Коррупция – миллий хавфсизликка тахдид

/
Жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат – коррупциядир. Шу сабабли юртимизда коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни илдизи билан йўқ қилиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бу қонун бугунги кунда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.
Коррупция нима? Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни мансабдор шахснинг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиши, хизмат ваколатларидан четга чиқиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайинчилик, қариндош-уруғчилик асосида иш ташкил қилиб, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, айниқса, порахўрлик, таъмагирлик қилиши билан жамиятимиз учун ижтимоий хавфлидир.
Коррупцияга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бири сифатида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пировардида, коррупцияга қарши самарали курашиш, унинг давлат, хўжалик бошқаруви органларининг нормал фаолият юритишига салбий таъсири, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида демократик ўзгартиришларни амалга ошириш, давлат хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлашни таъминловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда Конституциямизга асосланган норматив-ҳуқуқий база яратилган. Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истамбул ҳаракат режасига аъзо саналади.
Шу билан бирга, мамлакатимизда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Партия тизимида коррупцияга йўл йўқ. Таъкидлаш лозимки, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий вазифаларидандир. Шу мақсадда аввало партия тизимида коррупцияга йўл қўймаслик учун бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Яъни партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, ҳудудий ва маҳаллий кенгашларда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, кадрларни ишга олиш масаласида умуман коррупцияни вужудга келитрувчи сабаблар бўлмаслиги лозим. Шу боис ушбу масалага муҳим эътибор қаратган ҳолда партиямиз тизимида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, ушбу фаолиятнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, маҳаллийчиликка йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир ходим партиянинг “Кадрлар комиссияси тўғрисида”ги Низом талаблари асосида Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси қошидаги Кадрлар комиссиясида суҳбатдан ўтказилиб, фақатгина унинг тавсиясига биноан ишга қабул қилиниши йўлга қўйилган. Кадрлар заҳираси асосан партиянинг салоҳиятли аъзолари орасидан шакллантирилмоқда. Партия ташкилотларидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар партия расмий веб-сайти(www.adolat.uz) ва “Адолат” ижтимоий сиёсий газетасида эълон қилиб борилади.
Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарори билан “Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоларининг “Одоб-аҳлоқ қоидалари” тасдиқланган бўлиб, ушбу ҳужжат партиянинг Устав ва Дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда партия аъзолари учун умумий маънавий-ахлоқий принципларни белгилаш, жамият ва партия тизимида коррупциянинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат муносабатларида миллий қонунчилик талабларига риоя қилиш, низоли вазиятларни олдини олиш ёки томонларни муросага келтириш, барча даражадаги партия ходимларини иш фаолиятида амал қилиши лозим бўлган қоидаларни партия фаолиятига татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Партия ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, коррупция билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишга оид масалалар юзасидан доимий равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб бориш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курсида ташкил этиладиган семинар-тренингларда партиянинг масъул ходимлари мунтазам иштирок этиб, ўз билим ва малакасини ошириб бормоқда.
Жамиятда коррупциянинг олдини олишнинг яна бир энг муҳим мезони фаолиятда очиклик ва шаффофликни таъминлашдир. Айни шу жиҳатдан партиямиз бошқаруви очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланади. Партия Сиёсий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари пленумларида фаолиятнинг барча йўналишларини танқидий-таҳлилий кўриб чиқиш йўлга қўйилган. Ҳар йили икки-уч маротаба марказда ва жойларда матбуот анжуманлари ташкил қилиниб, қўлга киритилаётган ютуқлар қаторида йўл қўйилган камчиликлар ҳам очиқлик ва холислик билан оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли ва электорат эътиборига етказиб борилмоқда. Мазкур масалалар “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ҳамда www.adolat.uz сайти орқали кенг ёритилмоқда.
Партиямиз тизимида жорий қилинган ҳудудий кенгашларнинг фаолиятини баҳолашга оид рейтинг ҳам партия ташкилотлари ишини барча йўналишлар бўйича баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, партия тизимида “Адолат” қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, фуқаролар мурожати ва уларнинг қабулига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим шартларидан яна бири бу молиявий фаолиятда шаффофликни таъминлаш саналади. Шундан келиб чиқиб, партиянинг молиявий фаолияти аниқ ишлаб чиқилган ва партия Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган смета асосида олиб борилади.
Партия бюджетининг тўғри юритилиши ҳар йилда бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан текширувдан ўтказилади ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ партия ўзининг молиявий манбалари тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига йиллик ҳисобот тақдим қилади. Қолаверса, партиянинг йиллик бюджети ижроси ҳамда унинг асосий кўрсаткичлари “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ҳамда партия расмий веб-сайти орқали бериб борилади.
Партия бюджети ижросининг тўғри юритилишини таъминлаш мақсадида ҳудудий партия ташкилотларининг бош ҳисобчилари учун бухгалтерия дастурлари, партия бюджети ижроси масалаларида ўқувлар ташкил қилиниши йўлга қўйилган.
Мақсадимиз – коррупциясиз жамият қуришда фаол иштирок этиш. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалалари партиянинг дастурий вазифалари сирасига киради. Шу мақсадда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда барча ҳудудларда кенг жамоатчилик ўртасида партиянинг “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Адолатчилар жамоатчилик экспертизаси” лойиҳалари доирасида “Коррупция – тараққиёт кушандаси”, “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Қонун устуворлиги – тараққиёт гарови”, “Ошкоралик – фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади” каби мавзуларда 2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 30 дан ортиқ семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа давлат органларининг масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, коррупциянинг оқибатларини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали тушунтиришда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, партия томонидан коррупцияга қарши курашни тарғиб этувчи баннер ва тарқатма материаллар чоп этилиб, маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ва жамоат жойларида тарқатилмоқда.
Биз келгусида ҳам бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини изчил давом эттирамиз. Айниқса, электоратимиз сифатида таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари орасида коррупцияни батамом йўқ қилишнинг барча қатъий чораларини кўрамиз. Қолаверса, пора беришнинг жиноят эканлигини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қиламиз. Чунки айримларнинг одатига айланиб қолган пора бериш иллати ҳали-ҳамон соғлиқни сақлаш тизимида, айниқса, туғруқхоналарда, таълим муассасаларида ва бошқа ташкилотларда фаолият юритаётган тозақўл, ҳалол инсонларга порахўр деган тамғани босиб қўймоқда. Ваҳоланки, пора олиш ҳам, пора бериш ёки унга воситачилик қилиш ҳам бир хил жиноятдир. Агар биз пора берувчиларнинг йўлини тўссак, ўз ўзидан порахўрлик ҳам барҳам топади. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигимизни янада кучайтиришимиз, кенг жамоатчиликка таянишимиз зарур.
Бизнингча, коррупцияга қарши курашишда, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар билан ҳамкорликни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Бу йўналишда, айниқса, ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтириш орқали аҳолида коррупция иллатига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга эришишимиз лозим.
Мухтасар айтганда, жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказадиган, тараққиётимизга тўсиқ, миллий хавфсизлигимизга таҳдид саналадиган коррупцияга қарши муросасиз курашиш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга барчамиз бирдек масъулмиз.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона постига қўшни давлатдан пиёда кириб келган фуқаро Р.Т.нинг қўл юклари бел...
01 янв 1970
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармал...
01 янв 1970
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...