Биз тарбиялаган футболчилар ватанпарварлиги, ғалабага чанқоқлиги билан ажралиб турcин

/
Cўнгги пайтларда “Бунёдкор” футбол клуби атрофида юз бераётган воқеалар ҳеч бир футбол мухлисини беэътибор қолдирмаяпти. Айниқса, клубнинг молиявий томондан жиддий муаммога дуч келаётгани, жамоа тугатилиши мумкинлиги спортга оид сайтлар ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Мухбиримиз ўзининг мустаҳкам спорт базаси ва малакали футболчилар тайёрлаш мактабига эга жамоада бўлаётган ўзгаришлар хусусида «Бунёдкор» футбол клуби Бош директори, халқ депутутлари Чилонзор тумани Кенгаши депутати Мурод АЛИЕВ билан суҳбатлашди.
— «Бунёкор» футбол клуби томонидан мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини таъминлаш ва янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз.
— «Бунёдкор» футбол клубини ташкил этишдан асосий мақсад юртимизда оммавий спортни ҳамда футбол тарғиботини янада кучайтиришдан иборат эди. Хабарингиз бор, клуб 2005 йилда ташкил этилган. Ўтган йиллар мобайнида клуб босқичма-босқич ривожланиб борди. Ҳукуматимиз ва ҳомийлар томонидан клубга ажойиб ва кўркам стадион, муносиб ўринбосарларни тайёрлаш учун замонавий болалар ва ўсмирлар футбол мактаби қуриб берилди. Ўйлайманки, ўтган 14 йилда клуб олдига қўйилган вазифалар имкон даражасида амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон футболини янада ривожлантиришга жамоамиз ҳар томонлама муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлаш жоиз.
— Футбол клубининг ташкил топганига унча кўп вақт бўлмаган бўлса-да, «Бунёдкор» ўзбек футболи тарихига кира олди. Бу анъанани давом эттириш учун яна нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?
— Клубимиз мамлакатимиз футбол жамоалари ичида энг ёши ҳисобланади. Клуб ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон чемпионатида 5 маротаба олтин медални қўлга киритиш билан бирга, тўрт карра мамлакат кубоги соҳиби ҳисобланади. Халқаро майдонда ҳам клуб Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаяпти. Жумладан, жамоа икки маротаба қитъамиз клублари ўртасидаги энг катта турнир — Осиё чемпионлар лигасида ярим финалгача етиб борган. Бу анъанани яна давом эттириш учун жамоада футболчиларнинг қўнимсизлигига барҳам беришимиз керак. Шу билан бирга, жамоада мураббий танлаган футболчилар билан эркин ишлашга шароит яратиб беришимиз зарур. «Бунёдкор» 14 йил мобайнида қўлга киритган барча ютуқлар бевосита Миржалол Қосимов номи билан боғлиқ. М.Қосимов клубни ҳар қандай ҳолатда юқори ўринлар учун курашишга чорлай оладиган кам сонли мутахассислардан бири, деб ўйлайман. Раҳбарият ва мураббийлар жамоа нуфузи ҳамда мавқеини юқорига кўтариш учун тинимсиз изланишлар олиб бораяпти. Тўғри, бизда ҳозирги кунда катта маблағ бўлмаслиги мумкин, бироқ бу баҳона бўла олмайди. Раҳбарият барча чораларни кўриб, футболчиларни рағбатлантиришга ҳаракат қилаяпти. Футболчилар ҳам майдонда ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг курашаётгани бизни хурсанд қилмоқда. Улар пул кам экан деб, икки қўлини чўнтагига тиқиб олганлари йўқ. Бутун жамоа бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаяпти десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Молиявий тарафдан қийинчиликлар мавжуд бўлишига қарамасдан, яхши натижа кўрсатиб келаётган барча футболчиларга алоҳида миннатдорлик билдираман. Жамоа мураббийлари, Жавлон Иброҳимов эса жамоа сардори сифатида катта ҳажмдаги ишни амалга оширмоқда. Биз олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз. Ҳар қандай шароитда «Бунёдкор»нинг аввалги мавқеини тиклаб, мамлакат ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда жонажон Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.
— «Бунёдкор» футбол клубининг стадиони, унга тегишли майдонлар ҳамда биноларни ЎФА тасарруфига ўтказиш белгиланди. Бу клубнинг келгуси фаолиятига салбий таъсир қилмайдими?
— Тўғри, стадион ва унга тегишли машғулот майдонлари ЎФА тасарруфига ўтказилиши бўйича тегишли ҳужжат тасдиқланган. Айни пайтда, бу жараён давом этмоқда. Мамлакатимиздаги энг катта стадион кимнинг тасарруфида бўлиши, менимча, аҳамиятсиз бўлса керак. Муҳими, бундай иншоотлар ўзбек футболининг тараққиётига хизмат қилса бас. «Бунёдкор» футбол клуби шу кунга қадар ушбу стадионда фаолият олиб бормоқда. Келгусида бу ерда бўламизми ёки йўқ, бунга ҳозирча жавоб бера олмайман. ЎФА билан бу борада, албатта, музокара олиб борамиз. Мазкур жараёнлар клубнинг келгуси фаолиятига жиддий таъсир қилмайди. Ҳомийларимиз ҳам клубнинг фаолият кўрсатиши ва мамлакатимизда миллионлар ўйини ривожланишига ҳисса қўшишдан манфаатдор.
— Клуб қошидаги футбол мактаби фаолияти билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Бироқ гап-сўзларга қараганда, мактабнинг фаолияти ҳам савол остида қолаётган экан. Уни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилаяпти?
— Болалар футболи футболимиз келажагининг пойдевори бўлиб хизмат қилиши керак. Афсуски, ҳамма профессионал клубларимиз ҳам ўз академияларига эга эмас. «Бунёдкор» футбол клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби 2007 йилнинг 26 январидан бошлаб фаолият олиб бормоқда. 2012 йилдан бошлаб эса барча шароитларга эга замонавий футбол мактабига кўчиб ўтди. Ҳозирда 500 нафардан зиёд болалар миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишмоқда. Мактабга болалар 6 ёшдан саралаб олинади. Болаларга мамлакатимиздаги энг малакали мураббийлар футбол сирларини ўргатишмоқда. Уларнинг кўпчилиги аввал профессионал футболда тўп суришган. 10-15 нафар болага иккита муррабий бириктирилган. Машғулотлар кунора 1,5 соат давом этади.
Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби олдига қўйилган асосий вазифа юқори малакали футболчиларни «Бунёдкор» футбол клубининг асосий таркибига ҳамда Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоаларига тайёрлаб беришдан иборат. Шунингдек, бу ерда таҳсил олган футболчилар ўзининг ватанпарварлиги, ғалабага чанқоқлиги билан ҳам бошқалардан ажралиб туриши шарт.
Айни пайтда мазкур футбол мактабида тарбияланган 100 нафарга яқин ёш чарм тўп усталари юртимиз ва хориж клубларида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, улар турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоалари таркибида халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаяпти. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг январь ойида Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган футболчиларнинг 7 нафари шу мактаб тарбияланувчилари саналади. Мактаб тарбияланувчиларидан бири — Достонбек Ҳамдамов эса 2015 йил якунларига кўра Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деган шарафли номга эришган. Футбол мактабимиз клубимизнинг бойлиги. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги кунда асосий жамоанинг 90 фоизини ёшлар ташкил этаяпти. Ана шу ёш футболчиларнинг барчаси футбол мактабининг «қалдирғочлари» саналади. Бундан ташқари, бу йил асосий таркибга кира олмаётган бир қатор ёшларни бошқа жамоаларга ижарага бердик. Вақти келиб улар ҳам бош жамоамизга жалб этилади. Мактаб тақдирига келсак, у ўз фаолиятини тўхтатмайди. Ҳар қандай шароитда болалар ва ўсмирлар футбол мактабини янада ривожлантириш, унинг фаолиятига хориж тажрибасини олиб киришга ҳаракат қиламиз.
— Сиз футбол клуби раҳбари бўлиш билан бирга “Адолат” СДПдан халқ депутатлари Чилонзор тумани Кенгашига сайланган депутат сифатида ҳам фаолият юритмоқдасиз. Айтинг-чи, сизга сайловчилар қўпроқ қайси муаммолар бўйича мурожаат қилишаяпти. Шу ўринда муаммоларни ҳал этиш жараёнлари хусусида ҳам сўз юритсангиз.
— Албатта, менга ўз овозларини берган аҳолининг ишончини қозонишни ўзимга вазифа қилиб қўйганман. Бу борада сайлов округи ҳудудида жойлашган маҳаллалар аҳолиси билан имкон қадар кўпроқ учрашишга ҳаракат қилаяпман. Тўғри, барча жойларда бўлгани каби сайлов округимиз ҳудудида ҳам тўпланиб қолган муаммолар кўп. Айниқса, аҳолининг ижтимоий соҳалар бўйича шикоятлари юқорилигича қолмоқда. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун мутасадди давлат органларига йигирмадан ортиқ депутатлик сўровлари киритилди. Бироқ сўровларга жавоб берилиши қониқарсиз аҳволда. Айрим давлат органларининг эътиборсизлиги барчамизни ҳайрон қолдираяпти. Жумладан, округ ҳудудидаги йўлларни таъмирлаш, болаларни боғчаларга қамраб олиш каби муаммолар ечилмай қолаяпти.
Аҳолини ўйлантираётган муаммоларни чуқур ўрганиш, таҳлилий хулосалар асосида долзарб масалаларни туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқиш ва белгиланган чора-тадбирлар ижроси орқали муаммоларни ҳал этиш фуқароларнинг сиёсий партияга ва давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончини оширади. Шунингдек, ёшлар ўртасида ишсизлик юқори даражада. Уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасида ҳам камчиликлар жуда кўп. Аҳоли мурожаатларини ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида сайловчилар билан 10 га яқин учрашувлар ўтказдик. Мулоқотлар чоғида фуқаролардан 50 та ёзма ва 100 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушган. Аризалар имкон қадар ижобий ҳал этилмоқда.
“Adolat” мухбири Жобир ХЎЖАҚУЛОВ суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгашидаги фахрий сафдошимиз Шуҳратбек Ибрагимов нуронийлар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилаё...
01 янв 1970
Бугун Индонезия пойтахти Жакартада Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Осиё ўйинлари қитъамиз атлетларининг энг нуфузли спорт тадбирлари...
01 янв 1970
Юртимизда имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. ...