Сайлов жараёнларида қулайликлар кўпаяди

/
Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган ва жаҳонда эътироф этилган муҳим демократик принциплар ташкил қилади.
Президентимизнинг парламентга тарихий Мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа тайёрланиши жараёнида сайловларни ўтказиш бўйича миллий амалиёт умумлаштирилган, бир қанча хорижий давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти ўрганилди. Кенг жамоатчилик муҳокама этаётган Сайлов кодекси лойиҳасининг 50-моддасида участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар ҳам ўз аксини топган.
Хусусан, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши лозимлиги таъкидланган: Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг устида ва ички қисмида); Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби (бино ичида); сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа; яширин овоз бериш учун кабина ва хоналар; кузатувчилар учун алоҳида жойлар; сайлов санасига бағишланган плакатлар; сайлов участкасининг харитаси; участка сайлов комиссиясининг таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали ҳақидаги ахборот; Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тарафидан нашр қилинган (китобча кўринишида) номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури; Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тарафидан нашр қилинган (плакат кўринишида) номзоднинг таржимаи ҳоли ва дастури; овоз бериш хонасига олиб борувчи кўрсаткичлар; зарур мебеллар, оргтехника воситалари (телефон, факс, принтер, иккита компьютер (улардан бири Интернет тармоғига уланган бўлиши лозим), сейф, канцелярия маҳсулотлари; ёнғинга қарши жиҳозлар. Овоз бериш хоналари кенг ва ёруғ бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши ҳамда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун (сайловчилар рўйхатида мавжуд бўлса) нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозим.
Янги Сайлов кодексининг қабул қилиниши парламент, Президент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилишига, сайловчилар ва сайлов жараёни ташкилотчилари учун қонунчиликни янада мукаммал тушунишда ва қўллашда қулайликлар яратишига ишонамиз.
Ж.ФАХРУТДИНОВ,
Марказий сайлов комиссияси масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Жаҳон почта конвенцияси талаблари ҳамда республикамизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, қимматбаҳо металлардан ясалган зар...
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....
01 янв 1970
Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритди.