“Бизни кўп кашфиётлар кутмоқда” — дейди иқтидорли сафдошимиз Одилжон

/
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Ихтирочи Одилжон Маткаримов ана шундай умидли ёшлардан.
Изланиб, янгиликка интилиб, устозларидан илм сирларини ўрганаётган сафдошимиз учун техникасиз ҳаёт йўқ. Болалигидаёқ “Машина қандай юради?”, “Нега тўртта ғилдираги бор?”, деган саволлари билан ҳаммани ҳайрон қолдиргани ҳали ҳам ёдида.
— Улғайгач, яхши ўқисанг ҳаммасини билиб оласан, — дерди дадаси Зоҳиджон ака унинг айрим саволларига ўзи ҳам жавоб топа олмай қийналиб қолганида.
Онг-шуурида ўқиш — ҳамма саволларнинг калити, деган фикр уйғонган Одилжон Андижон туманидаги умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлагач, Андижон автомобиль йўллари коллежида «Автомобилларни йиғиш ва синаш» йўналиши бўйича билим олди. Ҳозирда у тадбиркорлик билан бирга янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
— Одилжон тиришқоқлиги, ҳаракатчанлиги билан жамоамиз ва тенгқурлари меҳрини қозонган, — дейди устози Ҳакимжон Қудратов. — Ҳар қандай мавсум ва об-ҳавога мослаша оладиган автомобиль шиналари ғояси бўйича яхши натижаларни қўлга киритмоқда.
Одатда, қишнинг қорли ва музлама даврида автомобилларнинг йўлда ҳаракатланиши қийинлашади. Сирпанчиқлар йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиши ва инсонларнинг жабр кўришига олиб келади. Одилжоннинг таклифи ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
— Устозим билан шу ғоя бўйича лойиҳа яратдик ва назарий, амалий жиҳатларини тўлиқ ишлаб чиқдик, — дейди Одилжон Маткаримов. — Бу изланишларга доир мақола Андижон давлат университетининг “Инновация: фан, таълим, технологиялар” илмий-услубий мақолалар тўпламидан жой олди.
2017 йил Одилжон учун унутилмас бўлиб қолди. У бир қатор нуфузли ташкилотлар томонидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Самарали қурилма” номинациясида “Касб маҳорати” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб чиқиб, “Иқтидорли ишланма учун” сертификати билан тақдирланди.
Янги ихтироларни ҳаётга жорий этиш орқали инсонларга хизмат қилиш унинг шиори.
— Ҳали жуда кўп кашфиётлар бизни кутаётганини биламан, — дейди ихтирочи сафдошимиз Одилжон. — Бунинг учун биз изланишимиз, кўпроқ билим олиб, яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланишимиз лозим.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўзимнинг аввалида гапнинг индаллосини айтиб қўя қолай. Китобдаги асосий асар “Ҳоким” қиссасини қизиқиб мутолаа қилдим. ...
01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...
01 янв 1970
Юртимиз узра кўклам нафаси кезиб юрган шукуҳли кунларда мамлакатимиз хотин-қизларининг юзу кўзида бахт нашидаси. ...
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳар дақиқада халқнинг фикрини илғашга, дардига дармон бўлишга интилди. ...