Суд ҳоким қарорини рад этди

/
Маълумки, Бош қомусимизнинг 43-моддасида “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” деб, 44-моддасида эса “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”, дея қайд этилган. Бу нормалар мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси сўзсиз таъминланишидан далолат беради.
Фарғона туманида яшовчи ҳамюртимиз Ҳамидахон Тўхлиева ҳам туман ҳокимлиги томонидан қилинган ноҳақликка учради-ю, ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклаш юзасидан туман маъмурий судига мурожаат қилди.
Аслида воқеа шундай юз берганди. Бундан 18 йил муқаддам – 2000 йилда уй-жойга муҳтож фуқаролар қатори Ҳамидахон Тўхлиевага ҳам туманнинг “Миндон” ҚФЙ ҳудудидан 12 сотих ер майдони ажратиб берилган. Натижада у бирин-кетин бино пойдеворини қуйиш, сўнг уч хонали пахса уй қурилиши каби ишларни амалга оширган. Шу боис Фарғона туман ҳокимининг 2007 йил 6 августдаги 509-сонли қарорига биноан 3 хонали уй, айвон, ҳожатхона ва деворларга нисбатан Ҳ.Тўхлиеванинг мулкка эгалик ҳуқуқи белгиланиб, 1360 квадрат метр ер майдони доимий фойдаланиш учун бириктириб берилган. Қолаверса, унга бино-иншоотларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ТА 0646242-сонли ва ер майдонига нисбатан ОY 250171-сонли гувоҳномалар берилган. Аммо...
Ўтган 2017 йилнинг 17 апрелида туман ҳокимининг “Туманда аҳоли томонидан самарасиз фойдаланилаётган томорқа ва ер участкаларига муҳтож фуқароларга бериш тўғрисида”ги 603-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур қарор асосида Ҳ.Тўхлиеванинг юқоридаги ҳовли-жойи ҳам туман захирасига қайтарилган. Кейин эса фуқаро Б.Исроиловга бериб юборилган.
Ҳамида опа бўлса бундан ҳовли-жойнинг “янги эгаси” дастлабки қурилиш ишларини бошлагандагина хабар топган. Хабар топгану ҳайратдан ёқа ушлаган. Яъни қарор лойиҳасини тайёрлаган мутахассислар (туман комиссияси) ҳамда унга жимжимадор қилиб имзо чеккан туман ҳокимининг адолатсизлигидан хуноби ошган.
Конституциямизнинг юқоридаги моддаларидан ташқари, Фуқаролик процессуал кодексининг 269-моддасида ҳам “Фуқаро ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга, мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақли. Бўйсунув тартибидаги юқори орган ва мансабдор шахслар шикоятни бир ой муддат ичида кўриб чиқиши шарт. Агар фуқаронинг шикоятига рад жавоби берилса ёки у шикоят берган кунидан эътиборан бир ой ичида жавоб олмаса, шикоят билан судга мурожаат қилишга ҳақли” деб белгиланган. Бинобарин, Ҳ.Тўхлиева ҳимоячиси билан бирга туман ҳокимининг 2017 йил 17 апрелдаги 603-сонли қарорининг ўзига нисбатан қисмини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан Фарғона туман маъмурий судига даъво ариза билан мурожаат қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, туман маъмурий судининг айни иш юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида манфаатдор шахс сифатида сўралган туман ҳокимлиги вакили К.Арзиқулова ва туман “Ермулккадастр” давлат корхонаси вакили М.Зокиров ҳамда гувоҳ сифатида сўралган, ҳовли-жойга қўшни бўлган фуқаролар Н.Тоҳиров ва С.Каримовларнинг кўрсатувлари эшитилди. Пировардида уларнинг барчаси Ҳамида Тўхлиеванинг ҳақ эканлигини тасдиқлашди. Бошқача айтганда, ер участкасини давлат захирасига олиш учун ҳеч қандай асос бўлмаган.
Ер кодексининг 1-моддасига мувофиқ, ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек, соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Ана шу асосларга таянган суд даъвони қаноатлантириб, Фарғона туман ҳокимининг 2017 йил 17 апрелдаги 603-сонли қарорининг Ҳ.Тўхлиевага нисбатан қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Афсуски, қонунни яхши билмаслик ёки уни менсимаслик каби ҳолатлар кундалик ҳаётимизда ҳали-ҳануз учраб турибди. Айниқса, давлат органи саналган маҳаллий ҳокимликлар томонидан бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилаётгани жуда ачинарли. Негаки, давлат идорасида қонуннинг бузилиши фуқароларнинг амалдаги қонунларимизга нисбатан ишончини сўндириб, ҳафсаласини пир қилади.
Шунинг учун туман маъмурий суди томонидан ўтказилаётган сайёр суд мажлисларида ҳамда туман прокуратураси, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, уларнинг мазмун-моҳияти хусусида батафсил тушунчалар бериб борилмоқда. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
Камолиддин РАҲИМОВ,
Фарғона тумани маъмурий судининг раиси.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Коррупция билан курашиш Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисоблан...
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...
01 янв 1970
Инсон ўз ҳаёти, тақдирини ўзгартириб, уни мушкул аҳволга солаётган “далил”дан устун чиқиш учун нима қилиши керак? ...
01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.