Маҳалланинг янги қиёфаси

/
Ватанимизнинг барча гўшалари каби Тўрақўрғон туманида ҳам Мустақилликнинг 27 йиллиги кўтаринки руҳда нишонланди. Анъанага кўра байрам арафасида кўплаб янги турар жойлар, маданий-маиший бинолар, ишлаб чиқариш объектлари қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Айниқса, йирик аҳоли пунктларидан ҳисобланган Оқтошда “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
— Маҳалламизда 3100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валижон Сатторов. — Қурилиш ишлари шу йилнинг апрель ойида бошланган эди. Қисқа муддатда шунчалик кўп ўзгариш бўлдики, яқин орада бу ерга келмаган одам ҳайратга тушиши турган гап. Энг муҳим жиҳати, барча ўзгаришлар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шу боис давлатимиз томонидан мазкур масалага эътибор берилаётганидан барча мамнун бўлмоқда.
Маҳалла марказини айлансангиз, бу фикрларнинг амалий ифодасини кўриб, кўзингиз қувнайди. Бу ерда олтита кўп қаватли уй бор эди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида тикланган бу бинолар кейинги пайтда анча хароб ҳолатга тушиб қолганди. Қурувчиларнинг меҳнати билан қисқа муддатда уларнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Хусусан, уйларнинг том қисми янгиланди, энди ёмғир-қор ёққанда ҳам чакка ўтмайди. Барча электр симлари алмаштирилди, табиий газ тармоғи тикланди ва ишга туширилди. Ичимлик суви қувурлари янгиланди.
Маҳаллада намунали лойиҳалар асосида қурилган арзон уйлардан иборат янги кўча пайдо бўлди. Ҳар бири икки сотихли ҳовлига эга бўлган 16 та шундай уйга кўчиб кирганлардан бири Алижон Ҳотамовдир. II гуруҳ ногирони ҳамда оиласи кам таъминланган эканлиги эътиборга олиниб, А.Ҳотамов янги уйга эҳтиёжмандлар рўйхатига киритилганди.
— Ҳозиргача оилам билан қийин шароитда яшаб келдик, — дейди янги уй соҳиби А.Ҳотамов. — Давлатимизнинг эътибори туфайли шундай шинам уй-жойга эга бўлдик. Барча шарт-шароитлар яратилган. Хоналар кенг ва ёруғ. Биз бундан жуда хурсандмиз.
Ишсизлик маҳалла учун энг долзарб муаммолардан бири эди. Бу соҳада ҳам қатор ишлар бажарилди. Бунга собиқ “Деҳқонмаштаъминот” корхонаси ўрнида фаолият юритишга киришган “Боғишамол ҳаёт” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикув-трикотаж маҳсулотларн фабрикасини мисол келтириш мумкин. Ташландиқ бинонинг иккинчи қавати тўлиқ таъмирланиб, бу ерда замонавий ишлаб чиқариш цехлари иш бошлади.
Ҳозир янги корхонада 35 киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти яқингача фақатгина уй бекалари эди. Эндиликда улар юқори унумли дастгоҳларни бошқариб, ўз оиласи ва элимиз фаровонлиги учун меҳнат қилмоқда. Яхшигина маош, ишхонада корхона ҳисобидан тушлик — буларнинг ҳаммаси чеварларга маъқул тушмоқда. Яна бир қулай томони — фабрика ишчиларнинг уйларига яқинлиги учун бориб-келишга харажат қилинмайди.
Дарвоқе, бу тадбиркор Акрамжон Абдураҳмонов томонидан ишлаб чиқилган лойиҳанинг биринчи қисмидир. Режага мувофиқ корхонага жами 5,2 миллиард сўм сармоя йўналтириш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда яна 35 киши иш билан таъминланади. Келгуси йили ниҳоясига етадиган учинчи босқич туфайли эса корхонада яна эллик киши ишга жойлашиш имконига эга бўлади. Мазкур корхонани шу атрофдаги ҳудудда барпо этиладиган кичик саноат зонасининг дебочаси дейиш мумкин. Айни пайтда жами 30 та лойиҳа устида иш бошланган. Уларнинг барчаси ишга тушса, мингдан ортиқ янги иш ўрни вужудга келади. Бу эса бандлик муаммосининг ҳал этилишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Маҳаллада “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишида яна бир қатор хусусий тадбиркорлар фаол иштирок этдилар. Масалан, Хуршид Абдураҳмонов автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этди. Бу ерда маҳаллий ёшлардан беш нафари ишга жойлашди. Абдуғаффор Парпиев эса 18 кишини иш билан таъминлаган икки қаватли савдо ва маиший хизмат мажмуасини қуриб битказди. Маҳаллада янги дўкон, қассобхона, новвойхона, қандолатчилик цехлари фаолият кўрсата бошлади.
— Партиямиз лойиҳалари доирасида аҳоли билан жуда кўп учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказмоқдамиз, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Муқаддас Аҳматова. — Ана шу тадбирларда қишлоқларимизда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида ҳам атрофлича сўз юритаяпмиз.
Таъкидлаш жоизки, бундай бунёдкорлик ишларига бир қатор сафдошларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам равишда ишлашга Ўзбекистон “Адолат” социал-демокра...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам сама...
01 янв 1970
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгашида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....