Эҳтиёжманд фуқаролар манфаатлари рўёбга чиқарилди

/
Партиямиз фаоли Акмалжон Йўлчиевнинг Ўзбекистон “Адолат” СДП Норин туман кенгашига етакчилик қила бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган муайян ишлар қилинди, чунки партиянинг таянч бўғинлари электорат билан яқиндан ишлашга ижобий таъсир қилади. Жойларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва ўрганиш диққат марказида бўлмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар дастурий мақсад-вазифаларимизни аҳоли ўртасида фаол тарғиб этиш, ҳудудда партиямиз мавқеини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Яқинда норинлик “адолат”чилар туман маркази — Ҳаққулободдаги “Навоий” маҳалласи аҳли билан учрашдилар. Дастлабки ташриф меҳнат фахрийси Иномжон Марҳаматуллаев хонадонига бўлди. Иномжон ота маҳаллада энг ёши улуғ инсонлардан бири. Иномжон ота умр йўлдоши Олияхон ая Жабборова билан уч қиз ва бир ўғилни вояга етказиб, бугунги кунда ўн тўрт нафар набира ва чеваралар ардоғида умргузаронлик қилишмоқда.
— Узоқ йиллар савдо соҳасида ишлаб, нафақага чиққанман. Давлатимизга раҳмат, кексалар доимий ғамхўрлик қуршовида, — дейди Иномжон ота Марҳаматуллаев. — Фарзандларимиз ҳаммаси иш жойларида яхши меҳнат қилиб, оиласини фаровон этиш, элимизга наф келтиршга интилмоқдалар.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раънохон ўаниеванинг айтишича, маҳаллада салкам 1900 киши истиқомат қилади. Кейинги пайтда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилгани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Хусусан, 10 миллион сўм сарфланиб, кам таъминланган фуқаро Арслонбек Ҳамроқуловнинг уйи таъмирлаб берилди. Маҳфуза Ҳасанова ва Умихон Қурбонова оилаларига эса газ плитаси совға қилинди.
Яқинда жазони ўташ муассасасидан қайтган фуқаро Б.Бердиқуловга ишга жойлашишда ёрдам кўрсатилди. Унинг мактабда ўқийдиган фарзандларига ўқув қуроллари ҳам сотиб олиб берилди. Ташаббускор фуқаро Нўъмонжон Эргашев эса маҳалла фаоллари ёрдам кўрсатиб, унга новвойчилик билан шуғулланиш учун тандир олиб берилганидан хурсанд. Ҳадемай Н.Эргашев ўз новвойхонасида тайёрланган нонларни эл дастурхонига етказишни бошлайди.
— Ўрганиш жараёнида маҳаллада олиб борилаётган бир қатор ибратли ишлар билан танишдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Норин туман кенгаши раиси Акмалжон Йўлчиев. — Айни пайтда айрим муаммолар ҳам йўқ эмаслигига гувоҳ бўлдик. Уларнинг аксариятини ҳал этишда туман ҳокимлигининг ёрдами зарур. Масалан, МФЙ ҳудудидаги олтита кўчанинг йўл қопламаси умуман талабга жавоб бермаслиги транспорт воситалари ва аҳоли, айниқса, кексалар ва ўқувчилар учун ноқулайликларни пайдо қилмоқда. Мазкур йўлларни асфальтлаш масаласини ҳал этиш бир неча йилдан бери пайсалга солиб келинмоқда.
Ёки бандлик муаммосини олайлик. Мисол учун, Шерали Умматов Наманган муҳандислик-қурилиш институтини битирган, нефть ва нефтни қайта ишлаш бўйича олий маълумотли мутахассис. Яқингача вилоят марказидаги ташкилотлардан бирида ишлаб келди. Ҳар куни қарийб эллик чақиримга қатнашнинг ўзи бўлмайди. Туманда эса унга иш топилмаяпти. “Адолат”чилар бу масалани назоратга олиб, ҳал этишда ёрдам кўрсатадиган бўлишди.
А.Йўлчиевнинг таъкидлашича, ушбу маҳаллада қайд этилган муаммолар бўйича партия депутатлари билан биргаликда иш олиб борилади.
Норинлик сафдошларимиз маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, мавжуд муаммоларни аниқлаб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда уларга ечим топишга доир амалий ишларни кенгайтиришни мақсад қилишган.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашларининг навбатдаги пленумлари бўлиб ўтмоқда....
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Боғишамол” болалар оромгоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ушбу масканда дам...
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...