Маҳмуджоннинг тақдири қандай кечади?

/
Газетамизнинг 2018 йил 20 апрель кунги сонида “Қонун инсон қадри учун хизмат қилмайдими?” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда наманганлик Одилжон Камоловдан (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган эди-таҳр.) келган мактуб ҳақида сўз юритилган эди. Хусусан, О.Камолов ўз хатида 2004 йилдан буён турмуш ўртоғининг биринчи турмушидан бўлган тўрт ёшли ўғли Маҳмуджонни ўз фарзандидай меҳр бериб вояга етказганлиги, кейинчалик Маҳмуджонни расмий равишда фарзандликка олиш учун зарур ҳужжатларни тўплаганлиги, аммо унинг даъво аризалари туман, вилоятнинг тегишли судларида рад этилганлиги ҳақида баён қилган. Бунга эса Одилжоннинг 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси, 1-қисми билан судланиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилгани сабаб бўлган. Орадан йигирма йил вақт ўтгани, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 78-моддаси “д” бандида “Беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталгандан кейин орадан тўрт йил ўтгач, судланганлик ҳолати тугалланиши» назарда тутилганига эътибор қаратиб, О.Камолов суднинг ҳал қилув қароридан норози эканини маълум қилганди.
Унинг шу йиллар давомида чинакам оталик масъулияти билан яшаганлиги, бироқ бир болага кўрсатган 14 йиллик меҳр-оқибати ҳисобга олинмаётганлиги, Одилжон 20 йил орасида ҳалол меҳнати, намунали фаолияти билан маҳалладошлари ҳурматига сазовор бўлиб келаётгани ҳақида мақолада батафсил ёритилиб, бу фикрларга айрим асослар келтириб ўтилганини ҳам айтиш жоиз.
Мақола муаллифини бошқа яна бир жиҳат — масаланинг энг муҳим томони ўйлантирган, албатта. Яъни муаллиф қайд этганидек, “Маҳмуджоннинг биологик отаси ундан нотариал тартибда воз кечган бўлса, уни тарбиялаб вояга етказган Одилжонга расман оталик ҳуқуқи берилмаса, энди Маҳмуджоннинг тақдири қандай кечади?..” деган савол ҳамон очиқ қолмоқда.
О.Камоловнинг судланганлик ҳолати фарзандликка олиш масаласида монелик қилган бўлса, амалдаги қонунларга кўра юқорида келтириб ўтилган “судланганлик ҳолати тугалланиши” ушбу суд ишида истисно қилинганмикан? Ёки Жиноят кодексининг “Беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталгандан кейин орадан тўрт йил ўтгач, судланганлик ҳолати тугалланиши” белгиланган 78-моддаси “д” банди қонуний кучга эга бўлмайдиган айрим ҳолатлар мавжудми? Муаллиф “Балки бу ишда биз билмаган, ўша хатони ҳали ҳам кечириш мумкин бўлмаган бошқа бир қонуний асос бордир? Агар шундай бўлса, бу бизга маълум эмас, фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2017 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги ажримида буни аниқ далиллар, фактлар асосида баён қилиши ва аризачига инсонийлик нуқтаи назаридан тўғри маслаҳат бериши лозим эди”, деб фикр билдиради.
Давлатимиз раҳбарининг адашган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларни жамият, маҳалла, оила учун фойдали фаолиятга қайтариш, тўғри йўлга қайтганларни маънавий рағбатлантириш борасидаги муҳим кўрсатмалари ҳар бир соҳа ходимига жиддий масъулият билан ишлаш талабини қўймоқда. Бизнингча, бу кўрсатмани бажаришда яқин ўтмиш сарқити бўлган қоғозбозлик балоси бизга халақит бермаслиги керак. Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган тамойил инсон шаъни, қадр-қиммати устунлигини ҳам англатади.
Таҳририят томонидан фуқаронинг аризаси мазкур мақола билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилган эди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан таҳририятимизга жавоб хати етиб келди. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ўринбосари Ш.Ахатова имзоси билан юборилган ушбу жавоб хати билан қуйида танишасиз:
“Adolat” ижтимоий-сиёсий газетасида чоп этилган мақола юзасидан аризачи З.Комиловнинг мурожаатини кўриб чиқиш ҳақидаги хатингиз бўйича қуйидагилар маълум қилинади.
Фуқаро З.Комилов фарзандликка олиш ҳақидаги аризаси фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро судининг 2017 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан рад қилинганлиги, ушбу қарор Наманган вилояти суди кассация инстанциясининг 2018 йил 22 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилганлигидан норози бўлиб ёзган назорат тартибидаги шикояти Олий суд томонидан назорат тартибида ўрганилиб, суд ҳужжатларини қайта кўриш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги Олий суд судьясининг 2018 йил 4 июндаги ажрими юборилганлиги маълум қилинади.
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ўринбосари Ш.АХАТОВА.”
Биз, аввало, газетада чоп этилган мақола ва аризачининг мурожаатига эътибор қаратиб, ўз вақтида бизга жавоб йўллагани учун Олий суд раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Лекин шу ўринда мақолада ўртага ташланган бир қатор саволлар жавобсиз қолганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.
Хўш, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2017 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолган бўлса, энди Маҳмуджоннинг тақдири қандай кечади? Шу ўринда мақола муаллифи А.Мелибоевнинг саволларини яна бир бор такрорлашга тўғри келади. Маҳмуджоннинг биологик отаси расман фарзандидан воз кечган бўлса, тўрт ёшидан тарбиялаб ўстирган отасига оталик ҳуқуқи берилмаса, катта ҳаёт остонасида турган ўсмир энди қаерга боради? Назаримизда, фуқаронинг назорат тартибида ёзган шикояти ва газетада чоп этилган мақола Олий суд судьяси томонидан назорат тартибида ўрганилганда масаланинг ана шу жиҳатига, яъни фарзанд тақдирига эътибор қаратилиши лозим эди.
Демак, биз мавзуга яна қайтамиз.

Таҳририят

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
5 июнь — Жаҳон атроф- муҳитни муҳофаза қилиш куни
01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
Инсоният яратилибдики, бошқа жонзотлардан фарқли равишда фикрлаш, ўз фикрини баён этиш, ҳис қилиш, жисмоний ва руҳий ҳаракатларни амалга оширишга о...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.