Ёшлар ҳуқуқи парламент эътиборида

/
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассам.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. У Бош қомусимиз ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Хусусан, ўтган бир йил ичида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган 25 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур қонунни қабул қилиш жараёнида миллий қонунчилигимиз амалиётида биринчи маротаба ёшларнинг кенг қатлами, жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” вакиллари ва фаол ёшларнинг таклиф-мулоҳазалари инобатга олинган эди.
Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ, ишончли мустаҳкамланган. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда Ёшлар иттифоқининг ташкил этилганлиги ва 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилиниши эса ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижаларга эришаётган ёшларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медаллари таъсис этилгани ҳам келажагимиз эгаларининг юксак мақсадлар сари интилишларида муносиб рағбат вазифасини ўтамоқда.
Энг аҳамиятлиси, мамлакатимизда қисқа давр ичида ёшларга оид давлат сиёсати бугунги давр талабларидан келиб чиқиб тубдан такомиллаштирилди, балки бу борада Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига ўрнак бўлиб, дунё ёшларининг тақдирига дахлдор долзарб масалалар бўйича ташаббуслар билан чиқаётгани барчамизга ғурур бағишлайди.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилда БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб, дунё жамоатчилигини ёшларни турли зўравонликлар, терроризм ва экстремизм таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга чақирган ҳолда бу борада БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган бўлса, жорий йилда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани муҳим тарихий воқеа бўлди.
Халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги саналган, аҳолимизнинг 60 фоизини ташкил этаётган ёшлар масаласи парламентимизнинг ҳам доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг таклифига биноан Қонунчилик палатасида ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг тузилиши мамлакатимизнинг миллий бойлиги ва келажаги бўлган ёшлар билан ишларни сифатли ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу комиссиянинг тузилиши давлат ва жамият бошқарувида ёшларнинг иштирокини амалий жиҳатдан таъминлаш орқали ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Қонунчилик палатасининг салоҳиятини ошириш имконини бермоқда. Шу тариқа, халқ вакиллари ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишда бевосита иштирок этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган ёшлар масалалари бўйича комиссия, ўз навбатида, ёшларнинг, айниқса, уюшмаган, иш билан банд бўлмаган, муайян бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун муносиб шарт-шароит яратишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда қонун лойиҳалари муҳокамаларида иштирок этиш учун ёшларни жалб этиш парламент қуйи палатаси фаолиятидаги янгиликлардан бирига айланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида фаолият юритаётган экспертлар гуруҳи таркибига киритилди.
Мамлакатимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ёшларга жамиятнинг муҳим, қимматли миллий ресурси сифатида қарайди ва ёшларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги манфаатларини таъминлаш, ишонч ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун етарли шарт-шароитларни яратиб беришни кўзда тутувчи давлат стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этади. Бугунги кунда партия сафларидаги 250 минг нафардан ортиқ аъзоларнинг 37 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда.
Партиямизнинг “Ёш адолатчилар” қаноти турли ижтимоий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш орқали ёш авлоднинг қизиқишлари, эҳтиёжлари ва кайфиятини ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан қабул қилинадиган қарорларга ўз таклифларини бериб келмоқда.
Айниқса, “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан фаол ёшларнинг парламентга уюштирилаётган ташрифлари уларнинг қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари билан бевосита танишиш орқали сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги янада ошишига, мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларга дахлдорлик туйғуси юксалишига хизмат қилмоқда.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мукаррам. Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай э...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бирдан-бир муҳим асоси бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдир....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ижтимоий ҳимоя, адолат тамойилларини жамиятда қарор топтириш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар сир...