ЁНИМИЗДАГИ ХАТАР

/
Кейинги кунлари аҳоли, электоратимиз вакиллари билан учрашиб, бугунимизнинг долзарб мавзулари, муаммолари ҳақида гурунглашганимизда гап мавзуи тунги клубларга ҳам бориб тақалмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас. Юртда кечаётган воқеликларга ўзини дахлдор ҳис этадиган, фарзандларимизнинг фаровон эртанги куни таъминланиши ҳақида қайғураётган, ўзини бу жараённинг фаол ва масъул иштирокчиси деб ҳисоблаган фуқаро борки, жамиятда мавжуд оғриқли масалаларга очиқ кўз билан қарашга, уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилиши жоиз. Айниқса биз, депутатлар, халқ вакиллари бу сафнинг олдинги қаторларида туришимиз шарт.
Ҳаммамизга аён ҳақиқат шуки, муаммога ўз вақтида барҳам берилмаса, у тобора маддалаб, газак тўплаб бораверади ва кун келиб унинг аянчли оқибатига ҳаммамиз шоҳид бўламиз. Тунги клублар масаласи ҳам худди шундай бўлди.
Биз “Адолат”чилар ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мужассам этадиган ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар янада инсонпарварлик ва ижтимоий хусусият касб этиши тарафдоримиз. Бироқ кундалик ҳаётимизда учраётган айрим воқеликлар биз Сайловолди дастуримизда белгилаб олган эзгу ғояларни амалиётга ҳар томонлама, тўлиқ татбиқ этиш учун мунтазам равишда ва изчил кураш олиб боришимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Биз учун халқнинг тинчлик-хотиржамлиги бебаҳо неъматдир. Бироқ шаҳарнинг қоқ марказида, шундоққина аҳоли яшайдиган уйларга бақамти қурилган, тонгга қадар бемаза қилиқлару тутуриқсиз қўшиқ-рақслар тинмайдиган, фуқароларнинг ҳам оромини ўғирлайдиган, ҳам асабларини қақшатадиган тунги клублар ким учун хизмат қилмоқда ўзи? Уларнинг ортида кимлар, қандай кучлар турибди? Ё мақсад солиқдан миллионлаб сўмларни яшириб бўлса ҳам фақат бойлик орттиришми? Ниманинг эвазига? Сўнг, ҳаромдан келган бойлик яна ҳаром ишларга сарфланади-да, шундайми?..
Ўзингиз бир тасаввур этиб кўринг, маошга яшайдиган оддий фуқаро пул дарё бўлиб оқадиган бундай клубларга, яна кечаси соат ўн бирдан кейин борадими? Асло бормайди. Демак, бундай клубларнинг доимий мижозлари гуруҳи шаклланган бўлади. Кимлар улар? Қайси пулга яшашмоқда? Кимлар уларни таъминлаб турибди?
Бундай масканларда тун-кун хорижнинг бақироқ қўшиқларини эшитадиган, мияси олиб ташланган қўйдай фақат қилпанглаб рақсга тушадиган ёшлардан нимани кутамиз? Асли шулар-ку четдан келган эмас, шундоқ ёнимизда авайлаб парваришланаётган “оммавий маданият”нинг ожиз қурбонлари...
Ҳа, тунги клублар суюқоёқ аёллар масканию ОИТС, таносил касалликларининг манбаи эканлигини кўпчилигимиз биламиз. Айнан шундай клубларнинг босар-тусарини билмай қолган, пул қутуртирган эгаларидан улги олган қўриқчилар назорат қилгани борган масъул ходимларни ичкарига қўймасликлари ҳам бор гап. Гўёки клуб “хусусий мулк” эмиш. Улар тадбиркорлик билан шуғулланишар эмиш. Қачондан буён фаҳш, зино, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, зўравонлик, қон тўкиш тадбиркорлик бўлиб қолди? Булар-ку, биз кўриб турган айсбергнинг юқори қисми, холос. Унинг асосий қуйи қисмида нима гаплар... Шубҳасиз, агар таниқли мижоз ҳалок бўлмаганида, унинг ўрнида оддий мижоз бўлганида ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолаверарди, тунги клублар ўзларининг бешарм, маънавиятимизга зид фаолиятларини давом эттираверган бўлишарди.
Аммо энди бунга йўл қўйиб бўлмайди!
Юртимизда қонун бор, амалдаги ҳуқуқий меъёрлар бор. Қонун устуворлиги эса ҳеч кимга, ҳеч қачон ноқонуний тарзда имтиёз бермайди. Шу сабабли ҳам биз, депутатлар бу борадаги амалдаги қонунчилигимизни янада мустаҳкамлашимиз, уни замон талабларига мослаштиришимиз зарур. Токи бугун ўзини “тадбиркорман” деб кўкрагига ураётган, халқ пулини жиғилдонига жойлаштиришдан ҳузурланадиган, одамларнинг ғам-қайғусини, йўқотишларини менсимайдиган айрим сохта ишбилармонлар қонун ва фақат қонун уларнинг фаолиятига чек қўйишини, истаган маҳал жиноий жавобгарликка тортишини билиб туришсин. Қонунлар қоғозда қолиб кетмаслигини, уларга ҳаётда оғишмай амал қилинишини мунтазам назорат қилиб бориш эса жамоатчиликнинг, энг аввало, биз, депутатларнинг бош вазифамиздир! Шиддатли давр биздан шуни талаб қилмоқда, суръати юксак замон биздан шуни талаб қилмоқда. Бундай талабларга ўз вақтида “лаббай” деб жавоб бермасак, чин фаолиятимиз билан зиммамиздаги бурчимизни ўз вақтида адо этмасак, халқ бизни кечирмайди.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Элликқалъа туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчилик ишларида ҳам намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
“Ҳукмдорларнинг қайси бирида билим бўлса, билимга эътибор кучли бўлса, ўша яхши, эзгу ишларни амалга оширади, мамлакатда қонун-тартиботларга,...
01 янв 1970
Салкам бир юз ўттиз йил давом этган истибдод туфайли эркидан, динидан, тарихидан, тилидан айрилаёзган халқимизнинг дардига улуғ фарзандларидан бири...
01 янв 1970
Жиззах шаҳрида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари ўртасида анъанавий “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг республ...