Сув нархи ошади(ми?)

/
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мурожаат этишди. Саволларнинг асосий қисми сув, газ таъминоти, коммунал хизматлар хусусида бўлди.
Муштарийларимизни қизиқтираётган саволларга жавоб олиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ичимлик ва оқава сув соҳасида иқтисодий таҳлил ва тариф сиёсати бўлими бош мутахассиси Зуҳриддин Зайниддинов билан суҳбатлашдик.

— Муштарийларимиз таҳририятимизга мактуб йўллаб, ичимлик сувининг тўлов нархлари ошиши ростми, деб савол беришди. Ҳақиқатан шундайми?
—“Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5241-сонли фармонга асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун янгиланган тарифларни жорий қилиш белгиланган. Ҳозирги кунда янгиланган тарифларни жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб, бу ҳужжатлар имзоланганидан сўнг улар матбуотда эълон қилинади.
— Ҳозирги пайтда юртимизда ва Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган истеъмолчиларнинг қарздорлиги қай даражада?
— Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ислоҳ қилиш доирасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу масала сув ресурслари чекланган, сувга талаб ошиб бораётган ва мамлакат аҳолиси сони ўсиб бораётган шароитда янада долзарб аҳамият касб этади. Шу билан бирга, сўнгги йилларда водопровод-канализация хўжалигида тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликлар сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликнинг ошиб боришига ва тўлов интизомининг пасайишига сабаб бўлиб, охир-оқибатда тизимнинг ривожланишдан ортда қолишига олиб келмоқда.
Сув таъминоти корхоналари томонидан тақдим этилган тезкор маълумотларга асосан 2018 йил 1 январь ҳолатига аҳолининг қарздорлиги республикамизда 149,6 миллиард сўмни ташкил этган, шундан 19,8 миллиард сўми Тошкент шаҳри аҳолисига тўғри келади.
— 2017 йилнинг 16 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ушбу фармон ижроси борасида соҳа ходимлари томонидан қандай саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда?
— Фармонда республиканинг водопровод-канализация хўжалигини бошқариш тизимини, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштиришни, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган.
Фармон қабул қилиниши муносабати билан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибига ҳам жиддий ўзгартиришлар киритилди. Барча гуруҳ истеъмолчилари сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун сув ҳисоблагичлари мавжуд бўлганда, охирги уч ой учун ўртача ойлик сарф бўйича ҳамда сув ҳисоблагичлари мавжуд бўлмаганда ойлик истеъмол нормаси бўйича 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлашни амалга оширишлари лозим.
— Олдиндан ҳақ тўлаш вазифасини бажармаган, яъни тўлов интизомига риоя этмаган истеъмолчига нисбатан қандай чора-тадбирлар белгиланган?
— Сув таъминоти ва оқава сув хизматлари учун 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш амалга оширилмаган тақдирда истеъмолчини тармоқдан узишгача бўлган чоралар қўлланилади. Тармоққа қайтадан уланиш учун эса жисмоний шахс бўлган истеъмолчилардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, юридик шахс бўлган истеъмолчиладан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўловлар амалга оширилади.
Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вазифалари доираси кенгайтирилди. Эндиликда Бюро электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш билан бир қаторда сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида тўловлар ундирилишини таъминлайди. Шу муносабат билан Бюрога сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш, сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш каби қўшимча вазифалар юклатилди.
Мисол учун, Бюро ходимлари нафақат электр энергияси ва табиий газ, шу билан бирга, сув етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши билан келишилмаган ҳолда текшириш ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.
Сув учун қарздорлик мавжуд бўлганда ҳам хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб рақамларига уни сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйилади, жисмоний шахсларга нисбатан эса иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга талабномалар юборилади. Бундан ташқари, Бюро ходимлари сув учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, тармоққа ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни сув таъминоти ва сув чиқариш тармоғидан узиш ҳуқуқига эга бўлади.
— Ушбу фармон ижроси сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизоми тубдан такомиллашувига, тармоқнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини соғломлаштиришга ва умуман, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қай даражада таъсир кўрсатади?
— Фармоннинг амалга оширилиши, ҳеч шубҳасиз, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, бу эса тармоқнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини соғломлаштириш ва умуман, ичимлик сув таъминоти сифатини ошириш имконини беради. Аҳолида, айниқса, ёш авлодда сувга нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиради. Шу билан бирга, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларининг барча гуруҳ истеъмолчиларини инвентаризация қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳақида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларга тузатишлар киритиш билан бир вақтда сув таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик аудитдан ўтказиш режалаштирилган. Ичимлик сув таъминотига уланган барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий ҳисобга олиш приборлари босқичма-босқич ўрнатилиши таъминланади.
Суҳбатни “Adolat” мухбири
Саодат МАТЁҚУБ қизи ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ жазони ижро этиш муассасалари ички ишлар органлари тизимидадир. ...
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Раҳима Бухоро шаҳрига ишга жойлашиш мақсадида қишлоғидан келган эди.
01 янв 1970
Биз Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиевга мурожаат этдик....