Юртбошимиз ишончи бизга яна куч берди

/
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи саналган қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу юксак эътибори шу йилнинг 12-13 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи доирасида Олтиариқ туманидаги “Исмоил Нозим обод” фермер хўжалиги даласида биз, фермерлар билан бўлган учрашувда яна бир бор намоён бўлди. Самимий ва дўстона тарзда кечган мулоқотда Юртбошимиз фаолиятимиздаги ечимини кутаётган муаммолар билан қизиқди.
Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, Президентимизнинг 2017 йил 22-23 июнь кунларидаги Фарғонага ташрифи чоғида ҳам у киши билан учрашиш бахти менга насиб қилганди. Ўшанда мен 2000 бош наслли чорвачилик комплекси лойиҳасини тақдим этгандим.
Шундан сўнг ўтган бир йил мобайнида мазкур лойиҳани амалга оширишга эришдик. Яъни дастлаб бизга АТ Халқ банки ва “Ҳамкорбанк” томонидан 6 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг эвазига эса 400 бош наслли қорамол ва замонавий техникаларни сотиб олдик. Шу билан бирга, чорвачилик комплексида тегишли қурилиш ва бунёдкорлик ишларини бажардик. Пировардида наслли чорва молларимиз ўзидан кўпайиб, уларнинг сони 1000 бошга етди. Ҳадемай чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва аҳолига наслли молларни етказиб берамиз. Мазкур лойиҳанинг афзалликлари талайгина. Жумладан, қорамоллардан йилига ўртача 400 бош насл олинган тақдирда ҳам бу шунча миқдорда импортни камайтириш ҳисобига 1 миллион евро маблағни иқтисод қилиш имконини беради.
Энг муҳими, чорва моллари иқлим шароитимизга мослашган. Қолаверса, уларни миллий валютага сотамиз.
Айни пайтда фермер хўжалигимизда 85 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Хўжалигимиз тасарруфидаги сутни қайта ишлаш цехи томонидан 10 турдаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, туманимиз ҳамда Марғилон шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларига арзон нархларда етказиб берилмоқда. Ҳозир мавжуд 140 гектар еримизда маккажўхори, беда ва қанд лавлаги каби чорва озуқаси етиштирилмоқда. Аммо ушбу майдонлар 1000 бош қорамолга озуқа етиштириш учун камлик қилаётганди. Шу боис бу галги учрашувда Президентимизга юқоридаги муаммоимизни билдирдик. Натижада Юртбошимиз топшириғига кўра, фермер хўжалигимизга яна 400 гектар ер майдони ажратиладиган бўлди. Бу эса яна ўнлаб янги иш ўринлари яратишга имкон беради.
Давлатимиз раҳбари Олтиариқ туманида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида биз, депутатларнинг тегишли туман, шаҳарлардаги сектор раҳбарларига белгиланган вазифаларни амалга оширишда камарбаста бўлишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади. Бошқача айтганда, бу талаб зиммамиздаги масъулиятни янада ошириб, бизни янги изланиш ва имкониятлар сари ундади. Бундан кўзланган мақсад эса битта – юртдошларимизнинг турмуш даражаси фаровонлигини таъминлаш, уларнинг бугунги кундан розилиги ва эртанги кунга ишончи ортишига эришишдир.
Шукрулло САЙДУЛЛАЕВ,
Қўштепа туманидаги “Шукур давлат” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари,
халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон миллий матбуот марказида 2019 йил 13 март куни Халқ банки томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Ғузор туман кенгаши фаоллари ҳам маҳаллаларда бўлиб, муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этишга интилмоқдалар....
01 янв 1970
Дарҳақиқат, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ истиқболини толеи нурли фарзандларимиз тимсолида кўрамиз....
01 янв 1970
Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ барча ҳудудларда бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар учун а...