Сессияга уч масала киритилди

/
Ҳудудларда раҳбар ходимларнинг масъулиятини кучайтириш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш, шу мақсадда жамоатчилик ҳамда депутатлик назорати самарасини ошириш партия депутатлари ва фаолларидан ташаббускорлик руҳида ишлашни талаб этмоқда.
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан Кенгаш сессиясига “Вилоятда уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар”, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари”, “Ўзбекистон Республикаси “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунининг вилоятдаги ижроси, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолати” юзасидан учта масала киритилганлиги шу мақсадда қилинган ишларнинг амалий ифодаси бўлди.

Мамлакатимизда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, янги автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юртимиз тараққиётига хизмат қилиши билан бирга транспорт воситалари ҳамда аҳоли учун катта имконият ва қулайликлар яратмоқда. Албатта, бу қулайликлардан, йўллардан оқилона фойдаланиш барчанинг бурчи саналади. Шунингдек, бу борадаги белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этишда жамоатчилик назорати амалий аҳамият касб этади.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида ҳудудларда партия депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари аниқлашича, йўлларнинг бугунги кундаги ҳолати билан боғлиқ қатор муаммолар борлигини кўрсатди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан шаҳар ва туманларда йўллар ҳолати бўйича олиб борилган ўрганишлар, таҳлил ва хулосалар ҳам шундан далолат беради. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида “Ўзбекистон Республикаси “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунининг вилоятдаги ижроси, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолати”га доир ўрганишлар юзасидан партия депутатлик гуруҳи аъзоси Б.Эшимов ахборот берди.
— Албатта, ажратилган маблағлар эвазига бир қатор йўллар, ички кўчалар обод бўлиб бормоқда. Аммо ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина, — деди Б.Эшимов. — Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида Навоий шаҳридаги “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлар олдидаги ички йўл ва пиёдалар йўлаклари сақланиши ҳолати кўздан кечирилганда, НКМК УЖКБга қарашли 1-сон Уй-жойлардан фойдаланиш ташкилоти томонидан ҳудуддаги дарахтларни суғориш мақсадида ўзбошимчалик билан қазиш ишлари олиб борилган. Натижада 20 м.кв ички йўл ва 15 м.кв пиёдалар йўлакларига зарар етказилган. Худди шундай, НКМК бирлашган энергия хизмати томонидан иссиқ ва совуқ сув қувурларини таъмирлаш давомида 97 м.кв ички йўл ҳамда 8 м.кв пиёдалар йўлаклари қазилиб, қайта тикланмасдан қолганлиги аниқланди. “Ирода” савдо шохобчаси ва “Фреско” кафелар томонидан ҳам 12 м.кв ички йўллар, 23 м.кв пиёдалар йўлакларига зарар етказилган.
Кармана туманидаги “Юқори буғ” МФЙ ҳудудидаги савдо дўкони ёнидан ўтувчи ичимлик суви қувурларини таъмирлашда йўлнинг 2.5 м.кв. майдонига зарар етганига қурилиш ташкилоти мутасаддилари бепарво қараган.
Учқудуқ туманидаги “Дўстлик” МФЙга қарашли М.Авезов кўчасидаги нотекисликлар, ўнқир-чўнқир бўлиб қолган жойлар, айниқса, ёғингарчилик мавсумида йўловчилар, ўқувчилар, боғча болалари, транспорт воситалари учун ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Тумандаги “Айтим”, “Мустақиллик” МФЙлардаги айрим ички йўлларда пайдо бўлган чуқурлар ва бошқа ноқулайликлар фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир.
Конимех туманининг “Дўстлик” МФЙдаги “Бобур” ва “Навоий” кўчалари, “Наврўз” МФЙдаги “Базар жирау” кўчасида таъмирталаб бўлиб қолган жойлар ечимини кутаётган муаммога айланган.
Қизилтепа туманидаги “Варозун” МФЙ ҳудудида “Беклар” қабристони йўлининг 140 метрлик қисми, “ўамхўр” МФЙдаги ички йўл таъмирталаб ҳолатда, “Ўзбекистон”, “Гулбоғ”, “Сарой”, “Хамработ”, “Маликабот”, “Зармитан”, “Ўртақўрғон”, “Милтиқчи”, “Гулзор”, “Бўлакработ”, “А.Навоий”, “Арабхона” МФЙлар ҳудудидаги бир қатор ички йўллар ҳолати ҳақида ҳам ана шундай фикрларни айтиш мумкин.
Навбаҳор туманидаги “Янги йўл” МФЙ “Оқтом” кўчасидаги чорраҳа, “Навбаҳор” МФЙ чорраҳаси, “Бешрабод” МФЙ ҳудуди чорраҳасидан киришдаги “Бобур” шоҳкўчаси, “Мирзо Улуғбек”, “Ялтирабод”, “Пахтакор”, “Бурқут” МФЙлардаги айрим кўчаларнинг ички йўллари ўзбошимчалик билан қазилиб, қайта тикланмаганлиги маълум бўлди.
Хатирчи туманидаги “Боғишамол”, “Майдон”, “Қўрғонтепа”, “Найман”, “Олтинсой”, “Сарой”, “Қорача”, “Деҳқонобод” маҳаллаларида фуқаролар билан учрашувлар чоғида ҳудуддаги ички йўллар кўп йиллардан буён таъмирланмаганлиги қайд этилди. “Парахун” МФЙ ҳудуддаги “Мирсаид Барака” кўчасидаги ички йўл ва пиёдалар йўлаги ўзбошимчалик билан қазилиб, автотранспортлар ҳаракатига халақит берилган ҳамда йўлнинг 10 м.кв. жойига жиддий зарар етказилганлиги аниқланди.
“Сув-оқава” ДУКнинг Хатирчи туман филиали томонидан “Парахун” МФЙ ҳудудидаги “Буюк ипак йўли” кўчасидан ўтган сув қувурларини таъмирлашдан кейин асфальтлаш ишлари сифатсиз бажарилиши оқибатида йўлларнинг айрим қисмлари чўкиб, ноқулайликларни пайдо қилган. Шунингдек, “ўарбгазтаъминот” корхонасининг туман филиали томонидан туман марказидаги “Гулбозор” ёнидаги газ қувурларини таъмирлаш давомида бузилган йўл қопламалари тўлалигича қилинмагани оқибатида йўллар нотекисликлигича қолган.
Нурота шаҳридаги баъзи ички йўллар ҳолатига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, аксарият ҳолларда ички йўллар ва пиёдалар йўлакларига мутасадди ташкилотлар томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари вақтида турли зарар етказилган. Пиёдалар йўлаклари атрофидаги ерлар мулк эгалари томонидан ўзлаштириб юборилаётганини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.
Мажлис иштирокчилари муҳокамаларда қайд этганидек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан маҳаллалар ичидаги ички йўлларга зарар етказиш, йўлларни бузиш, ўзбошимчалик билан кавлаб, қувурлар ётқизиш, йўлларда чуқурлар, нотекисликлар пайдо қилиб, уларни асл ҳолатида қайта тикламаслик, белгиланган талабларга риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлиги бу борада аниқ чор-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга йўналтиришни тақозо қилади.
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 12 июлда парламентимиз палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар билан аниқ амалий манзилли дастур асосида иш олиб бориш хусусида сўз юритган эди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Вилоятда ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати” юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасида сессияга киритилган масала атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда, вилоят бўйича 9294 нафар уюшмаган ёшлар рўйхатга олинган бўлиб, вилоятимиздаги туман, шаҳар ҳокимлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳар ойда уюшмаган ёшлар сони камайишига эришилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича малакасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун амалий кўмак бериш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида амалий ҳал этиш, уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилаётган аниқ амалий ишлар ҳали етарли эмаслиги маълум бўлди.
Масалан, ишлаш мақсадида чет элга чиқиб кетган ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлар жараёнида уларнинг мурожаатлари билан ишлаш, муаммо ва таклифларини кўриб чиқишда маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг ўрни лозим даражада сезилмаётганлиги кўзга ташланди. Шунингдек, жойларда ташкил этилган секторлар, депутатлар ва ҳудудга бириктирилган бошқа масъуллар маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича амалий ишларни кўпайтириши зарур.
Бундан ташқари, туман, шаҳарлардаги маиший хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарида хизмат кўрсатаётган ёшлар фаолияти ўрганилганда масалан, ресторан, кафе, дорихона, гўзаллик салони ва бошқа хизмат кўрсатиш маркази раҳбарлари томонидан ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлар расмийлаштирилмаслиги, меҳнат дафтарчалари юритилмаганлик ҳолатлари аниқланди.
Ўрганишлар давомида Навоий шаҳридаги бир қатор маиший хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарида ишлаётган ёшларнинг меҳнат фаолиятини расмийлаштириш бўйича тадбиркорларга таклиф киритиб, муайян натижаларга эришилди ва бу жараён давом этмоқда.
Очиғини айтганда, уюшмаган ёшлар сони, рўйхати, қоғоздаги рақамли таркибий таҳлиллар билан иш олиб бориш талабга жавоб бермаяпти, уюшмаган ёшлар масаласида аниқ мақсадли, амалий дастур, мурожаатларнинг ижобий ҳал этилишини таъминлайдиган механизм асосида ишлаш айни муддаодир.
Бунда мутасадди ташкилотлар билан биргаликда уюшмаган ёшлар масаласида назоратни кучайтириб бориш, чет элга кетган ёшларнинг ота-оналари билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва таклифларини ижобий ҳал этишни тизимли равишда ташкил этиш ижобий натижалар бериши мумкин. Маиший хизмат кўрсатиш марказлари, савдо шохобчаларида ишлаётган ёшларнинг меҳнат фаолиятини расмийлаштириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Партия депутатлик гуруҳининг халқ депутатлари вилоят Кенгашида уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни таҳлил этиб бориш мақсадида “Жамоатчилик штаби” фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор таклифлари сессия иштирокчилари эътиборини жалб этди.
“Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” юзасидан ўтказилган ўрганишлар таҳлили ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлди.
— Навоий шаҳридаги “Зарафшон”, “Кимёгар”, “Ишонч”, “Олтин водий”, “Ватан”, “Лочин” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 600 дан ортиқ ўқувчиларнинг ота-оналари ва жамоатчилик ўртасида олиб борилган сўровнома натижасида ҳамда суҳбат жараёнида умумтаълим мактабларида ота-оналардан турли йиғимлар давом этаётганлиги ўқувчиларнинг ижтимоий тенглик масаласига салбий таъсир этаётганлиги аён бўлди, — деди депутатлик гуруҳи раҳбари Ю.Маликов. — Шунингдек, ота-оналарнинг айтишича, мактаб маъмурияти томонидан мактабни таъмирлаш, мактаб фонди, синф фонди, суғурта, театр, хайрия китоб марафони, синф пардаси, гул, синф жиҳозлари ва бошқа ташкилий масалалар учун ўқувчилардан маблағ йиғиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Зарафшон шаҳар прокуратураси берган маълумотга кўра, мақсадсиз пул йиғимлар бўйича 80 нафар ота-онадан шаҳар прокуратурасига аризалар келиб тушган ҳамда бугунги кунда аризалар бўйича қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Зарафшон шаҳридаги “Наврўз”, “Тинчлик”, “Янги Зарафшон”, “Мурунтов” маҳаллаларида истиқомат қилувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ва жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашилганда ҳамда анкета сўровномаси ўтказилганда мактабларда ўқувчилар учун турли йиғимлар амалга оширилиши ижтимоий тенглик масалаларига салбий таъсир қилаётганлиги қайд этилди.
Муҳокамалардан сўнг қабул қилинган сессия қарорида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирар белгиланиб, мутасадди ташкилот ва муассасалар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Сессия қарори ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.
Рустам ҲАЙИТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилояти кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан амалий семинар ташкил этилди....
01 янв 1970
Халқаро матбуот маркази Сирдарё вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари учун брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташк...
01 янв 1970
Миллий қонунчилигимиздаги ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёнида юзага келган янги вазифалар шунга мос равишда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини ташкил эт...