Депутат сўровига беписандлик қачон барҳам топади?

/
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилади. Маълумки, қонунчилигимизда депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутатлик сўрови юборишга ҳақли эканлиги, мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай депутатга жавоб бериш кераклиги белгиланган.
Шунга қарамай баъзан партия депутатлари томонидан масъул мансабдор шахслар номига йўлланган сўровларга юзаки жавоб қайтариш ёки умуман жавобсиз қолдириш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир.
Жумладан, халқ депутатлари Музработ туман Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутат Ўрол Худойбердиев томонидан 2017 йил май ойида Музработ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи У.Одинаевга йўлланган депутатлик сўровига ҳанузгача жавоб келмаганини қандай изоҳлаш мумкин?!
Мазкур сўровда туманда ясситовонлик, склероз касаллиги билан ташхис қўйилган беморлар ҳақидаги маълумот уларнинг манзиллари билан тақдим қилиниши, тумандаги 48-“Қўнғирот” қишлоқ врачлик пункти ёнидаги хароб ётган бинонинг тиббиёт бирлашмаси балансида туриш-турмаслиги борасида маълумот сўралган ҳамда “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ҳамкорликда ўрганишлар олиб бориш хусусида сўз юритилган эди. Мазкур бўш ётган бинодан мақсадли фойдаланиш учун фуқароларга ижарага бериш масаласини ҳал этиш кўзда тутилган эди.
Партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳининг ўрганишлари чоғида тумандаги “Наврўз”, “Алпомиш”, “Сополлитепа”, “Олмазор” МФЙларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаати асосида шу ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ер-мулк ва солиқ тўловлари ставкалари қонуний тартибда тўланганлиги, шунингдек, “Чегарачи”, “Боғи Эрам”, “Орият”, “Дуоба”, “Бодомзор”, “Музработ дарвоза”, “Ат-Термизий”, “Юртим жамоли” МФЙларда яшовчи жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ тўлов ставкалари бўйича маълумотлар тақдим қилиш хусусида 2017 йил 8 сентябрда туман солиқ инспекцияси бошлиғи А.Менглибоевга депутатлик сўрови юборилган эди. Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида жисмоний ва юридик шахслар тўлаган солиқ тўловларининг баъзилари тегишли рўйхатга киритилмаганлиги аниқланганлиги ана шундай саволларни юзага келтирди. Мазкур депутатлик сўровига нақ олти ойдан сўнг, яъни жорий йилнинг март ойида жавоб келганлиги кишини таажжубга солади.
Термиз тумани “Орол” маҳалласидан ўтувчи М-39 “Алмати—Бишкек—Тошкент—Шаҳрисабз—Термиз” автомобиль йўлининг 1444-1445-километрлари оралиғида “Халқобод—Учқизил” қўрғони ҳудудларида кесишган жойда йўловчилар, айниқса, ўқувчилар, боғча болаларининг, транспорт воситаларининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш зарурати борлиги халқ депутатлари Термиз тумани Кенгаши депутати Ш.Маманов томонидан қайд этилиб, тегишли ташкилотга депутатлик сўрови юборилган эди.
Аммо Шуҳрат Мамановнинг мазкур автомобиль йўлининг “Орол” маҳалласидан ўтувчи 1444-1445-километрлари оралиғидаги чорраҳага светофор ҳамда керакли йўл белгиларини ўрнатишда амалий ёрдам бериш хусусидаги жорий йилнинг февраль ойида юборган депутатлик сўровига жавоб йўллаш Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг парвосига келмаяпти.
Ваҳоланки, ушбу депутатлик сўровининг мазмуни нафақат ёзма жавоб берилиши, балки тез кунда аниқ чоралар кўриш лозимлигини яққол англатиб турибди.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Депутат сўровига беписандлик халқ сўровига беписандлик эканини мутасадди шахслар қачон англаб етаркан? Ёки англаб етишса ҳам улар халқ сўровига беписандми?
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Сурхондарё вилояти кенгаши матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташк...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари депутатлик сўрови киритиш орқали мавжуд ...
01 янв 1970
Олий Мажлиснинг қуйи палатаси депутатлари ҳамда сенаторлар Избоскан туманида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмо...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан семинар ташкил этилди....