Қонун лойиҳаларида адолат тамойили устувор бўлмоқдами?

/
Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан, айтайлик, 300 минг сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди, аммо бирор сабабларга кўра қарз тўланмай қолди. Бир қанча жараёндан сўнг қарздорга суд қарори билан қарзни ихтиёрий равишда тўлаш учун муайян муддат белгиланади. Молиявий имкониятлари чеклангани ёхуд бошқа сабабларга кўра суд қарори ижросини фуқаро ўз вақтида бажара олмаса, бу қарздорга 921 мингдан 1 миллион 843 минг сўм (энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн баравари)гача жарима белгиланиши мумкин.
Хўш, бу жарима миқдори камми ёки кўп? Ушбу тартибни ўзида акс эттирган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги”га доир 1981-моддаси инсонпарварлик, адолатлилик тамойилига тўлалигича мос, юқоридаги жарима миқдори эса аҳолининг эътирозини келтириб чиқармаяпти, дея оламизми?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши шу каби мулоҳазалар билан бошланди.

Йиғилишда даставвал “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1981 ва 287-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаси қилинди.
Маълумки, амалда ушбу кодекснинг “Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги”га доир 1981-моддасига кўра “қарздорнинг ижро ҳужжатини унинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаслиги ёки унинг зиммасига муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра давлат ижрочиси белгилаган муддатда ижро этилмаслиги фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб” бўлиши белгилаб қўйилган. Сўзимиз аввалида коммунал хизматлардан қарздорлик ҳолатига доир қайд этиб ўтилган ҳаётий мисол мазкур моддада белгиланган ҳуқуқий меъёрлар қўлланишининг бир ифодаси, дейиш мумкин.
Амалиёт эса бу борада белгиланган қоидаларни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Муҳокама этилган қонун лойиҳасига кўра шу каби ҳолатларда фуқароларга енгиллик бериш, ижро ҳужжатини ихтиёрий ижро этмаганлик учун жаримани қарздорлик миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилаш назарда тутилмоқда. Яъни камроқ миқдордаги (энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача ёки унга тенг бўлган миқдордаги сумма) қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра бажармаслик фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Қайд этиш жоизки, худди шундай ҳолатда агар қарз энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кўп миқдорда бўлса, жарима ҳам мос равишда фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда этиб белгиланган.
Кодекснинг мазкур моддасига киритилаётган янги норма фуқароларимиз учун енгиллик яратиши, ҳуқуқбузарлик ва унга белгиланган жавобгарлик ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиши ва ундирувчининг қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши билан бирга, партия дастурий мақсадининг асоси ҳисобланган “Адолат ҳар бир инсон учун” тамойилига ҳам ҳамоҳанг эканлиги йиғилишда таъкидланди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 287-моддасига киритилаётган янги нормалар ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлди. Муҳокамалардан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Мажлисда депутатлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ва мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, мазкур кодекснинг 178-моддаси товарнинг сифати ва истеъмол хусусияти тўғрисида истеъмолчиларни чалғитиш, товарларни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш, била туриб маҳсулотнинг хусусияти ва сифатини ўзгартириш, шунингдек, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш – ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлувчи чоралар қўллашга оид норма билан тўлдирилмоқда.
Қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан лойиҳада кўзда тутилган ўзгартишлар аниқ мисоллар билан етарлича асослантирилмаганлиги боис бу норма белгиланадиган бўлса, ҳеч қандай муаммоларсиз амалда қўлланилиши борасида депутатлар фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Сайловолди дастуримизда келтириб ўтилганидек, партия давлат бундан кейин ҳам фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди. Шуни назарда тутиб, мазкур қонун лойиҳаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан ҳам фракция аъзоларининг диққатини янада жалб этди. Йиғилиш иштирокчилари бир қатор аниқ таклифларни билдирган ҳолда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватладилар. Қайд этилганидек, лойиҳанинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали истеъмолчилар манфаатларининг янада ишончли ҳимояси таъминланишида амалий аҳамият касб этади.
Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан фракциянинг позицияси билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қи...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Саховат — инсонлардаги энг олий фазилат ҳисобланади. Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоллари ана шу қадриятни доимо амалга оширишга ...