Оила мустаҳкамлигининг ҳаётий мезони

/
Оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдириш, оилавий муносабатларда адолат тамойиллари устуворлигини таъминлашда ёши улуғлар, ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор.
Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида ҳам оилаларда ички оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан, ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитини амалий ҳал қилиш механизмларини жорий этиш хусусида алоҳида сўз юритилган. Бу бежиз эмас, албатта. Қай бир хонадонда тотувлик, аҳилликка дарз етса, бундан оиланинг ҳар бир аъзоси, аввало, фарзандлар азият чекади. Оила жамиятнинг асосий бўғини эканини назарда тутсак, бу ҳолатда муаммонинг ижтимоий аҳамиятини яққол англаймиз.
2018 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимизда 16449 оилада ажрашишлар кузатилган бўлса, шуларнинг 11000 дан ортиғида камида бир нафар ёки ундан ортиқ фарзанд бўлган. Аксарият ҳолларда бу каби ажримлар қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида содир бўлганлиги кузатилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ажралишларнинг олдини олиш мақсадида фарзандлар, набиралар тарбияси ва келинларга адолатли муносабатда бўлиш борасида ибрат кўрсатаётган қайноналарнинг ҳаёт тажрибаси кенг тарғиб этилмоқда. Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ҳам шу мақсадларга хизмат қилмоқда. “Маҳалла” хайрия жамғармаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган бу йилги танлов ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Миллий матбуот марказида ушбу кўрик-танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, барча вилоятлардан ташриф буюрган партия фаоллари, “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг 14 нафар ҳудудий босқич ғолиблари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчил татбиқ этилиб, бу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришда дастуриламал бўлмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам жамиятимизнинг асосий бўғини бўлмиш оилалар фаровонлигини таъминлаш мақсади мужассам. Азалдан халқимиз оилага, аёлларга юксак ҳурмат билан қараб, уларни асраб-авайлашни маънавий бурч сифатида улуғлаган, истиқлол йилларида бу эзгу анъаналар янгича мазмун билан янада бойиб, гўзаллашди.
Айниқса, бугунги кунда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қилинаётган кенг кўламли ишлар, аввало, юртимиз аёлларининг турмуш шароитини яхшилаш, фарзандларимизга ғамхўрлик кўрсатишнинг юксак ифодаси бўлмоқда.
Кўрик-танлов жараёнларида иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги, оила, маҳалла ва жамият муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, умуминсоний қадриятларни яхши билиши ва оилавий тарбияга сингдира олиши каби жиҳатларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, уларнинг фарзандларимизни маънавиятли, маърифатли қилиб тарбиялаш орқали оилада баркамол авлодни шакллантириш, келинларга адолатли муносабатда бўлиш орқали хонадонларда қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги ролига алоҳида урғу берилди.
Танловнинг маҳалла, туман ва шаҳарларда ўтказилган қуйи босқичларида фарзандлар, набиралар тарбияси, оилада аҳиллик, маънавий муҳит барқарорлиги, ҳаёт сабоқлари борасида бошқаларга ибрат бўлаётган 7000 дан ортиқ онахонлар фаол қатнашган бўлишса, танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида 200 га яқин иштирокчилар беллашдилар.
Белгиланган Низомга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари танловнинг республика босқичи ғолиблари ҳисобланиши ушбу тадбирнинг ўзига хос жиҳатларидан саналади.
Тадбирда “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг ғолиблари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг дипломлари, “Адолатли қайнона” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда тутган роли юртимиз аёлларига ўрнак бўла олиши таъкидланди.
Тадбирда ёш ижодкор ва санъаткорлар томонидан ижро этилган мустақиллик, она Ватан, тинчликни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

СЎЗ — ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИГА
Умитхан ХАЛМУРАТОВА,
Нукус шаҳридаги “Байтерек” МФЙ фаоли:

— “Адолатли қайнона” кўрик-танловини ташкил этган партия фаолларидан мамнунмиз. Чунки мазкур кўрик-танлов ёш келинларга ибрат мактаби бўлиб қолмасдан, юртимиз аёлларининг истеъдоди, маҳорати, изланиш ва имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашмоқда.
Фарзандларимизнинг ўқиб-ўрганиши, билим олишига эътибор қаратганмиз. Янглишмаган эканмиз, бугун уларнинг барчаси олий маълумот олишди, ИИБда, лицейда, мактабда, коллежда ва бошқа масъулиятли вазифаларда элга хизмат қилишмоқда. Кичик келиним кутубхоначи бўлганлиги биздек китобсевар оила учун айни муддао бўлди. Кутубхонадаги ҳар бир китобни оилавий ўқиб чиқдик десам, муболаға бўлмайди. Ўн тўрт нафар неварам, бир нафар чеварам бор. Ҳаммасининг ўз ёшига мос асарларни мутолаа қилишини кутубхоначи келиним назорат қилади.
Гулсара ГАДОЕВА,
Қизилтепа тумани “Ўзбекистон” МФЙ фаоли:

— Юртбошимиз томонидан оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш ва фарзандларимиз тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қайноналарнинг масъулиятини кучайтириб ва ёш оилаларни мустаҳкамлашда уларнинг тажрибаларини намуна қилиб кўрсатилаётгани бежиз эмас. Оиланинг мустаҳкам бўлиши ва бахтли яшаши кўп жиҳатдан қайнонанинг ҳаёт тажрибаси, билимдонлиги ва оила аъзоларининг ўзаро муносабатларига боғлиқ.
Норбиби МАРДОНОВА,
Ғиждувон туманининг “Зарангари” маҳалласи “Қайноналар кенгаши”нинг раиси:

— ўиждувон туманидаги 8-умумтаълим мактабида муаллимлик қилиб, ёшларга математика фанидан сабоқ бердим. 35 йил давомида ёшлар билан ишлаб, уларни нафақат математика фанига, балки бадиий асарлар ўқишга ҳам жалб этдим.
Фарзанд тарбиясида китоб алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, эртак эшитиб улғайган фарзанд кенг дунёқарашга эга бўлади. Она сифатида тарбиянинг айни мана шу жиҳатига алоҳида эътиборли бўлдим. Келинларимга фарзанд тарбиясида елкадош бўлишни ҳам масъулиятим, ҳам асосий вазифам деб биламан.
Биз истиқомат қилаётган “Зарангари” маҳалласида ёшлар учун “Ибрат мактаби”ни ташкил этганмиз. Маҳалламизда “Китобим — офтобим” танловини ўтказиб турамиз. Унда ёшлар, келинлар қатор қайноналар ҳам фаол қатнашмоқда.
Маҳалламизда қайнона ва келинлар билан доимий мулоқот қилиб борамиз. Бундай суҳбатларнинг ҳар бир оила аҳилликда яшашига, келишмовчиликларнинг олдини олишда ижобий таъсири бор, албатта. Бирор қайнона-келин ўртасида муаммо пайдо бўлса, тезда унинг асл сабабини топиш ва бартараф этишга интиламиз.
Мавлудахон МУҚИМОВА,
Асака туманидаги 6-умумтаълим мактабининг бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раҳбари:

— Партиямиз томонидан ўтказилаётган бу тадбир жамиятимизда хотин-қизларга, оналарга бўлган эьтиборнинг амалий ифодасидир. Аслида биз — оналар ҳамма вақт фаол бўлишимиз зарур. Негаки, оиланинг мустаҳкамлиги, фарзандлар камоли биз билан. Она — бу фидойилик, матонат, меҳр ва садоқат тимсоли. Мен адолатли қайнона сифатида нафақат ўз оилам, балки маҳаллада ҳам ибрат бўлишни, ёшлар тарбиясига масъулликни ўз вазифам, деб биламан. Асака туманида ташкил этилган қайноналар мактабининг ҳар бир тадбирида фаол қатнашаяпман. Шу йилнинг ўтган даврида 6 та оилани яраштирдик. Биз ёшларга ҳаёт йўлларида ҳар доим ёрдам беришимиз шарт. Шундагина улар ҳам улғайганида бу анъанани давом эттиради.
Баъзи қайноналар келин ҳали ёш эканлиги, кексалар каби бой тажрибага эга эмаслигини, баъзида хато қилиши мумкинлигини унутиб қўйишади. Ёш келинга катта оиланинг ҳамма юмушларини ташлаб қўядиганлар ҳам учраб туради.
Аслида 30 йиллик турмушим пойдевори мустаҳкамлиги қайнонамнинг кўмаклари ва ўгитлари билан боғлиқ. Келиним Сурайёхонда ҳам ўз ёшлигимни кўраман. У ягона қизимга сирдош, дугона. “Қизим” деб чақирсам, иккаласи ҳам “лаббай” деб келишади. Шундай келинни яхши кўрмай бўладими?!
Насиба ҲАКИМОВА,
Поп тумани “Ипак йўли” МФЙ фаоли:

— Республикамизда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танлови кўпчиликнинг эътиборига тушиб улгурди. Бу йил илк бор ушбу танловда қатнашдим.
Кези келганда айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Мен қайнона сифатида куёвларимга ҳам меҳрибонлик қилишни унутмайман. Уларни ўз фарзандимдай кўраман. Турмушда қандай муаммо юзага келса, ечимини топишга ҳаракат қиламан. Ўн йилча муқаддам катта куёвим Камолиддин ўзига муносиб иш топа олмаётганини айтиб қолди. Нима қилиш керак? Ҳозирги замонда ишбилармонликка кенг йўл очилган. Ўзаро маслаҳатлашиб, прессланган ғишт тайёрлайдиган кичик корхона ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Чунки қурилиш миқёслари юртимизда йил сайин кенгайиб бормоқда. Мана, қарийб ўн йилдирки, “Поп пресс ғишт заводи” кичик корхонаси аҳолига ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда. Турмуш ўртоғим билан ўғлим Иброҳим ҳам шу ерда ишлайди.
Кичик куёвимиз ўуломжон ҳам ўз қобилиятини тадбиркорликда синаб кўрмоқда. Унга ўз вақтида деҳқон хўжалиги ташкил этишга кўмаклашдик. Мева-сабзавот етиштиради, асаларичилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Топиш-тутиши ёмон эмас. Рўзғорда камчилиги йўқ. Турмуши фаровон.
Тўхтажон ИБОДУЛЛАЕВА,
Урганч шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фаоли:

— Ҳаётимнинг 45 йилини ёш авлодни адолатли, комил инсонлар қилиб тарбиялашга бағишладим. Фарзандларим, набираларимнинг аксарияти таълим соҳасини танлашди ва ота-она издоши бўлишди.
Нафақада бўлсам-да, ўзимни ёшлар тарбиясидан айро ҳис эта олмайман. Маҳалламизнинг фаоли сифатида эл хизматига, айниқса, ёшлар тарбиясига ҳар сониямни бағишлаганимдан бахтлиман. 50 дан зиёд оилавий ажримнинг олдини олишга, 50 дан зиёд хотин-қизларни иш билан таъминлашга, 10 дан зиёд аёллар тадбиркорлик билан шуғулланишига эришдим. Ёшларни китоб мутолаасига меҳр қўйишга ўргатишга бел боғлаганман. Оилавий кутубхонамизга маҳалла ёшларининг меҳри бўлакча. Қувонарлиси, партиянинг вилоят ташкилоти қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” ёш қаламкашларининг тез-тез кутубхонамга ташрифидан олам-олам завқ оламан.
Қудаларим билан опа-сингилдек бўлсак, куёвларим, келинларим билан она-боладекмиз десам, муболаға бўлмайди.
Хонадонимизда яшаётган каттаю кичик ҳаммаси уй ишига қарашади. Ахир уйда фақат келин яшамайди-ку, шунинг учун ҳам оила дейилади-да.
Маҳалла фаолиман. Албатта, нотинч хонадонларга кириб, маслаҳат бериш билангина иш битмайди, ўзим, оилам билан ўрнак бўлсам, ибрат дегани — шу аслида.
Дилфуза СУЮНОВА,
Яккабоғ туманидаги “Совуқбулоқ” маҳалласи фаоли:

— Менинг беш нафар ўғлим, бир қизим бор. Тўрт келиним ва невараларим билан бирга яшаймиз. Маҳалладаги бирор хонадонда баъзи-баъзида муаммо пайдо бўлиб қолиши мумкин. Бир уйда қайнона, ўғли, келини билан яшаб, тушунмовчилик оқибатида келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларга дуч келамиз. Наҳотки қайнона бир келин билан келишолмаса ёки келин бир қайнонани айланиб-ўргилиб, хизматини қилиб, кўнглини ололмаса?! “Сиз бир ҳовлида тўртта келин билан тинч-тотув яшайсиз, бунинг сири нимада?” — дейишади менга.
— Маҳалланинг энг ақлли қизларини келин қилганман-да, — деб келинларимни мақтайман. — Сиз ҳам келинингизни “қизим”, “онам” деб чақиринг-чи, дарров “Лаббай, онажон”, деган жавобни оласиз.
Келинларим бу мақтовимни эшитиб, хурсанд бўлишади, меҳрига меҳр қўшилади, ҳурматлари янада ошади. Мана, бахтли бўлиш сири оддийгина: келиннинг камчилигидан кўз юмиб, яхши хислатини ошириб айтиш. Шунда келин ҳам кўп ўтмай шу таърифда айтилгандай бўлишнинг уддасидан чиқади.
“Adolat” мухбири Саодат РАҲИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вази...
01 янв 1970
Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ўлмас Саиджонов батафсил маълумот берди...
01 янв 1970
Ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш муаммоларни ҳал этиш ҳаётий аҳамият касб этмоқда. ...