Ваъда ўтган йилда қолиб кетди

/
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!
Ҳурматли таҳририят!
Мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганимизга қарамай, бизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган бир муаммо сира ҳал бўлмаяпти.
Қибрай туманидаги “Олмазор” маҳалласининг “Янги замон” кўчасида аҳоли зич яшайди, бунинг устига ушбу йўл бўйида 9- ва 10-умумтаълим мактаблари жойлашган. Шундай гавжум кўчада пиёдалар йўлкаси йўқлигига шу пайтгача бирор мутасадди ташкилот масъуллари эътибор беришмади. Пиёдалар йўлкаси йўқ жойда эса йўловчиларнинг транспорт воситалари билан “йўл талашиб” ўз манзилига бир амаллаб етиб олишига тўғри келади. Фарзандлари мактабга кетган ота-онанинг ҳар куни ташвишда қолишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Мазкур масала юзасидан 2016 йил октябрь ойида Бош вазирнинг Виртуал қабулхонасига маҳалламиз фаоллари Б.Усмонов, Б.Исаков, А.Сайдуллаев, Б.Шукуров мурожаат қилган эдик. Тез кунда Виртуал қабулхонадан масъул вакиллар келиб, муаммони жойида ўрганишди ва кечиктирмай ҳал қилиш хусусида мутасадди ташкилотга тегишли топшириқ берилди. Биз ана энди пиёдалар йўлкаси қурилиши бошланади, деб анча кутдик. Натижа бўлмагач, 2017 йилда Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига яна мурожаат қилдик.
Хабарингиз бор, бу хатимизга “Дўрмонавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори К.Дадаев имзоси билан 2017 йил 2 октябрда йўлланган жавоб хати “Адолат” газетасининг 2017 йил 13 октябрь кунги сонида эълон қилинди. Жавобда, жумладан, шундай дейилган: “...Мурожаатда кўрсатилган манзил умумфойдаланувдаги 4К-696 “Қибрай—Парноват—Арғин” автомобиль йўли бўлиб, “Олмазор” маҳалласи ҳудудидаги 10-умумтаълим мактаби ва “Арғин” маҳалласи ҳудудидаги 9-умумтаълим мактаби оралиғига 1,5 км. узунликдаги пиёдалар йўлакчаси қуриш ишлари бошлаб юборилган. Мактаб ўқувчиларининг ва маҳаллий аҳолининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бирламчи иш ҳажмлари, яъни қум-шағал аралашмасидан пиёдалар йўлаги асосини қуриш ишлари бошланган бўлиб, 0.25 км. масофада қурилиш ишлари амалга оширилган.
Корхонамиз умумфойдаланувдаги бошқа муҳим объектларга ҳам хизмат кўрсатиши, ишчи ва механизмларнинг етишмаганлиги муносабати билан мазкур объектдаги қурилиш ишлари вақтинча тўхтатиб турилди. Ҳозирги кунда асосий ва муҳим объектлардаги иш ҳажмларимиз якунига етганлиги муносабати билан “Олмазор” маҳалласидаги пиёдалар йўлакчасини қуриш ишларини 4-чоракнинг бошида тугаллаб, асфальтобетон қопламаси ётқизишга тайёрлаб тугатиш ишларини режалаштирганмиз”.
Жавоб хатини ўқиб маҳалламиз аҳли, мактаблар жамоаси қанчалик хурсанд бўлганди. Ахир гап 2017 йилнинг IV чораги ҳақида борарди-да. Афсуски, кишини қувонтирадиган бу ваъдалар ваъдалигича қоғозда қолиб кетди, 2018 йилнинг ярми ўтиб кетаяпти ҳамки, йўлкача қурилишидан ҳалигача дарак йўқ. Йўловчилар ҳамон машиналар билан биргаликда катта йўлдан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда, шу боис йўл ҳаракати хавфсизлиги биз учун ҳамон ташвишли масала бўлиб турибди.
Шу сабабли, бир йилдан зиёд вақт ўтиб, “туя гўшти еган” муаммони ҳал этишда ёрдам сўраб яна мурожаат этмоқдамиз. Дарвоқе, сизга ва мутасадди ташкилотлар масъул раҳбарларига таниш бўлиб қолган кўчамизнинг ҳозирги ҳолати туширилган суратларни илова қилдик. Шояд, масъул шахслар ўз ваъдаларини эслаб, зарур чораларни кўришса, оддий қилиб айтганда, пиёдалар йўлкаси қуриш ишларини бошлаб юборишса, деймиз.
Ҳурмат билан,
Абдуғани СОДИҚОВ
 
ТАҲРИРИЯТДАН: Пойтахтимизнинг шундоққина биқинидаги маҳалла кўчасида одамларни қийнаётган масаланинг ҳамон ечим топмагани бизни ҳам ажаблантирди. Автотранспорт воситалари қатнайдиган йўл бўйида пиёдалар йўлакчаси йўқлиги чиндан ҳам жиддий муаммолардан бири саналади. Аҳолига зарур қулайликлар яратиш, айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масъулияти ҳам бу муаммони тез кунда ҳал қилиш зарурлигини англатиб турибди.
Шу ўринда яна бир савол кишини ўйлантиради: Қибрай тумани ҳокими, ҳокимликдаги бошқа раҳбар шахслар, “Дўрмонавтойўл” ИЙФУК масъул ходимларининг фарзандлари ҳам ушбу йўлдан юришмасмикан? Майли, пиёдами-машинадами, дегандай. Балки бу савол Сизнинг ҳам дилингиздан кечгандир, азиз газетхон?! 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Замира опа — қиз узатган, келин туширган, неварали, қуда-андали аёл. Фарзандлари ҳам эсли-ҳушли, меҳнатсевар....
01 янв 1970
Ҳар биримиз дастурхонимиз тўкин бўлиши, фарзандларимиз бекаму кўст вояга етиши, билимли ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча имкониятларни яратишг...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритди.
01 янв 1970
Марғилон шаҳридаги дорихона муассасаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашни ташкил этиш бўйича 3 та дорихонада йўриқномага амал қилин...