Тараққиёт бугун ва келажак учун бирдай амал қилади

/
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жамиятимизнинг барча қатламларини, хусусан, илм-фан намояндалари, тадбиркорлар, фермерлар ва ёшлар, бир сўз билан айтганда, халқимизни бир олий мақсад атрофида бирлаштира олди.
Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунга келиб қатор соҳаларда ўзининг ижобий натижаларини бераяпти. Буни биз жойларда фуқаролар билан мулоқот қилганимизда, нуфузли халқаро экспертларнинг ислоҳотларимизга бераётган баҳоларида, хорижий сафарларимиз давомидаги учрашувларда гувоҳи бўлаяпмиз.
Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг ривожи учун нафақат халқимиз, балки бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар, шу билан бирга, хориждаги ватандошларимиз ҳам ўз хайрихоҳлигини билдирмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг АҚШга амалга оширган ташрифи давомида хориждаги ватандошларимизга мурожаати натижасида етакчи халқаро компанияларда фаолият олиб бораётган юзлаб ватандошларимиз юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўша бошлади.
Амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотларни ўз фаолиятимиз давомида кўриб, бугунги тарихий жараёнларда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз ва бу борада зиммамиздаги масъулиятни чуқур англамоқдамиз. “Тараққиёт стратегияси” маркази Ҳаракатлар стратегиясини келгуси йилларда амалга оширишга оид давлат дастурлари лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида, уни жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш орқали янада такомиллаштирилишида ўз хиссасини қўшиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг январь ойида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасининг жамоат муҳокамалари ташкил этилди. Унинг доирасида ОАВ вакиллари учун 20 га яқин пресс-брифинглар, халқаро ташкилотлар иштирокида 5 та йирик “давра суҳбатлари” ва теле-шоу ташкил этилди.
Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Улар қаторида БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқа ташкилотлар бор. Бугунги кунга қадар мазкур ҳамкорлик натижасида марказ томонидан қирққа яқин халқаро анжуман ва форумлар ташкил этилди.
Бугунги кунга келиб “Тараққиёт стратегияси” маркази мамлакатимиздаги деярли барча халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўнга яқин хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Буюк Британия, Туркия, ХХР, Германия, Исроил, Жанубий Корея, Япония давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари билан оммавий ахборот воситалари, соғлиқни сақлаш, инновацион технологиялар, таълим каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ННТ сифатида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам яқин ҳамкорлик олиб боради. Хусусан, Тошкент шаҳрида ўндан зиёд фуқаролик форумлари ташкил этилди. Маҳаллий ва халқаро ННТ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур тадбирлар натижасида соҳа ривожи учун хизмат қиладиган кўплаб таклифлар ишлаб чиқилиб, мутасадди вазирлик ва идораларга тақдим қилинди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази таҳлилий материаллар тайёрлаш ва Ҳаракатлар стратегиясининг йўналишлари доирасида тадқиқотлар олиб боришда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Ташкилот “ақл маркази” сифатида маҳаллий ва халқаро таҳлил марказлари ва илмий институтлар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларни ўрнатган. Жумладан, 2018 йилнинг ўзида “Тараққиёт стратегияси” маркази Хитойнинг “Глобал стратегия”, Ҳиндистоннинг “Вивиканда” каби етакчи “ақл марказлари” билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.
Қайд этиш жоиз, 2017 йил якунларига кўра, “Тараққиёт стратегияси” маркази дунёдаги 7815 та “ақл марказлари” иштирокида тузиладиган “Global Go To Think Tank Index Report” йиллик рейтингига киритилди. Унда марказ янги ташкил этилган “ақл марказлари” 50 талигидан жой олди.
Таҳлиллардан хулоса чиқарар эканмиз, тараққиёт бугун ва келажак учун бирдай амал қилади, десак янглишмаймиз.
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз қатори “Шуҳрат” медали билан тақдирланганимни мен учун ҳамда Марказимиз жамоаси учун юксак шараф деб ҳисоблайман. Бу юксак мукофот бизга масъулият ва куч бағишлаш билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилаётган вазифаларни бажариш йўлида янада ғайрат, шижоат ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.
Акмал БУРХОНОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий ҳимоя масаласига ало...
01 янв 1970
ЙЎЛ ХЎЖАЛИГИНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак”, деган ҳаётбахш ғ...
01 янв 1970
Нотариусларнинг одоб кодекси, одоб-ахлоқ қоидалари ёки фуқароларни қабул қилиш вақтида муомала маданиятини тартибга соладиган ҳужжати борми?...