Яна бир зиёратгоҳ обод бўлади

/
Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихини қайта тиклашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қадим Бухоро заминида мангу қўним топган буюк аждодларимиздан Хожа Абдуҳолиқ ўиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ва Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари қайта тикланиб, улар жойлашган масканлар ободонлаштирилди. Бугунги кунда ушбу мақбаралар улуғ зиёратгоҳларга айланган.
Бухоро заминида ислом оламидаги улуғ қадамжолардан яна бири жойлашган бўлиб, бу Хўжа Каъбул Ахбор Вали зиёратгоҳидир. Зиёратгоҳ Когон шаҳридан тахминан 25 километр узоқликдаги «Сиёз Поён» МФЙ ҳудудида жойлашган. Зиёратгоҳдаги Хўжа Каъбул Ахбор Вали қабрининг узунлиги 14 метр, эни 2,2 метрни ташкил этади.
Зиёратгоҳ атрофида жойлашган масжиднинг имом-хатиби Ҳайдаржон Одиловнинг сўзларига қараганда, «Ушбу қабрни текшириб кўриш учун 2003 йилда Навоий тоғ-кон металлургия комбинати мутахассиси М.Шарипов раҳбарлигидаги илмий экспедиция томонидан геологик разведка мақсадларида фойдаланиладиган махсус аппарат ёрдамида қабр текшириб кўрилганда, унинг ичида йирик ўлчамдаги катта-катта суяклар борлиги маълум бўлди. Аввалига ҳаммамиз бу йирик суякларнинг инсонга тегишли эканлиги тўғрисида шубҳаландик... Бироқ суяклар махсус компьютер дастури орқали текширилганда улар инсонга тегишли эканлиги тасдиқланди».
Бошқа баъзи манбаларда Хўжа Каъбул Ахбор Вали ҳозирги Яман давлати ҳудудида яшаган қадимий Од қабиласининг вакили бўлганлиги, 4000 йилдан зиёдроқ умр кўрганлиги, бўйи 13 метрдан ошганлиги, тафаккур қувватини бошқариш маҳоратига эга бўлганлиги қайд этилган.
Хўжа Каъбул Ахбор Валининг шахсига оид жуда кам маълумотлар сақланиб қолган. Баъзи илмий манбаларда у пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) билан замондош бўлганлиги, 548-652 йилларда яшаб ўтганлиги кўрсатилган. Масалан, Садриддин Салим Бухорийнинг «Бухоронинг табаррук қадамжолари» китобида улуғ аллома ва воиз Хўжа Каъбул Ахбор Вали Аюб, Довуд, Хизр алайҳиссаломлардан сўнг қаламга олинган. Унинг валиуллоҳ, тобеъйн, аллома бўлганлиги эътироф этилган. Шу китобда ҳазрати Каъбул Ахбор катта олим бўлганлиги, у исломни иккинчи халифа Умар (р.а.) даврида қабул қилганлиги, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони каримни чуқур билганлиги, исроилий ва мусулмон диний ривоятларининг эски ровийси (билимдони) бўлганлиги қайд этилган ва бу зот тўғрисида қуйидаги ҳикоят келтирилган.
Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Салам ҳазрати Каъбул Ахбордан сўради: «Олимлар илм ўрганиб қалбга жойлаганларидан сўнг уларнинг қалбидан илмни кетказадиган нарса борми?» Каъбул Ахбор жавоб берди: «Бор. Булар: очкўзлик, ҳирс ва дунё ташвишлари!»
Мустақиллик йилларида Хўжа Каъбул Ахбор Вали мақбараси анча обод этилган бўлиб, атрофида янги масжид ҳамда таҳоратхона барпо этила бошланди. Бироқ муайян сабабларга кўра масжид ва таҳоратхона қурилиши охирига етказилмаган.
Бугунги кунда Хўжа Ахбор Вали зиёратгоҳига мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ва ҳатто хорижий мамлакатлардан ҳам зиёратчилар ташриф буюрмоқда.
Афсуски, зиёратгоҳга борувчи асосий йўл ҳозирда таъмирталаб бўлиб, хароб аҳволда. Шунингдек, зиёратгоҳ ҳудудидаги бино ва иншоотлар — меҳмонхона, таҳоратхона, масжид ва иҳота деворларнинг қурилишини ҳам охирига етказиш зарур.
Энг ачинарлиси, Хўжа Ахбор Каъбул Вали мақбараси жойлашган қабристондан бор-йўғи 200-300 метр узоқликда жойлашган маиший чиқиндихонадан шамол таъсирида ён-атрофга целлофан пакет ва бошқа ахлатлар тарқалиб, атроф-муҳитни, хусусан, муқаддас зиёратгоҳ жойлашган қабристонни ифлослантирмоқда. Ушбу муаммони бартараф этиш учун чиқиндихонани бу ердан зудлик билан кўчириш талаб этилади.
Зиёратгоҳ билан боғлиқ ушбу муаммолар жорий йилнинг 20-26 апрель кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Когон туманида халқ билан мулоқоти ва соҳаларни ўрганиши давомида кўтарилган бўлиб, ушбу муаммолар халқ депутатлари Когон тумани Кенгашининг кенгайтирилган сессиясида атрофлича муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам иштирок этган ушбу сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан, мазкур зиёратгоҳни ободонлаштириш ишлари ҳудудий дастурларга киритиладиган, зиёратгоҳга олиб борувчи йўл 2018-2019 йиллар давомида таъмирланадиган, чиқиндихона эса бутунлай ёпиладиган бўлди.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
22 апрель — бутунжаҳон ер куни
01 янв 1970
Мамлакатимиз тинчлигини асраш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, осуда ҳаётни сақлаш жуда муҳим....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бўстон замонавий шаҳарсозлик маданияти юксалаётган, илм-фан, санъат ва бошқа жабҳаларда гуллаб-яшнаётган шаҳарлардан бирига айла...
01 янв 1970
учта олийгоҳнинг 72 ёшли абитуриенти Тоштемир отанинг орзуси