Ҳаёт сабоқлари

/
Фармон Тошевнинг “Чорраҳа” китобини ўқиб...
Сўзимнинг аввалида гапнинг индаллосини айтиб қўя қолай. Китобдаги асосий асар “Ҳоким” қиссасини қизиқиб мутолаа қилдим. Ўқидиму кўз олдимдан кўп воқеликлар кино лентасидай ўта бошлади. Вилоят ҳокимлиги аппаратида ишлаган кезларим ва ундан кейин ҳам шаҳар ва туманларнинг ўнлаб ташкилий сессияларида иштирок этишимга тўғри келган. Ташкилий сессияларнинг аксариятида ҳокимлар ишдаги жиддий хатолари ва камчиликлари сабаб вазифасидан бўшатилган. Яширмайман, асарни ўқигач, улардан айримлари кўз олдимга келди. Баъзиларини асар қаҳрамони Шуҳрат Акрамович тимсолида тасаввур қилдим. Негаки, асар қаҳрамони билан мен билган собиқ ҳокимлар ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп экан. Бундан шундай хулоса чиқадики, асар сюжети ҳаётий воқеалар асосига қурилган. Ҳаммаси атрофимизда, кўз ўнгимизда бўлиб ўтган воқеалар.
Асарнинг бадиийлик даражаси, ифода маҳорати, муаллиф услуби ҳақида батафсил фикр юритиш мақсадим йўқ. Аммо шуни таъкидламоқчиманки, мавзунинг маҳаллий бошқарув ҳокимиятидан танланиши, вакиллик органи ва ижроия ҳокимият фаолиятининг бадиий ёритилиши таҳсинга лойиқ. Қиссада маҳаллий давлат ҳокимияти тизими, ҳокимлар, уларнинг ниҳоятда серқирра фаолияти, масъулият ва жавобгарлик, камчилик ва нуқсонлари тўлақонли очиб берилган. Муаллиф ҳокимлик тизимига яқин вазифада хизмат қилгани, иш жараёни ҳокимлик фаолияти билан чамбарчас боғланиб кетгани қўл келган бўлса ажаб эмас, деб ўйлайман.
Асар қаҳрамони Шуҳрат Раҳматуллаев туман ҳокими этиб тасдиқлангунча қишлоқ хўжалик бошқармасида турли вазифаларда, туман ҳокимининг ўринбосари сифатида ишлаган, талабчан раҳбар бўлган. Ҳокимлик фаолиятининг илк даврида эл оғзига тушган, ҳурмат-эътибор қозонган шахс. Бироқ юқори мартаба, мансаб, ҳокимлик, катта ваколатлар уни аста-секин эсанкиратиб қўяди. Вақт ўтган сайин салбий томонга ўзгариб боради, одамларни менсимай, қўл остидаги раҳбарларни ҳақоратлашга ўтади. Оворагарчиликларга йўл очади, арз билан келувчиларнинг дардини эшитмайди, оддий кишиларни қабул қилмай қўяди. Лўнда қилиб айтганда, “оёғи ердан узилади”.
Шуҳрат Акрамович характеридаги қўполлик, манманлик аломатлари ўз ўринбосари билан муносабатларда аниқ равшан кўзга ташланади. Қўл остидагиларга қўпол муомала қилиш бора-бора ҳоким учун оддий ҳолга айланади. Фақат ўринбосари эмас, бошқаларга ҳам баланддан туриб гапирадиган қилиқ чиқаради. Унинг қўполлиги отасининг қадрдон дўсти Қўшмурод ота билан бўлган муносабатида янада бўртиброқ кўринади.
Қўполлик — ожизлик белгиси, дейишади. Дарҳақиқат, ҳаётда камтарлик ва манманлик эгизак юради. Гарчи бир-бирига зид тушунчалар бўлса-да, самимий ва дағал муомалаларга доимий равишда дуч келиб турамиз. Эсимизни таниганимиздан бошлаб камтарликка, манман бўлмасликка ўргатишади. Афсуски гоҳида яхшиликларга етакловчи фаришталар измидан қочиб, шайтоний даъватларга рўйхушлик берамиз. Ҳаёт сабоқларидан вақтида керакли хулосалар чиқариб олмаймиз. Бундай пайтда кўзни шира босади, яхшию ёмонни ажратолмай қолади киши. Эртани ўйлаб берилган дўстона маслаҳатларга эътибор қилмаймиз, насиҳатгўйларни ёмон кўрамиз. Асар қаҳрамонининг кечмиши ҳам шу тахлит ривожлана боради.
Ҳоким Шуҳрат Акрамович фожиасининг яна битта, энг муҳим сабабларидан бири Собир Яхшибоев сингари ялтоқ, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган лаганбардор, муаллиф тили билан айтганда, “шайтон”ларни атрофига тўплаганида. Эски таниши бўлган Собирни бошқармага раҳбар қилиб олади. У эса турли йўллар билан ишончга кириб, раҳбарни ноқонуний йўлларга етаклайди. Ерларни ғайриқонуний талон-тарож қилиб, ҳокимни порахўрликка ўргатади. Шу тариқа пул, пора виждондан устунлик қила бошлайди. Зукко китобхон асар қаҳрамони характеридаги ўзгаришларни кузатиб бораркан, бундан кўпам ажабланмаслиги мумкин. Негаки, ҳаётда ҳам Собир сингарилар учраб туради. Уларга қўлтиғидан жой бериб, воситачи, “ҳожатбарор” қилиб олганлар ҳам йўқ эмас...
Туман ҳокими Шуҳрат Акрамович бирдан таназзулга юз тутган эмас. Аслида унинг характеридаги манфаатпарастлик талабалик йилларида ҳам бор эди. Қишлоқ хўжалик институтида ўқиб юрган кезларида домласининг туғилган кунига деб талабалардан йиғилган пулдан ортган қисмини ҳеч кимга билдирмагани, обуна масаласи, имтиҳондан ўтолмаган талабаларга ўртакашлик қилиши ва улардан тегишли “улуш” олиши бунинг тасдиғидир.
Турмуш ўртоғи Нигора эрининг мансабидан фойдаланиб баъзи бир “арзимас” юмушларга бош суқади. Унинг бозорга раҳбар тайинлаш, танишларига ғайриқонуний ер-жой ажратиш бўйича илтимосларига Шуҳрат Акрамович мойиллик билдиради. У хотинининг бу ҳаракатларига вақтида чек қўйиши мумкин эди. Бироқ унда қатъият етишмайди...
Шуҳрат Акрамовичнинг ҳокимлик фаолиятида унинг характерига хос яна бир салбий жиҳат яққол кўриниб туради. Яъни унда ҳадик кучли, лавозимдан кетиб қолишдан қўрқиб яшайди. Айниқса, ўринбосаридан доимий равишда шубҳаланиб юради. Уни ўрнимга тайёрлашаяпти, деган беҳуда ўй билан ҳаловатини йўқотади. Ҳасад туфайли ўринбосарига йўл бермасликка, уни зимдан “ўстирмасликка” ҳаракат қилади. Охир-оқибат вазифасидан кетишини ҳам ўринбосаридан кўради.
Муаллиф асар қаҳрамонининг бепарволикка берилгани, лоқайдлик гирдобига тушиб қолганини ҳам ишонарли тарзда баён қилган. Туман ҳокимияти биносидаги аҳвол, хоналарнинг кўримсизлиги, фойдаланадиган жиҳозларнинг тамоман эскириб кетгани, ходимлар ишлаши учун етарли шароитлар яратилмагани фикримизнинг тасдиғидир.
Хуллас, Шуҳрат Акрамовичнинг раҳбарлик фаолиятидаги камчиликларга, қусурларга вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли баҳо берилади. Вилоят ҳокимлиги аҳволни ўрганиб, уни вазифасидан бўшатишни лозим топади. Ташкилий сессиядан сўнг Шуҳрат Акрамович қаттиқ ўйга ботади, тушкунликка тушади, пушаймон бўлади. Лекин энди фойда йўқ, ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Энг ёмони, олти йил туманга биринчи раҳбар бўлиб, пировардида ўзидан яхши ном қолдирмайди.
Маълумки, ҳокимлар иш фаолиятида йиғилишлар, мажлислар муҳим ўрин тутади. Табиийки, аксарият мажлисларда ҳокимнинг ўзи раислик қилади ёки маъруза билан чиқиш қилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳоким сўзининг салмоғи бўлиши лозим. Негаки, йиғилишга келган ҳар бир киши ҳокимнинг сўзини диққат билан эшитади ва хулоса чиқаради. Ҳокимнинг оғзидан чиқаётган ҳар бир калом унинг маънавияти, раҳбарлик салоҳияти, одамларни сафарбар этиш қобилияти, дунёқараши, қувваи-ҳофизаси даражасини англатиб туради.
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳокимлар ҳақида чиқаётган хабарларни ўқиб ёки эшитиб, киши ҳайрон қолади, беихтиёр ёқа ушлайди. Нега айрим ҳокимлар шу даражада қўполликка боришмоқда? Бу камчиликми, қусурми? Ёки ўтакетган манманликми, зўравонликми, маданиятсизликми? Бу билан ҳоким нимага эришади? Дағдаға, дўқ-пўписа билан қўрқитиб, ҳаммани измига бўйсиндирмоқчи бўладими? Шундай ўйлаган ҳокимлар чучварани хом санаб, охир-оқибатда уялиб қолишаётгани бор ҳақиқат-ку. Қўполлик ҳеч бир раҳбарга обрў келтирмаган? Аксинча, бундай хатти-ҳаракат билан фақат обрў тўкилган, ҳурмат йўқотилган. Аянчли жиҳати шундаки, “Ҳоким”даги ҳоким ҳам ана шу оддий ҳақиқатни тушунишни истамайди.
Асар ғоясига сингдирилган бир ҳақиқат бор. У ҳам бўлса, ҳоким бўлдинг дегани, сен ҳаммадан зўрсан, дегани эмас. Ҳокимнинг кучини, зўрлигини кўрсатувчи омиллардан бири, шубҳасиз, муаммоли масалаларни маслаҳатлашиб, одилона ҳал қилишидадир. Бугунги кунда ўз фаолиятини оқсоқоллар, нуронийлар, тажрибали мутахассислар билан маслаҳатлашиб олиб бораётган ҳокимлар кўпчилик. Бироқ асар қаҳрамони Шуҳрат Акрамович бу йўлни танламайди. У ҳатто падари бузруквори, тажрибали муаллим Акрам отанинг ўгитларига ҳам қулоқ тутмайди. “Кўчанинг гапи билан менга насиҳат қиляпсизми”, дея отасига ҳам қўполлик қилади. Унинг дил сўзлари, йўл-йўриқларини писанд қилмайди. Ўғлининг феълини тушунган Акрам муаллим насиҳатларини қоғозга тушириб, васият қолдиради. Ушбу васият асарнинг “Хотима” қисмида берилган. Мазкур қисм ихчамгина. Аммо унинг аҳамияти асарнинг қадрини бир неча ҳисса оширган десак, муболаға бўлмайди. Негаки, унда узоқ йиллар муаллимлик қилган кишининг ҳаёт тажрибаларидан олган ибратомуз хулосалари, турмуш чорраҳаларидаги турфа синовлардан ҳосил бўлган сабоқлар, кишини инсофу диёнатга, ҳалоллик ва покликка, тўғрилик ва адолатга етакловчи ҳикматлар акс этган.
Шу боис асар хотимаси ҳар бир кишини, у ҳоким бўладими, бирон-бир корхона раҳбарими ёки оддий китобхонми, мулоҳаза юритишга, хулоса чиқаришга ундайди.
Амрилло АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Элликқалъа туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчилик ишларида ҳам намоён бўлмоқда....
01 янв 1970
Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилг...