Педагоглар бир қатор таклифларни билдиришди

/
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, илму маърифатда, таълим-тарбияда жонкуяр, ёшларга дилсўз педагог-мураббийлар сиёсий жараёнларда ҳам фаол, ҳозиржавоб. Чунки бу касб эгалари жамиятдаги ривожланиш масалаларига, муаммо-ютуқларга теран назар солиб, ҳаётий хулосалар чиқаришга, одамларни тўғри йўлга бошлашга одатланишган. Айни шундай лидерлик хусусияти, яъни оммага сўз айта олиш, ишонтириш санъати партия мақсадларини электоратнинг ҳар бир вакилига етказишда, уларни ташаббускорликка, дахлдорликка ундашда асқотади.
Тайлоқ туманида ҳам “Адолат” СДП билан яқин ҳамкорликда ишлаб, сиёсий фаолиятдан таълимни ривожлантириш, ёшлар муаммоларини ҳал этиш, ўқитувчи-мураббийларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш йўлида унумли фойдаланаётган устоз педагоглар талайгина. Туман партия кенгаши фаоллари ва бир гуруҳ депутатлар “Ўртақишлоқ” қишлоғида жойлашган 41-умумтаълим мактабида таълим жонкуярлари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни касб байрами билан табрикладилар.
Таъкидлаш лозимки, мазкур илм масканида ёш авлодга таълим-тарбия бераётган ўқитувчилар орасида ўз касбининг фидойиси бўлган сафдошларимиз ҳам бор. Бир давра столи атрофида бошланган “Ўқитувчи — ижтимоий ислоҳотлар фаол иштирокчиси ва тарғиботчиси” мавзусидаги мулоқот фойдали фикр алмашувларга бой бўлди, депутатларнинг таълим билан ҳамкорлиги масаласида янги ёндашувларни аниқлаб берди.
— Бу биринчи галда ўқитувчиларнинг давлат бошқарувини такомиллаштириш ва фуқаролар манфаати йўлидаги қонунлар ижросини сўзсиз таъминлаш, таълим муассасаларининг замонавий базасини мустаҳкамлаш, педагог-тарбиячиларнинг касбий шароитларини, турмуш фаровонлигини яхшилаш билан боғлиқ савол-жавоблар бўлганлиги билан ҳам учрашув янада ижтимоий мазмун касб этди, — дейди туман партия кенгаши раиси Нилуфар Акрамова. — Ўқитувчилар суҳбат чоғида таълимни ривожлантириш, коммунал, йўлсозлик хизматларини такомиллаштириш, педагогларни имтиёзли уй-жойлар билан таъминлаш, маҳалланинг бошқарувчилик ролини ошириш ҳақида ўндан ортиқ фойдали таклифларни илгари сурдилар. Ўз навбатида, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари бу таклифларнинг ҳар бирини яқин орада ваколатли доирада муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун ёндафтарларига қайд қилиб олдилар.
— Мактаб ўқитувчиларини аввалгидек пахта йиғим-теримига ва бошқа жамоат ишларига мажбурий жалб этмаслик ҳақида давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси таълим ходимларининг келажак олдидаги масъулиятини, ижодкорлигини, заҳматли меҳнатини чин маънода англаш ва қадрлаш бўлди десам, асло янглишмайман, — дейди учрашув иштирокчиси, ўқитувчи Хуршид Тоғаев. — Шу маънода маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари ўқитувчининг жамиятни янгилаш, соғлом кучларни тарбиялаш йўлидаги ташаббусларига пешвоз чиқишлари, уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашлари лозим.
Партия депутатлари Мелиқул Жабборов ва Нарзулла Раҳимов мазкур илм масканидаги энг яхши тажрибаларни таълим тизимида кенг оммалаштириш билан бир қаторда педагог-тарбиячиларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, фуқаролик ва сиёсий масъулиятини кучайтириш хусусида ўз мулоҳазаларини баён этдилар.
Учрашувда устозлар шаънига илиқ сўзлар айтилди, таълим соҳасининг заҳматкаш, фидойи вакилларига туман партия кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Урганчтрансгаз” шўъба корхонасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан учрашув бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналардаги шарт-шароитлар ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. ...
01 янв 1970
Бир қарашда йўлсозлик, коммунал хизматларга доир масалалар фуқаролар мурожаатларида тез-тез қайд этиб туриладиган, қонун доирасида кечиктирмай ҳал ...
01 янв 1970
Фуқароларнинг у ёки бу масалада мурожаат қилиши уларнинг партия депутатларига бўлган ишончини ифодалайди. ...