РАҲМАТ ЎРНИГА...

/
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор. Давлат бюджетининг муайян қисми айнан ушбу тушумлардан шаклланади. Шу боис тараққий этган давлатларда бу масалага ўта жиддий эътибор қаратилади. Солиқ тўловчи ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш биринчи даражали вазифа ҳисобланади.
Мавжуд қонунларга кўра бизда ҳам ҳудди шундай. Аммо тартиб-қоидаларга ҳамма ҳам бирдай риоя қилавермайди. Янаям аниқроғи, кўпчилик қонун ва қоидаларни, ўз бурчи, ваколатини яхши билмайди. Тартибли фуқаро сифатида мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиши мумкинлигини тасаввур этолмайди. Иссиқлик, электр энергия, газ, сув таъминотидаги айрим узилишлар сабабларини ўйлаб ҳам ўтирмайди.
Кейинги йилларда солиқ ва хизмат кўрсатиш тизимида қарздорликлар кўпайиб кетгани ҳам айни шу сабабдандир. Мамлакатимизда янги ташкилот — мажбурий ижро бюросининг юзага келишининг боиси ҳам аслида ана шундадир. Аксарият босма нашрларда, радио ва телевидениеда бу борада тўхтовсиз тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, кўпчилигимиз ҳамон боқимандалик кайфиятидамиз. Фақат дўппи тор келганда, тегишли идоралар вакиллари эшик тақиллатгандагина ҳаракатга тушиб қоламиз.
Лекин орамизда интизомли тўловчилар ҳам йўқ эмас. Ана шундай инсонлардан бири кексалик гаштини суриб яшаётган Ҳусан ака Қўчқоров бўлади. У киши билан танишганимизга 30 йилдан зиёд вақт ўтди. Ҳусан ака матбуот нашрларида вақти-вақти билан ҳуқуқий мавзуларда мақолалар билан қатнашиб турарди. Биз ҳам ҳуқуқий соҳага тегишли материаллар тайёрлашда муаммоли вазиятлар юзасидан сира тортинмай Ҳусан акадан маслаҳат сўрардик. Оғринмай бизга ёрдам берарди.
Яқинда у кишидан хабар олгани бордим. Табиатан анчайин дилкаш бу одамнинг кайфияти унчалик яхши эмаслигидан ҳайрон бўлдим.
Ҳа, айтмоқчи, Ҳусан ака яна бир жиҳати билан ҳам ажралиб турарди. Кўп қаватли бинода яшагани туфайли газ, сув, электр энергияси тўловларининг баъзан бир чорак, баъзан ярим йиллигини олдиндан тўлаб қўярди. Нега шундай қилиши билан қизиққанимда, у киши шундай деди:
— Маошга яшайдиган одам ҳисоб-китобли бўлиши керак. Қарздорлик жуда ёмон нарса. Бу — биринчиси. Иккинчиси — олдиндан тўлаб қўйсанг, хотиржам юрасан. Эшигингни ҳеч ким тақиллатиб келмайди.
Хуллас, Ҳусан ака ана шунақа одам. Хонадон эгасининг кайфияти унчалик эмаслигининг сабаби эса бевосита коммунал тўловларга боғлиқ экан.
— Ҳозир ҳам камида бир чорак олдиндан пул тўлаб қўяман. Лекин бу борада ҳеч ташвишдан қутула олмас экансан.
— Ахир сиз тўловларни олдиндан тўлаб қўярдингиз-ку...
— Ҳамма гап шунда-да. Улар бундан 15 йил аввал — 2003 йилдан бери амалга оширган тўловларимдан камчилик топишибди. Тавба, орадан 15 йил ўтиб кетган бўлса!.. “Тошиссиққуввати” Учтепа туман бўлими маълумотига кўра менда қарздорлик 2003 йилдан бошлангани, 2009 йилдан 2017 йилга қадар профилактика учун иссиқ сув бирор марта ҳам ўчирилмагани, хонадонимга берилаётган сув босими ўлчагичи 2005 йил май ойидан шаҳар ДУК орқали ўрнатилиб, тўловлари бўйича 2007 йил январь ойига қадар тўлаб келганим инобатга олинмай, одам бошига тўлов талаб қилинишини қандай тушунмоқ керак? Туман ИЧБнинг расмий хатига кўра 335.634 сўм қарздор эканман... Хуллас, асабим қўзиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбарига мурожаат қилишга мажбур бўлдим.
2018 йилнинг 17 февраль куни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идорасининг туман бўлими ходими Шаҳноза (фамилияси ёдимда йўқ) келиб, мендаги ҳужжатлар, жумладан, тўлов квитанцияларини ҳам бир-бир кўриб чиқди.
— Амаки, сизда ҳеч қандай қарздорлик йўқ. Мен бу ҳақда раҳбаримга айтаман, — деди.
Бундан кўнглим жойига тушганди... Шаҳноза ўриндошлик асосида туман ИЧБсида ҳам ишлар экан. Бундан аввал айни шу корхона раҳбари З.А.Асқаржоновдан 455.362 сўм қарздорлигим ҳақида расмий хат олгандим.
Энди буёғини эшит. 20 апрель куни Шаҳноза уйга келиб, “Амаки, сиздаги қарздорлик 264638.17 сўм экан”, деса бўладими?
Ана шунақа гаплар. Асабийлашганим сабабини энди тушунгандирсан. Ҳа, айтгандай, яна бир ғалати маълумот: 2018 йил 1 апрель кунига қадар тўланиши лозим бўлган яна 181.176 сўм ҳам чиқиб қолди. Нима бу — 1 апрель ҳазилими, ҳақиқатми тушунолмай қолдим. Чунки мен жорий йилнинг биринчи ярми учун туман ИЧБ ҳисоб рақамига йил бошидаёқ пул тўлаб қўйганман...
Воқеани бошқа бир одамдан эшитганимда ишонмаслигим мумкин эди. Аммо Ҳусан ака кўрсатган расмий ҳужжатларни кўздан кечириб, ҳайрон бўлганим рост. ўалати ҳолат, шундай эмасми?
Тўғриси, бутун меҳнат фаолиятини қонунийликни таъминлашга бахшида этган меҳнат фахрийси, II гуруҳ ногиронига нисбатан бундай муносабатга гувоҳ бўлиб, қўлимга қалам олдим. Қандай хулоса қилишга ҳам ҳайронман.
— Агар “Тошиссиқуввати” Учтепа туман корхонаси мендаги қарздорликни қонунчиликда белгиланган модда асосида исботлаб берса, тўлашга тайёрман — дейди Ҳусан ака.
Изоҳга ҳожат йўқ. Ҳусан ака гапнинг дангалини айтиб қўяқолди.
Дарҳақиқат, истеъмолчига “Фалон йил учун фалон сўм қарздорсиз” деб даъво қилиш осон. Қани бунга асос? Хўш, истеъмолчи 2003 йили қарздор бўлган экан, бу ҳақда нима учун у 2004 йилда огоҳлантирилмади? 2005 йилдачи?..
Темур АБДУРАҲМОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегонала...
01 янв 1970
Маълумки, бағрикенг ва олижаноб халқимиз бола тарбияси ва тақдирига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келган. ...