Ўзаро ҳамкорликнинг янги даври

/
ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ:
Франция – дунёдаги етакчи давлатлардан бири

Маълумки, Франция дунёда етакчи мавқега ва икки юз йилдан ортиқ демократик тараққиёт тажрибасига эга бўлган мамлакат сифатида эътироф этилади.
Франция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатларни бирлаштирувчи “Катта еттилик” (G-7) ва “Катта йигирмалик” (G-20) гуруҳининг фаол иштирокчиси бўлиб, халқаро ҳамкорлик борасида зиммасидаги мажбуриятларни тўлақонли бажариб келмоқда. У Европа Иттифоқига асос солган таъсисчи давлатлардан бири бўлиб, ҳозирги кунда ҳам минтақавий интеграциянинг ташаббускори ва ҳаракатга келтирувчи асосий куч сифатида мазкур бирлашманинг сиёсатини белгилашда фаол иштирок этиб келмоқда. Франция дунёнинг қарийб барча давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган мамлакат бўлиб, ўзининг чет элдаги элчихоналари сони бўйича АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. ЯИМ ҳажми бўйича эса у дунёда АҚШ, Хитой, Япония ва Германиядан сўнг бешинчи ўринни эгаллайди.
Францияда ЮНЕСКО (Париж), Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (Париж), Интерпол (Лион), Халқаро меъёр ва ўлчовлар бюроси (Севр) каби қатор нуфузли халқаро ташкилотларнинг бош қароргоҳлари жойлашган. Франция БМТ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Жаҳон савдо ташкилоти, “Ўнлар гуруҳи”, Ҳинд океани комиссияси, Кариб ҳавзаси давлатлари Уюшмаси, Халқаро валюта жамғармаси, Бутунжаҳон банки, Француззабон мамлакатлар уюшмаси (Франкофония), Европа Кенгаши, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сингари қатор халқаро ва минтақавий тузилмалар аъзоси ҳисобланади.
Франция ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида Европа Иттифоқи, Ўрта ер денгизи ҳавзаси мамлакатлари, алоҳида мамлакатлар билан икки томонлама алоқалар, Франкофония, НАТО каби йўналишларни санаб ўтиш мумкин.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, сиёсий фанлар доктори

Франциянинг халқаро нуфузи жуда баланд бўлиб, у халқаро ва минтақавий миқёсда аксарият долзарб муаммоларга ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда самарали ечим топиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда. Давримизнинг умумбашарий муаммоларини ҳал қилишда Франция ўзининг кенг доирадаги халқаро шериклари билан узвий ҳамкорлик қилмоқда ва бу борада яхши натижаларга эришмоқда.
Франция йирик индустриал-аграр мамлакат сифатида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми салкам 3 триллион АҚШ долларини, ЯИМни киши бошига тақсимлаганда эса қарийб 45 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу иқтисодий салоҳияти Францияга ҳалқаро майдонда муҳим ўрин эгаллашга имкон бермоқда. Франция жуғрофий жиҳатдан жуда қулай, яъни Европанинг марказида жойлашганлиги ва ўарбий Европанинг бош савдо йўлларига (Ўрта ер денгизи, Ла-Манш бўғози, Атлантика океани) чиқиш имконига эгалигидан унумли фойдаланиб келмоқда.
Бу ерда темир ва уран рудалари, бокситлар қазиб олинмоқда. Етакчи ишлов берувчи саноат соҳалари сифатида машинасозлик, шу жумладан, автомобилсозлик, электроника товарлари (телевизорлар, кир ювиш машиналари ва бошқалар) ишлаб чиқариш, авиасозлик, кемасозлик (танкерлар, денгиз паромлари) ва станоксозлик тараққий топган. Франция – кимёвий ва нефть кимёси маҳсулотлари (шу жумладан, каустик сода, синтетик каучук, пластмасса, минерал ўғитлар, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқалар), қора ва рангли металлар (алюминий, қўрғошин ва рух) ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик мамлакат. Жаҳон бозорида Францияда ишлаб чиқилган кийим-кечак, пойабзал, заргарлик буюмлари, парфюмерия ва косметика, коньяклар анча машҳур саналади. Бу ерда биргина пишлоқнинг 500 дан ортиқ турлари мавжуд.
Франция – Европада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи энг йирик мамлакатлардан бири бўлиб, у қорамол, парранда етиштириш ҳамда сут, тухум, гўшт ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Қишлоқ хўжалиги улушига ялпи ички маҳсулотнинг бор-йўғи 4 фоизи ва мамлакатдаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг 6 фоизи тўғри келса-да, бироқ Франциянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулоти Европа Иттифоқи маҳсулотининг 25 фоизини ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги ерлари 48 млн. гектарни ташкил этади, бу эса мамлакат ҳудудининг 82 фоизи демакдир. Ижтимоий-иқтисодий тузилмасининг ўзига хос хусусияти хўжаликларнинг етарлича катта ўлчамга эгалиги ҳисобланади. Хўжаликларнинг ўртача ер майдонлари 28 гектарни ташкил этади, бу эса Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичларидан анча юқоридир. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг асосий кучини йирик хўжаликлар ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги ерларининг 52 фоизини 50 гектардан ортиқ ер майдонига эга бўлган хўжаликлар эгаллаган, улар умумий хўжаликларнинг 16,8 фоизини ташкил этади.
Франция хорижий мамлакатларга сармоя киритиш ҳажми бўйича ҳам пешқадам мамлакатлар сафида бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича у дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. Чунончи, биргина 2014 йилда француз компаниялари томонидан дунё мамлакатларига салкам 250 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Дунёдаги энг йирик 500 компаниянинг 39 таси француз компаниялари ҳисобланади.
Франция атом электроэнергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда, фармацевтика бўйича бешинчи ўринда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича 3-ўринда, парфюмерия товарлари ва вино ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринда, тез юрар поездлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринда туради.
Бугунги кунда Франция дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, дунё халқларининг маданиятини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратиб келмоқда. Ўз навбатида, Франция дунё ҳамжамиятининг каттагина қисмини юксак маданият ўчоғи сифатида ўзига мафтун этмоқда. Айниқса, унинг бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган нуфузли халқаро ташкилот — ЮНЕСКО доирасида олиб бораётган сиёсати таҳсинга сазовордир.
(Давоми келгуси сонда)

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотлар чоғида ўртага ташланган муаммоларни таҳлил қилар эканмиз, улар орасида ногиронлик аравачаси билан таъм...
01 янв 1970
Ўзбекистонда ёки хорижда паспорт йўқотиб қўйилганида уни тиклаш, янгисини олиш тартиби қандай?...
01 янв 1970
Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 7 март куни имзоланган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қон...
01 янв 1970
Хабарингиз бор, яқинда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фар...