Машаққат ва ҳақиқатлар йўли

/
Ўтган асрнинг 70-йиллари охирларида Тошкентда ўтказилган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари халқаро кинофестивалларидан бирида Грузия киночилари томонидан ишланган “Катта одам” деб номланган қисқа метражли фильм намойиш этилди. Фильмда шундай воқеа тасвирланади: амалдорлардан бирининг оиласида ўғил туғилади. Уни уч ёшга тўлганда шўро амалдорларининг болалари тарбияланадиган махсус боғчага беришади. Бола етти ёшга етганда уни мамлакатдаги энг иқтидорли болалар ўқийдиган махсус мактабга олиб боришади. Иқтидорсиз болани мактабга қабул қилишмайди. Шунда унга ғамхўр одамлар мактаб директорига бу бола катта одамнинг ўғли эканлигини шипшитишади. Ўн йил иқтидорли болалар мактабига қатнаган илмга лаёқатсиз йигит институтга киролмайди. Яна воситачилар институт ректорига унинг катта одамнинг ўғли эканлигини билдиришади.
Институтдан кейин катта одамнинг ўғли битта қўнғироқ билан аспирантурага жойлашади. Номзодлик диссертациясини аранг ёқлаган “ёш олим” катта одам таклифи билан докторантурада ўқийди. Фан доктори, профессорлик даражасига эришади. Катта одамнинг кўрсатмаси билан у дастлаб Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, кейин ҳақиқий аъзоси қилиб сайланади. Ниҳоят, у катта одамнинг топшириғига кўра, Фанлар академиясининг президенти қилиб тайинланади.
Қисқа метражли фильмда бирорта одамнинг юз-кўзи, қиёфаси, афт-ангори, умуман, бош қисми кўрсатилмайди. Барча жараёнлар оёқлар, қўллар, оёқ кийимлари, шимлар, қўллардаги папкалар, дипломатлар, қимматбаҳо сумкалар воситасида акс эттирилади. Фильм охирида катта қимматбаҳо сумкасини бировга кўтартирган, бақалоқ қорин пайдо бўлади. Яъни илмдан йироқ Фанлар академияси президенти илм-фанни нафс қурбонига, амалга эришиш воситасига айлантирган кимса сифатида кўзга ташланади. Бошқачароқ айтганда, фильмда фикрлашдан, мулоҳаза юритишдан, илм-фан оламидан йироқ, жисми фақат оёқлар, қўллар, қориндан иборат бошсиз одамнинг, аниқроғи, ана шундай ҳолатга тушган жамиятнинг фожиаси акс эттирилади.
Ҳар гал фильм воқеаларини эслаганимда муаллифлар ўша давр учун ғоят хос ва мос бўлган ҳаёт ҳақиқатини кинолентага туширганликлари ҳақидаги фикр хаёлимдан ўтади. Хўш, улар фильмда нега илм-фан соҳасидаги таниш-билишчилик, амални суиистеъмол қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатга урғу берганлар? Ахир ўша собиқ шўролар даврида порахўрлик, таниш-билишчилик, амалпарастлик каби иллатлар иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳам тўлиб-тошиб ётганди-ку. Нега улар ўша соҳалардаги камчиликларга эмас, айнан илм-фан соҳасидаги иллатларга эътибор қаратганлар? Гап шундаки, илм-фан барча даврларда, ҳамма тузум ва мамлакатларда на амал, на пул, на таниш-билишчилик даҳл қилмайдиган, башарият тараққиётини белгилаб берадиган муқаддас соҳа сифатида улуғланган. Шўро мафкурачилари эса мана шу муқаддас соҳани ҳам юқоридаги иллатлар билан издан чиқарганлар. Қолаверса, бу жирканч иллатлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълум бир муддат салбий таъсир кўрсатса, илм-фан соҳасига таъсири янада катта бўлади. У бутун бир даврни қамраб олади. Эътибор беринг, агар амални суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, порахўрлик натижасида бирор олий ўқув юртига илм-фанга лаёқати йўқ ўнта ёш ўқишга қабул қилинди дейлик. Бу борадаги иллат ўша ўнта ёш ҳаёти билан чекланиб қолмайди. Аввало, ўша ўнта кимса илм-фанда етук бўлган, иқтидорли бошқа ёшлар ўрнини эгаллайди. Демак, бу иллатнинг таъсир доираси янада кенгаяди. Ўнта ёш олий ўқув юртини битирганидан кейин қанча йигит-қизларга, шогирдларига таълим-тарбия беради. Илм-фанга лаёқатсиз, олий ўқув юртини зўрға битириб чиққан устозларнинг таълими ҳам ўзига яраша бўлиши маълум. Боз устига бундай тоифадаги одамлар амал курсисига чиқиб олса, иқтидорли, қобилиятли, жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган ёшларга йўл бермасликка ҳаракат қиладилар. Иқтидорли ёшларнинг пайдо бўлишини ўзларининг амал курсисидан, мансабидан ажралишига сабаб деб тушунадилар. Алал-оқибат буларнинг ҳаммаси, илм-фан соҳасида бошланган иллат сабабли, ҳар қандай мамлакатни таназзулга олиб келувчи энг муҳим омиллардан бирини юзага келтиради.
Собиқ коммунистик мафкура даврида ривож топган таниш-билиш, пора бериш, мансабни суиистеъмол қилиш орқали лаёқатсиз ёшларни олий ўқув юртларига киритиш билан боғлиқ жирканч иллат шўролар ҳукмронлиги ўз даврини яшаб ўтган бўлса ҳам ҳаётимизда барҳам топмади. Шунинг учун мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларни олий ўқув юртларига қабул жараёнида бундай иллатларга барҳам бериш мақсадида ҳар хил амалий ишлар қилинди. Аввалги оғзаки, ёзма имтихонлардан воз кечилган ҳолда дунё миқёсида кенг қўлланилаётган тест синовларига ўтилди. Тест синовларидаги саволлар ҳар йили янгиланиб борилди. Уларнинг бир неча вариантлари яратилди. Шунингдек, энг иқтидорли ёшларни давлат гранти (ўқиш учун барча маблағлар давлат хазинасидан тўланади) асосида, ундан кейинги босқичдаги ёшларни шартнома (барча маблағлар ўқишга кирувчи ҳисобидан) асосида ўқишга қабул жараёнлари жорий этилди. Адабиёт, маънавият, санъат йўналишларида ўқишга кирувчилар учун ижодий имтиҳонлар белгиланди. Тест синовлари очиқ, ошкоралик йўсинида ўтказилмоқда, яъни имтиҳон топшираётган абитуриентлар ҳолатлари, аудиториялардаги аҳвол, назоратчилар фаолияти ота-оналар эътиборига видеотасвирлар орқали очиқ-ойдин кўрсатилмоқда. Аммо ана шундай чора-тадбирларга қарамай ҳамон талабалар сафидан илмга лаёқатсиз, иқтидорсиз, қобилиятсиз, бирор соҳага қизиқмайдиган, фақат диплом учун олий ўқув юртларига қатнайдиганлар ҳам ўрин олмоқда. Бу ҳолат олий ўқув юртларига қабул жараёнида юқоридаги каби иллатлар қандайдир йўсинда ҳамон давом этаётганлигини кўрсатади.
Айнан шу сабабли ҳам келгуси йили илм-фан, санъат, адабиёт соҳаларидаги энг иқтидорли, талантли, бу соҳаларда ўзини намоён этган ёшларни олий ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилиш борасида режалар ишлаб чиқилди. Тест синовларини мувофиқлаштириш, мактабларнинг ўқув дастурлари билан уйғунлаштириш, тест синовлари натижаларини 10-15 кундан кейин эмас, имтиҳоннинг эртасига эълон қилиш каби янги чора-тадбирлар белгиланмоқда. Олий ўқув юртларига қабул қилинадиганлар сонини ошириш борасида ҳам таклифлар билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта. Аммо олий маълумотли, иқтидорли кадрларни тайёрлаш учун олий ўқув юртларига қабул жараёнида ҳозиргидан ҳам кўра жиддийроқ ислоҳотларни амалга ошириш зарур. Энг аввало, олий ўқув юртларига қабул қилинадиган ёшларнинг сонини кўпайтириш керак. Ана шунда олий ўқув юртларини битириб, ишлаб чиқариш соҳасига йўл олаётган етук кадрлар сони ошади. Айтайлик, ҳозирги тайёрланаётган кадрлар орасида 10 тадан 5 таси етук мутахассис сифатида етишаётган бўлса, талабалар сони ошса, 20 тадан ўнтаси етук кадрга айланади. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш, саноат ва бошқа жабҳаларда рақобатнинг кучайишига, янги технологияларнинг яратилишига, тараққиётнинг юксалишига, илм-фаннинг янада равнақ топишига хизмат қилади.
Иккинчидан, олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилишда, таълим беришда давлат гранти ва шартнома (контракт) асосида ўқитиш тизимидан дастлабки бир ёки икки йил давомида воз кечиш мақсадга мувофиқ бўларди. Талабаларга биринчи (агар зарур бўлса иккинчи) курсларда ҳеч қандай маблағ тўламасдан, стипендиясиз ўқитиш тизимини жорий этиш керак. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Эътибор беринг, ҳозирги мавжуд шароитда талабага ўқиш даври учун имтиёз, яъни давлат гранти унинг ўқишга кириш пайтидаги тест синовларидан олган баллига қараб белгиланади. Бу ҳозирги мавжуд қонунлар нуқтаи назаридан тўғридир, эҳтимол. Аммо ҳаётий жиҳатдан, амалий жиҳатдан нотўғри. Чунки талабага имтиёз, рағбат ўқишга кириш пайтидаги олган баҳосига эмас, ўқиш давридаги илм-фанни қай даражада ўзлаштириши, таланти, иқтидори ва мутахассисликни ўрганишдаги етуклигига қараб белгиланиши керак. Талабаларга давлат грантлари, имтиёзларининг ҳозиргидек ҳолатда белгиланиши қабул жараёнида таниш-билишчилик, амални суиистеъмол қилиш, пора эвазига ўқишга киритиш каби иллатларнинг юзага келиши учун имкон бераётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Негаки, бундай йўлни тутган кимсалар қўл остидаги иқтидорсиз, таянчга муҳтож ёшларни олий ўқув юртларига давлат грантлари асосида жойлаштиришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун улар имкон ҳам топмоқдалар. Шу сабабли олий ўқув юртларининг баъзиларида давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар орасида иқтидорсиз, илмга лаёқатсиз, диплом учун ўқиётганлари шартнома (контракт) асосида ўқиётган талабалар сафидагиларга нисбатан кўпроқ учрамоқда. Яъни шартнома (контракт) асосида таълим олаётган талабаларнинг аксарият қисми иқтидорли ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Талабаларнинг кириш имтиҳонлари пайтида давлат грантлари ва шартномалар асосида ўқиши белгиланиши уларнинг таълим жараёнларида ўзларининг истеъдодли ва етук эканликларини тўла намоён қилишга ҳам имкон бермаётибди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Агар талаба олий ўқув юртида давлат гранти асосида ўқиётган бўлса, унинг иқтидори, билимига яраша балл ёки баҳо олиш имкони бўлади. Ниҳоятда яхши ўқиса, ўзининг иқтидорини намоён этса, юксак стипендия соҳибига айланади. Чунки унга стипендия учун бериладиган маблағ давлат томонидан тўланади. Аммо талаба шартнома (контракт) асосида ўқиса, у қанча яхши ўқиса ҳам, иқтидорли ва барча фанларни мукаммал ўзлаштирса ҳам юксак стипендия соҳибига айланиши қийин кечади. Негаки, у шартнома асосида ўқиганлиги, яъни олий ўқув юртига тўлайдиган маблағнинг бир қисмини стипендия сифатида олиши сабабли бундай даражага эришишига тўсиқлар пайдо бўлади. Чунки у юксак стипендия соҳибига айланса, олий ўқув юртига тўлайдиган шартнома (контракт) маблағининг кўп қисмини қайтариб олиши ва олий ўқув юрти иқтисодиётига зарар етказиши мумкин.
Шунинг учун ёшларни олий ўқув юртларига қабул қилиш жараёнида, яъни дастлабки босқичда, биринчи (агар зарур бўлса иккинчи) курсда таълим беришда уларни давлат гранти ва шартнома (контракт) тизимида ўқитишдан воз кечиш керак. Айни пайтда, талабаларни биринчи (агар зарур бўлса иккинчи) курсда ўқитиш жараёнида стипендия билан таъминлашга ҳам барҳам бериш зарур. Иккинчи ёки учинчи курсдан бошлаб эса олий ўқув юртлари томонидан давлат гранти ва шартнома (контракт) асосида ўқитиш тизими ишлаб чиқилиши зарур. Талабаларни дастлабки икки йил давомида давлат гранти ва шартномаларсиз ҳамда стипендия тўламасдан ўқитиш тизимини жорий қилиш ҳақида фикр билдираётганимизнинг сабаби бор. Улар шу вақт мобайнида ўқишда нималарга қодирлигини намоён қила оладилар. Ким давлат маблағи ҳсобига, ким шахсий маблағи ҳисобига ўқиши аниқланади (Эҳтимол, бундай ҳолатни аниқлаш учун талабаларнинг бир йиллик ўқиш даври ҳам етарли бўлар. Шундай ҳолатда талабаларни давлат гранти ва шартнома (контракт) асосида ўқитиш тизимини жорий қилишга олий ўқув юртларида иккинчи курсдан бошлаб киришиш лозим бўлади). Бунда, табиийки, олий ўқув юртида энг яхши таълим олаётган, келгусида эгаллайдиган касби бўйича қобилиятли, иқтидорли, юқори кўрсаткичларга эришган талабалар давлат гранти асосида, ўртамиёна ва ундан паст ўқийдиганлар, иқтидорсиз ёшлар шартнома асосида таълим олиши белгиланиши лозим. Иккинчи (ёки учинчи) курсдан бошлаб иқтидорли талабаларга бериладиган стипендиялар миқдори ҳам ҳозиргидек бир хил миқдорда эмас, ҳар хил даражада ва энг муҳими, юқори бўлиши лозим. Стипендиянинг юқори бўлиши, биринчидан, талабанинг илмий ишларини, илмий тажрибаларини амалга ошириш учун, қобилиятини, иқтидорини амалий фаолиятда синаб кўриши учун ёрдам беради. Иккинчидан, талабалар ўртасида яхши ўқиш учун, илмий иқтидорини намоён қилиш учун рағбат кучаяди. Бундай ислоҳотлар ёшларни олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишда таниш-билишчилик, пора бериш, амалини суиистеъмол қилиш каби иллатларни камайтиришга, лекин олий юртларида таълим тизимини тубдан яхшилашга, келгусида етук кадрлар ва илмий мутахассислар тайёрлаб чиқаришга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Албатта, юртдошларимиз орасида бу фикримизга қўшилувчилар ҳам, уни рад қилувчилар ҳам топилади. Фикримизни рад қилувчилар учун сабаб ҳам бор. Масалан, олий ўқув юртига бирорта абитуриент ноқонуний, яъни таниш-билишчилик ёки пора бериш орқали кирди, дейлик. Ўша талабанинг ўқишга киришига сабабчи бўлганлар уни ўқиш даврида қўллаб-қувватламасликларига, гарчи у фанларни, мутахассисликни яхши билмаса ҳам, юқори балл ёки баҳо олиб ўқишига ва давлат гранти асосида таълим олмаслигига ким кафолат беради? Демак, бу иллатни биз айтаётган ислоҳот билан ҳам бартараф қилиб бўлмас эканда, деган фикр уйғонади. Аммо бундай хулоса чиқаришга шошмайлик. Илм соҳасидаги бу иллатни бутунлай бартараф этишга имкон бор. Бунинг учун таклиф этаётганимиз ислоҳотларни янада изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш керак. Яъни олий ўқув юртларини битирган барча мутахассислар учун (бу ўринда энг қобилиятли, иқтидорли мутахассисларнинг илмий соҳада фаолиятларини давом эттиришлари учун магистратура ёки аспиратурада ўқишга имкон бериш ҳам назарда тутилади) иш ўринлари белгиланиши зарур. Уларнинг ўз соҳаларида беш йил ишлаши мажбурий қилиб қўйилиши шарт. Бунда мутахассис олий ўқув юртида давлат гранти асосида ўқиганми ёки шартнома (контракт) асосида таълим олганми аҳамиятсиз бўлиши лозим. Беш йил давомида мутахассис синовдан ўтади. Ўзининг қобилияти, иқтидори нималарга қодирлигини кўрсатади. Агар шу беш йиллик синов даврини ўташни истамаганлар ёки шу даврда корхона, ишлаб чиқариш, таълим жараёнида яхши малакага, билимга эга бўлмагани, қобилиятсизлиги сабабли ишлай олмаганлар, ишдан четлаштирилганлар бўлса, улардан давлат ҳисобига катта миқдорда, олий ўқув юртида ўқиш даврида сарф қилинган харажатлардан 20 баравардан 50 бараварга қадар жарима ундириб олиш тизимини жорий этиш керак. Ана шундай жаримани ўша лаёқатсиз мутахассисни ўқитган ўқув юртининг ўзига ҳам, айни пайтда шу олий ўқув юртида ўша мутахассисни тарбиялаб етказган ўқув юрти раҳбарларига — ректор, проректор, декан, декан ўринбосари, кафедра мудирлари, курс бошлиқларига ҳам жорий этиш зарур. Ана шунда мактабни зўрға битириб ўзини таниш-билиш, пора эвазига тўғри келган ўқишга урадиганлар ҳам, уларга ҳомийлик қиладиганлар ҳам камаяди.
Мамлакатимизда олий ўқув юртларининг нуфузини ошириш, уларда илмий қобилиятли, иқтидорли йигит-қизларни кўпайтириш, илм-фан жабҳасида юксак тараққиётга эришиш асосий мақсадимиз экан, бу борада ўқишга кириш жараёнида бериладиган баъзи имтиёзлардан ҳам воз кечиш керак. Бу, хусусан, ҳарбий хизматни тугатиб келиб, олий ўқув юртига ўқишга кирадиганлар учун бериладиган имтиёз билан боғлиқ. Бу имтиёз қандай ва нима асосга кўра пайдо бўлганлигини англаш қийин. Ахир ҳарбий хизмат ҳар бир йигитнинг Ватан ва халқ олдидаги бурчи ҳисобланади. Бу бурчни яхши ўтаганларга мукофот тарзида олий ўқув юртига имтиёзли кириш ҳуқуқи берилиши ажабланарли. Тўғри, ҳарбий хизмат пайтида ўзини кўрсатган, ҳарбий техникани мукаммал билган, ҳарб илмини яхши ўзлаштирган йигитларни ҳарбий соҳадаги олий ўқув-юртларига имтиёзли қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Аммо ҳарбий хизматни яхши ўтаганларга табобат, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқшунослик ва бошқа соҳаларга ўқишга кириши учун имтиёз берилиши ақлга сиғмайди.
Тўғри, ҳарбий хизматни ўтаганларнинг ҳаммасига ҳам имтиёзли йўлланма берилмас экан. Улар орасида фанларни яхши ўзлаштирганларни нуфузли комиссия синовдан ўтказиб йўлланма бераркан. Бундай пайтда ўйлаб қоласан, нима йигитларимиз ҳарбий хизматга бориб илм олиш, илмини ошириш билан шуғулланаётганмиканлар? Хуллас, олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш жараёнида бундай ва бунга ўхшаш имтиёзлардан воз кечиш керак. Ўқишга кирувчилар учун ягона имтиёз — билим, билим ва яна билим бўлиши зарур.
Кейинги йилларда етук кадрлар ва илмий мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ яна бир муаммо пайдо бўлмоқда. Олий ўқув юртини битирган ёш мутахассис ва илмий кадрлардан баъзилари хорижий мамлакатларга бориб ишлашни, илмий фаолиятларини давом эттиришни маъқул кўрмоқдалар. Ёки чет элларда таълим олган талабаларнинг айримлари ҳам ўша мамлакатларда фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Бу муаммо ёлғиз бизнинг мамлакатимиз дуч келаётган масала эмас. Дунё миқёсида қаердаки етук кадрлар ва илмий мутахассисларга, олимларга эҳтиёж ва уларга рағбат кучли бўлса, ўша жойларга етук тафаккур ҳамда ақл эгаларининг оқими давом этаверади. Бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида бундай жараён давом қилмоқда. Бундай оқимни тўхтатишнинг ҳам, унга тўсиқ қўйишнинг ҳам имкони йўқ.
Ўтган йили республикамиз Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг анжуманида иштирок этиш жараёнида Америка Қўшма Штатларида мамлакатимиздан бориб фаолият юритаётган ёш етук кадрлар ва илмий мутахассислардан айримлари билан суҳбатлашди. Уларнинг барчаси юртимизда туғилиб, ўсиб ва таълим олиб вояга етган ёшлар экан. Бир томондан, бу ёшларнинг АҚШдек давлатнинг нуфузли компанияларида фаолият юритаётганидан, юртимиз шаънини улуғлаётганидан ич-ичдан ғурурландик, қувондик. Аммо қалбимиздан “Агар шу мутахассислар ва шунингдек, ватандошларимиз бўлган бошқа олимлар юртимизда фаолият кўрсатганда илмий тараққиётимиз, ишлаб чиқариш жараёнимиз яна қанча юксалган бўларди”, деган аламли туйғу ҳам кечди. Албатта, Президентимизнинг бундай ёшларни юртимизда фаолият юритишга таклиф этгани яхши бўлди. Келгусида уларнинг қанчаси юртимизга қайтади ёки қайтмайди, буниси номаълум. Лекин бир ҳақиқат аён: уларни униб-ўстирган, тарбиялаб вояга етказган, таълим берган халқимиз, Ватанимизнинг бу хорижликка айланган юртдошларимиздан кўрадиган фойдаси нимадан иборат? Ёҳуд улар Ватан, халқ олдидаги қарзини қандай ўтайди, фарзандлик бурчини қандай адо қилади? Шундай экан мамлакатимиз келгусида бошқа давлатларга кадрлар тайёрлаб берадиган масканга айланиб қолмаслиги учун бу борада ҳам янгича мезонлар, янгича қоидалар ишлаб чиқиш зарурга ўхшайди. Айтайлик, хорижга ишлаш учун кетган юртдошимиз бўлган олим бир янгилик кашф қилди. Бу кашфиётдан юртимиздаги корхоналар ҳам имтиёзли фойдаланишнинг ҳуқуқий асосини яратиш керак ёки ушбу кашфиёт туфайли қўлга киритиладиган маблағнинг маълум қисмидан юртимиз ҳам манфаатдор бўлмоғи лозим. Юртимиздан кетиб хорижда ишлаётган мамлакатимиз фуқаролари учун ҳам республикамиз фойдасига йиллик бож тўловларини жорий этиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бу мамлакатимиздан хорижга кетаётганлардан ундириладиган бож тўловлари эмас, балки бевосита меҳнатдан ишлаб топилган фойдадан олинадиган бож тўловларидир. Тасаввур қилинг, дунё миқёсида ижодкорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган халқаро ассоциация бор. Бу ассоциациянинг вазифаси бир мамлакатнинг фуқароси бўлган ёзувчининг асари бошқа давлатда нашр қилинса, ундан келадиган фойданинг маълум қисмини ўша ёзувчига етказиб беришдан иборат. Ёхуд дунё миқёсида илм соҳасида интеллектуал мулк ташкилоти бор. Бу ташкилотнинг вазифаларидан бири олимларнинг кашфиётларини рўйхатга олиш ва бу кашфиётлар қайси мамлакатда қўлланилмасин, ундан келадиган фойданинг бир қисмидан ўша олимларни манфаатдор этишга қаратилган. Бас, шундай экан, ёзган асаридан ёзувчи, яратган кашфиётидан олим моддий манфаатдор бўларкан, тарбиялаб етиштирган кадри ва мутахассисидан ҳам ўша давлат манфаатдор бўлиши шарт. Адолат тамойили шуни талаб қилади.
Энди юқоридаги мулоҳазалардан маълум хулоса чиқариш фурсати етди. Хўш, бизнинг олий ўқув юртига қабул тизимини яхшилаш, бу борада ҳар хил иллатларга барҳам бериш, талантли, иқтидорли ёшларга таълим беришни кучайтириш, ёш мутахассислар ва илмий фаолиятини бошлаётган олимларга имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар борасида билдираётган фикр-мулоҳазаларимиздан мақсад нима? Мақсад шуки, республикамиз Президенти эндиликда мамлакатимизни ривожлантириш, юксак тараққий эттириш учун илм-фанни юксалтириш, ёш олимлар, етук мутахассисларни тарбиялаб етиштириш, илм-фан билан ишлаб чиқариш ҳамкорлигини кучайтириш, янги илмий инновацияларни ҳаётга татбиқ этиш каби масалаларни ўртага қўяётган экан, юқоридаги муаммоларни ҳал этмасдан бунга эришиб бўлмайди. Ҳаёт талаби ҳам шундай.
Инсоннинг илм йўлида чекадиган заҳмати кўп. У ўзининг илмий иқтидори, қобилиятини намоён қилиш учун ҳам кўп машаққатларга бардош беради. Илмий ҳақиқатни юзага чиқаришда кўп мураккабликларга дуч келади. Бас, шундай экан, ёшларни, келажак авлодни илмга бошловчи ҳақиқат йўлларини янада кенгроқ очиб беришимиз керак. Ана шунда мақсадга тезроқ эришамиз.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳрида доимий прописка, айниқса, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келиб, бирор ташкилот, муассаса ва корхоналарда меҳнат фаолиятини юр...
01 янв 1970
Қорақалпоқ халқи маданияти ва санъати тарихида бахшичилик эл орасида ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш йўлидаги бунёдкорлик ишлари учун кенг имкониятлар яра...
01 янв 1970
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни