо янгича геосиёсий вазият шаклланиб бораётган шароитда расмий Тошкентнинг ўрни янада ортаётир”, дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашишгани бунга яққол мисолдир.
Шунингдек, ҳинд босма нашрларида Ўзбек дипломатиясининг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари сезиларли даражада фаоллашгани эътироф этилиб, афғон масаласи Ўзбекистон ва Ҳиндистон учун бирдек долзарб аҳамиятга эгалиги таъкидланган.
Ўзбекистон раҳбари ўз йўлини аниқ билиши ва белгиланган мақсадларга эришиши билан ҳиндистонликларни ҳайратда қолдирди, дея ёзади “The indian Express” нашри.
Албатта, бу эътирофлар бугунги глобал ўзгаришлар даврида ҳар бир мамлакат учун ишончли ва ўзига тўқ стратегик шерикнинг бўлиши ниҳоятда муҳим эканлилигига ва Ўзбекистон айнан шундай мамлакат ва унинг раҳбари буюк сиёсатчи эканлигига яна бир далолатдир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, узоқ ўтмишдан бугунгача давом этиб келаётган алоқаларимиз Президентимизнинг ҳинд диёрига ушбу ташрифидан кейин янада самарали бўлиши ва ташриф давомида эришилган келишувлар Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатларида янги саҳифа очиб бергани билан аҳамиятлидир.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳозирда юртимиздаги 92 фоиз ўғил-қизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади....
01 янв 1970
«Ўзэкспомарказ»да 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўз и...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги расмий веб-сайти ҳамда ундаги фуқаролар ва юридик шахслар учун янги интерактив хизматлар тақдимотига бағ...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўта...