Ватан боғининг ҳар япроғи — Ватан

/
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги барчамизни тўлқинлантириб юборди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мазкур қутлуғ сана мамлакатимизда ватанпарварлик, она юртга садоқат, мардлик ва жасурлик каби эзгу қадриятларни, халқимизга, буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларига хос бўлган юксак фуқаролик фазилатларини ўзида мужассам этадиган том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.
Бу бежиз эмас, албатта. Ватанни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини дахлсиз сақлаш туйғуси онг-шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи, оқ сути, пок нияти билан сингган десак, муболаға бўлмайди. Тонгга қадар бедор бешик тебратган, гўдагини еру кўкка ишонмай катта қилаётган она “Болам эр йигит бўлсин, шер йигит бўлсин, алпқомат бўлсин, элнинг корига ярасин, киндик қони тўкилган жойни ёмон кўзлардан асрасин, юртининг ҳимоячиси, элининг ғурури бўлсин”, деб ният қилади.
Ватанни ҳимоя қилиш қандай фазилатлигини кексаларнинг эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, осмонга мусаффолик, хирмонга барака тилаб қилган дуолари, ўқиган китобларимиз қаҳрамонларининг мардликларидан билиб олдик. Ватанни ҳимоя қилиш қўлда қурол билан чегарада ҳушёр туришгина эмас, унинг моддий ва маънавий бойликларини, аждодлардан мерос бўлиб қолган эзгу анъана ва қадриятларни, бағрикенг, саховатли халқимизнинг юксак инсоний фазилатларини, тилимизни, дилимизни, дину диёнатимизни, Ватаннинг гул-райҳонидан тортиб оддий новда-гиёҳигача, она ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача асрашимиз, бемаврид довуллардан, ғанимларнинг хуружларидан ҳимоя қилишимиз зарурлиги экан. Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш — ҳар бир фарзанд учун муқаддас бурч, бу ишга бутун вужуд, қалб, имон-эътиқод билан чоғланиш, сергак ва огоҳ бўлиб яшаш экан.
Бугун мамлакатимизда ҳарбий хизмат муддатини ўташ, Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга мушарраф бўлиш соғломлик, жасурлик, эл-юрт ишига садоқат рамзига, комиллик, баркамоллик белгисига айланди. Шу боисдан ҳам, давлатимиз ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, янгидан барпо этилаётган ҳарбий шаҳарчаларда Ватан ҳимоячиларининг оила аъзолари учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Махсус дастурлар асосида бу иш кенг кўламда олиб борилаётгани, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида вояга етаётгани, дунё миқёсида олганда ҳам эътиборга моликдир. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дунёқарашини тўғри шакллантиришга доир тарбиявий ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Табрикда айтилганидек, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ва Қуролли Кучлар тизимида унинг бирламчи тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давоми бўлди”.
Миллий армиямизнинг куч-қудрати унинг жанговар тайёргарлиги, ҳаракатчанлиги, энг янги қурол-яроғлар билан таъминлангани билан бирга, сафлари профессионал тайёргарликка эга бўлган шахсий таркиб билан қай даражада тўлдирилгани, офицер, сержант ва аскарларнинг маънавий фазилатлари, уларнинг фаол ҳаётий позицияси ва қатъий эътиқоди, она Ватан тақдири учун масъулият ҳиссининг нечоғли юксаклиги билан ҳам белгиланади. Истиқлол йилларида туғилиб вояга етган ёшлар қалбида айни шундай фазилатлар чуқур илдиз отгани мустақил Ватанимизнинг, шубҳасиз, бебаҳо бойлигидир. Бу бойлик билан ҳар канча фахрлансак арзийди.
Шундай экан, ёшлар қалбига Ватан туйғуси, ватанпарварлик руҳини сингдириш маънавий тарбиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Халқимиз минг йиллар давомида маънавий-ахлоқий тамойиллар воситасида ўз фарзандларини она Ватанни севишга, уни ҳимоялаш, шон-шарафини асраб-авайлашга, киндик қони тўкилган юрт билан ғурурланишга даъват этиб келишган. Буни бугун Ватан ҳимоясига шахдам отланаётган азиз фарзандларимиз қиёфасида ҳам кўриб турибмиз. Илмли, одоб-ахлоқли, томирларида улуғ аждодлар қони оқаётган мард ва жасур ўғлонлар юрт ва миллатнинг фахру ифтихоридир. Ота-оналар, опа-сингиллар мамлакатимиз Қуролли Кучларида хизмат қилаётган, эл-юрт тинчлигини сақлаётган ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланмоқдалар. Тинч ва осуда мамлакатимизда яратувчанлик, бунёдкорлик ишлари давом этаётир. Бу борада Ўзбекистон дунёнинг энг ҳавасли гўшаларидан бирига айлангани ўтмиш аждодларимизнинг орзу-умидлари рўёбга чиқаётганидан далолатдир.
Бугун юртимизга келаётган меҳмонлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — тинчлик-хотиржамлик, турли миллат вакилларининг ўзаро аҳил-иноқлиги, дўст-қадрдонлиги, бир-бирларига кўрсатаётган ҳурмат-эҳтироми эканини алоҳида қайд этмоқдалар. Уруш, қонли тўқнашувлар боис қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар туғилиб ўсган жойларини ташлаб, кўч-кўронни елкалаб, бошқа жойларга кетишга мажбур бўлаётган бир пайтда, бундай тинч, барокатли, меҳр-оқибатли жойлар ҳавас манзилига айланади. Одамлар меҳнат қилиб, ризқ-насиба яратаётган, янада ёруғ, фароғатли кунларни орзулаётган, давлат одамларнинг бу орзуларига пешвоз чиқаётган, ҳар бир фуқаро тили, миллати, жинси, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган жойни ким ҳам ҳавас қилмайди дейсиз?!
Шоир айтганидек, Ватан боғининг ҳар япроғи, сойининг ҳар тоши, даласидаги хас-хашаккача, ўтлоғидаги гиёҳидан то қадим бино пештоқидаги сопол нақшгача — Ватан. Мозийга тааллуқли жамики нарсаларда Ватан руҳи, аждодлар хотираси мавжуд, уларни асрамоқ, авайламоқ биз — бугунги авлодларнинг бурчимиз. Ўтмишга ҳурмат кўзи билан қарасак, халқимизнинг шу кунларгача омон-эсон етиб келган урф-одатларини унутмасак, бу муқаддас бойликларни янгича маъно-моҳият билан тўлдириб, бойитиб, азиз фарзандларимиз, набираларимиз қалбига, дунёқарашига, турмуш тарзига сингдирсак, уларни шу қутлуғ руҳда тарбияласак, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзаро туташтирган, эл-юртни янада фаровонликка элтувчи маънавий кўприкларни мустаҳкамлаган бўламиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир байрамнинг ўзига хос шукуҳи, дилларга руҳ бағишлайдиган қувончи, миллатни, халқни улуғлайдиган қудрати бўлади. ...
01 янв 1970
Фикримизча, ўн бир йиллик таълимнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимидан афзал жиҳатлари кўп....
01 янв 1970
Рио-де-Жанейрода ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия мусобақаларида Ватан шаъни, обрў-эътибори учун курашаётган спортчиларимиздан ҳар куни хушхабарлар ...
01 янв 1970
Муҳтарам таҳририят ходимлари! Мен умримда бирор жойга шикоят ёзиб, арз қилиб борган эмасман. Шикоятчи эмасман. Лекин Тошкент шаҳар Юнусоб...