Дўстлик ришталари мустаҳкамланмоқда

/
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаётганлиги халқимизнинг нақадар бағрикенглигини ифодалайди.
Сарҳадлари Туркман ўлкаси билан туташ Хоразм вилоятида 15 мингга яқин туркманлар ўзбеклар билан ёнма-ён, аҳил ва иноқ яшаб келишмоқда.
Урганч туманидаги “ўайбу” қишлоғининг “Туркманлар” маҳалласида уч минг етти юз нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг уч минг тўрт юз нафари туркман миллатига мансуб юртдошларимиздир.

Хива хонлиги томонидан XVII асрда туркманлар учун қурилган “Улли ҳовли” тарихий обидасида қадимий ҳовлилар, туркман маданиятига оид осори-атиқалар, уларни ўраб турган қўрғон сақланиб қолган. Бу мажмуа жорий йилда қайта таъмирланиб, янада обод гўшага айлантирилди. Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбек—туркман дўстлик уйи” барпо этилди. Улуғ шоир Махтумқули Фироғий ҳайкали қад ростлади. Жорий йилнинг 24 апрель куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Ўзбек—туркман дўстлик уйи” ва икки халқнинг севимли шоири ҳайкали очилишида иштирок этиб, ҳайкал пойига гул қўйишди. Олий мартабали меҳмонларнинг “Улли ҳовли” мажмуамизга ташриф буюришлари биз учун катта қувонч бағишлади, она юртимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни янада оширди.
Бугунги кунда “Ўзбек—туркман дўстлик уйи” мажмуасида ташкил этилган тарихий ёдгорликлар музейидан нафақат ёшларнинг, балки Хива ёдгорлик мажмуасига келиб кетувчи дунё сайёҳларининг ҳам қадами узилмаяпти. Бу ерда замонавий қулайликларга эга бўлган меҳмонхоналар фаолият кўрсатаётганлиги сайёҳларга ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган “Ичонқалъа” тарихий обидасини томоша қилиш билан бирга, ушбу масканда ҳордиқ чиқариб, туркманларнинг яшаш тарзи, тарихи ва бугуни билан танишиш имконини бермоқда.
Мажмуада ташкил этилган кутубхона ёшлар учун ҳақиқий зиё масканига айланган. Бу масканда улар нафақат туркман шоир ва ёзувчиларининг асарлари, балки икки халқ тарихига, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланишига ва маънавий юксалиши, адабий алоқалари билан боғлиқ турли халқлар адабиёти вакилларининг китобларини ҳам ўқишмоқда.
Мажмуамизга чет эллик сайёҳларнинг қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Чунки бу ерда ўзбек ва туркман қардош халқининг кўҳна тарихи бор, десак асло муболаға бўлмайди. Маълумки, бу икки улуғ халқ асрлар оша ишончли ва аҳил қўшни бўлибгина қолмасдан, бири-бири билан қуда-андачилик муносабатларини ўрнатишган. Уларнинг тўй-ҳашамлари, урф-одатлари ҳам жуда ўхшаш.
Яна шуни таъкидлаш керакки, ҳар бир хонадонда ўзига хос ишбилармонликнинг, тадбиркорликнинг гувоҳи бўласиз. Ҳовлилардаги саранжом-саришталик, боғлардаги ғарқ пишган сархил мевалар, томорқаларда етиштирилаётган неъматлар халқимизнинг фаровон ҳаётидан нишона.
Маҳалламиз аҳли турли соҳаларда ишлаб, она Ўзбекистонимиз равнақига ўз фидойи меҳнатлари билан ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, туркман хонадонларининг кўпчилигида оилавий тадбиркорлик кенг йўлга қўйилган. Учта ғишт заводи, учта шоли ва иккита ун тегирмонлари ана шундай ташаббускорлик маҳсулидир. Яқинда маҳалламизда яна бир янги корхона ишга тушди. Туркман йигити Санъатбек Юнусов эзгу мақсадда банк муассасасидан кредит олиб, хориждан 15 та замонавий тикув машинаси олиб келишга муваффақ бўлди. Натижада уйда ўтирган 20 га яқин хотин-қизлар иш билан таъминланди. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида харидоргир бўлмоқда.
Маҳалламизда 29-сон умумий ўрта таълим мактаби жойлашган. 300 ўринли бу илм масканида дарс сабоқлари туркман тилида олиб борилади. Замонавий талабларга жавоб берадиган мактабгача таълим муассасасида 120 нафардан зиёд кичкинтойлар тарбияланмоқда. 96 ўринли мусиқа ва санъат мактабида туркман ёшлари миллий чолғу асбобларимизни чалиш, қўшиқ ва рақслар ижро қилишни ўрганишмоқда. Бу эса халқимиз санъати ва маданияти ёш авлодларга тўлалигича етказилишида ва асрлар оша миллий анъаналаримиз давом этишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳақиқатан ҳам маҳалламизга келган меҳмон том маънода туркман қардошлари тафтини ҳис этади. Мажмуамизда туркманларнинг урф-одатлари ва миллий қадриятлари сифатида туркман “қора уй”лари тикланган. Улар хорижлик сайёҳлар ҳамда меҳмонларга хизмат қилиши билан бир қаторда қадимий услубда қурилган уй ва ўтовларнинг қулайликлари билан танишиш имконини яратади. Шунингдек, туркман миллий таомлари меҳмонларнинг мажмуага бўлган қизиқишини янада орттирмоқда.
Шу билан бирга, ушбу масканда туркман йигит-қизларини оилага тайёрлаш, касбга йўналтириш мақсадида турли мавзуларда тадбирлар, давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Қизларга орасталик, пазандачилик сирлари ўргатилмоқда. Ёшларимиз момоларимиз анъанасини давом эттириб, миллий кийимлар, кўрпа тикиш, дунёга машҳур туркман гиламларини тўқиш маҳоратларига эга бўлишаяпти. Шунингдек, “Туркманлар” маҳалласи фарзандлари қўғирчоқ ясаш, ёғоч ўймакорлиги ва темирчилик каби халқ ҳунармандчилиги сирларини ҳам ўрганиб, туман аҳлининг кундалик турмушида, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган асбоб-анжомлар тайёрлаш билан бирга, уста-шогирдлик анъаналари давом этишига ҳисса қўшиб келишаётгани қувонарлидир.
— “Обод маҳалла” дастури асосида маҳалламиздаги оилаларга 64 та янги, кўркам намунавий уйлар қуриб топширилди, — дейди “Туркманлар” маҳалласида истиқомат қилувчи Сайёра Авезова. — Фарзандларимиз, набираларимизнинг бахтли болалик гаштини суриб, билим олишлари учун ҳамма шароитлар яратилган. Барча қулайликларга эга қишлоқ врачлик пунктида вилоятнинг тажрибали шифокорлари маҳалламиз аҳлининг саломатлиги йўлида малакали тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Юртимизда нишонлаб келинаётган барча байрамларни ўзбек юртдошларимиз билан бирга шодумонликда ўтказамиз. Маҳалламизда ўзбеклар ва туркманлар қондош-жондош дўстларга айланиб кетишган.
Ўзбек ва туркман халқлари ўртасида дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг туркман миллатига бўлган ҳурмати, яқин қўшни мамлакатларга бўлган эътибори, бизга кўрсатаётган ғамхўрлиги икки миллат дўстлигининг янада жипслашишига хизмат қилмоқда.
Биз мана шундай обод, фаровон, осойишта юртда аҳил ва тинч-тотув умргузаронлик қилаётганимизга беҳад шукроналар айтамиз.
Давлатназар РАЖАБОВ,
“Ўзбек — туркман” дўстлик уйи ва “Улли ҳовли” туристик маркази раҳбари,
“Дўстлик” ордени соҳиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўпчилик интиқлик билан кутди. Чунки унда янграйдиган гаплар нафақат депутат ...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...
01 янв 1970
“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” шиорининг маъно-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси тизимида амалга оширилаётган к...
01 янв 1970
Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро мазкур фармонга мувофиқ афв этилди....