Парламент назорати: амалий натижаларга эришилади

/
Жорий йил май ойининг сўнгги ўн кунлигида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар бир қатор шаҳар ва туманларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишди. Парламент аъзоларининг маҳаллалар, корхона ва муассасаларда фуқаролар билан учрашувлари мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш орқали одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши, фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир ҳудудда ўрганишлар натижалари халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Мазкур мулоқотда фаол иштирок этган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари белгиланган чора-тадбирлар бўйича, ўрганилган муаммолар ҳал этилиши юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари билан биргаликда ижро назоратини олиб бормоқда.
ЖИЗЗАХ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов Зомин туманидаги “Нурликент” МФЙ, “Қудуқча”, “Узунқишлоқ” “Муғол”, “Бахматчойи” қишлоқларида фуқаролар билан суҳбатлашди.
“Ширин” ҚФЙда истиқомат қилувчи Муҳаммад Гадоев иссиқхона қуриш учун кредит олишда амалий ёрдам сўради, депутат аралашгач, “Микрокредитбанк” Зомин тумани филиали томонидан фуқарога 7 400 000 сўм кредит ажратилди.
“Узунқишлоқ” ҚФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Маҳмуд Худайназаровнинг ногиронлик аравачаси олиш масаласидаги мурожаати мутасадди муассаса билан ҳамкорликда ҳал этилди. “Бахматчойи” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар Абилқосим Берданов, Жамшид Акбутаев ва Нодир Сафаровлар ичимлик суви билан таъминлаш борасида кўмак сўрашди, туман “Сув-оқава” ДУК томонидан мазкур хонадонлардаги эски сув қувурлари янгисига алмаштирилди.
Шунингдек, фуқаролар мазкур қишлоқлар ички йўллари таъмирталаблиги боис, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳоли ва транспорт воситалари учун ноқулайликлар юзага келаётганидан шикоят қилишди. Шу билан бирга, қишлоқ аҳолисининг туман марказига бориб-келишида ҳам муаммолар мавжуд. Негаки, туман маркази билан мазкур қишлоқлар орасида автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Депутат ташаббуси билан йўловчи автобус қатновига доир вазифа 2018 йил IV чоракка мўлжалланган ҳудудий “йўл харитаси”га киритилди.
“Нурликент” маҳалласида яшовчи Санобар Тошбекова буйрак хасталигидан азият чекиб келаётганини баён этиб, республика марказий шифохоналарида даволаниш учун ордер олишда кўмак сўради. Кўрилган чоралар натижасида С.Тошбековага жорий йил II чораги охирига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан даволаниш учун йўлланма берилиши белгиланди.
ХОРАЗМ. Парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи Урганч шаҳрида жонли мулоқотлар ўтказиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрганди. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоевнинг шаҳардаги “Гулчилар”, “Олмабоғ”, “Камолот” маҳалла фаоллари, фуқаролар, мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларида ечимини кутаётган бир қатор масалалар ўртага ташланиб, фикр ва таклифлар қайд этилди.
Жумладан, “Олма боғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наримон Каримов маҳалла ҳудудини сув билан таъминловчи сув чиқариш насоси талаб даражасида ишламаётганини баён қилди. “Гулчилар” маҳалласи фаоллари уларни ҳам худди шу масала ўйлантираётганини айтишди. “Камолот” маҳалласи кўчаларида тунги чироқлар ишламаётганлиги аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. “Гулчилар” маҳалласида яшовчи фуқаро Бикажон Отажонова “ал-Хоразмий” кўчасида жойлашган уйи ўзбошимчалик билан қурилган деб топилиб, 2009 йилда бузиб ташланганлиги, айни пайтда онахон ва унинг оилали уч ўғли 16-ётоқхонада яшаб келаётгани, бу масала бўйича тегишли ташкилотларга бир неча бор қилган мурожаатлари тўпланган ҳужжатларда камчиликлар бор деган сабаб билан натижасиз қолаётганлиги ҳақида шикоят қилди.
Шаҳардаги тиббиёт коллежида 65 нафар ишчи-ходимнинг иш штати қисқаргани тўғрисидаги эътирозлари ҳам депутат томонидан қайд этилди.
— Турмуш ўртоғим Қадамбой Матқурбонов 1-гуруҳ ногирони, уни ҳар 6 ойда катта маблағ эвазига даволатишимиз зарур, — дейди “Олма боғ” маҳалласида яшовчи Ирода Давлетова. — Аммо дорилар нархи жуда баланд, ўзим ҳам ишламай турмуш ўртоғимни парваришлашимга тўғри келмоқда. Шу боис коммунал тўловларни ўз вақтида тўлай олмай қийналаяпмиз. Депутат Мақсуд Қурбонбоев ташвишимизни худди яқин кишимиз каби диққат билан тинглади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат этиб, ҳомийларни жалб қилиш йўли билан ёрдам беришини билдирди.
Учрашув давомида “Гулчилар” маҳалласидаги 16-сонли ётоқхонада яшовчи Ражаббиби Бобожонова, Лайло Мирзаевалар ётоқхонада 53 та оила яшаётгани, яшаш учун шароит йўқлигини баён этишди.
Юқорида баён этилган барча муаммоларни мутасадди ташкилот ва муассасалар билан қонуний тартибда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
ҚАШҚАДАРЁ. Халқ депутатлари Косон туман Кенгашининг сессиясида парламент аъзоларининг ҳудудда олиб борган ўрганишлари натижалари атрофлича муҳокама этилди.
Депутат ҳамда сенаторлар, туман фаоллари, корхона, ташкилот раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган мажлисда қайд этилганидек, ўрганиш жараёнида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, коммунал хизмат, банк, йўл қурилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аҳолининг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллаларда, уйма-уй юриб уюштирилган жонли мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан 411 та масала кўтарилди, ишчи гуруҳ штабида 70 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий йўналишда, хусусан, уй-жой, бандлик, таълим, савдо ва маиший хизмат, транспорт, йўл қурилиши масалаларига тааллуқли.
— Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан туман аҳолиси яхши фойдаланаяпти, — деди сессия ишида ишчи гуруҳ ўрганишлари юзасидан маъруза қилган “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров. — Бугун барча соҳада кечаётган туб ислоҳотларнинг, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга доир эзгу ишларнинг самарасини косонликлар ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Аммо туман ҳокимлиги тасарруфидаги айрим ташкилотлар мутасаддиларининг ўз вазифасини виждонан адо эта олмаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганини айтиш жоиз. Хусусан, айни пайтда туман аҳолисини тиббиёт, коммунал соҳа, йўл, бандлик хизматлари кўрсатиш ҳолати қониқтирмаяпти. Бундан ташқари, туманда фуқароларни, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда юзаки ёндашув кузатилаётгани ачинарлидир. Жойлардаги мулоқотлар жараёнида аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар юзасидан фикрлари эшитилди ва бир қатор масалалар ўз жойида ечимини топди. Масалан, ишчи гуруҳимиз аъзолари аралашуви туфайли 40 та кам таъминланган оилага газ баллонлари етказиб берилди, 6 та кам таъминланган оилага ҳомийлар кўмагида моддий ёрдам берилди. 13 нафар имконияти чекланган шахслар шифохонага жойлаштирилди. 17 нафар фуқаронинг турли соҳаларда бандлиги таъминланди.
Сессияда туман аҳолисига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Хозирги кунда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш профилактика муассасаларида 21 нафар шифокор етишмайди. Туманда умргузаронлик қилаётган 68 нафар фуқарони ногиронлик аравачаси билан таъминлаш зарур. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 5 қаватли бинога эга бўлган марказий шифохона, поликлиника, 11 та ҚВП ва ҚОПлар капитал таъмирга муҳтож. Санитария ҳолатлари ҳам талабга жавоб бермайди. Тез тиббий ёрдам пунктлари ва ҚОПларга аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда 8 та тез тиббий ёрдам автомобили етишмайди.
Бугунги кунда Косонда 344 та кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг фаолият йўналишлари асосан пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолаяпти. Туманда жорий йил комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган 18 та лойиҳадан бугунги кунда атиги 3 таси амалга оширилганини қандай изоҳлаш мумкин? Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш фаолияти билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ҳалигача мавжуд эмас.
Сессияда Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслигини қайд этиб ўтди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
БУХОРО. Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида аниқланган муаммолар парламент аъзолари кўмаги билан ечим топаётгани эътиборга молик. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев Бухоро туманидаги бир қатор маҳаллалар аҳли билан учрашди.
“Сарҳанг” қишлоғида истиқомат қилувчи Одил Бақоев ҳудудда мавжуд болалар спорт майдончасининг ҳолати талабга жавоб бермаётганлиги ҳамда 39-умумтаълим мактабида шарт-шароитларни яхшилашга, айрим қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришга зарурат борлиги, фан тўгараклари ташкил этилмаганлиги хусусида баён қилди.
Депутат 250 ўринга мўлжалланган ушбу умумтаълим мактабида бўлганида таълим маскани биносида иситиш тизими яхши ишламаслиги, синф хоналарининг етишмаслиги маълум бўлди. “Деҳча” қишлоғидан Санам Атоева қишлоқнинг айрим кўчаларига электр симёғочи ўрнатиш зарурлигини айтиб, депутатдан ёрдам сўради.
“Шехонча” қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли ҳудудда умумтаълим мактаби йўқлиги сабабли ўқувчилар қишлоқдан 7 километр узоқликда жойлашган 18-умумтаълим мактабига қатнаётганлиги, шу билан бирга, қўшни “Зарафшон” қишлоғига шаҳардан кўчиб келувчилар борлигини назарда тутиб, иккала қишлоқ ўртасида янги мактаб қуриш таклифини билдиришди.
Қ.Жўраев қайд этилган барча масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда чоралар кўрилиши, бу борада маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда назорат ўрнатилишини маълум қилди.
НАМАНГАН. Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Норин туманидаги бир нечта маҳаллаларда бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашди. Фуқаролар мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги янгиликлар билан астойдил қизиқаётганлиги эътиборга молик, бу борада уларга атрофлича тушунчалар берилди.
Мулоқотлар давомида ҳудудда мавжуд муаммо ва камчиликлар хусусида ҳам баён этишди. Масалан, “Шаҳидмозор” МФЙда яшовчи Нуриддин Худойбердиев йигирма йилдан бери ногиронлиги бўлган шахс, аммо 25 ёшда бўлишига қарамай, бирон марта чуқур тиббий текширувдан ўтказилмаган. Унинг мурожаати асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан ўтказилган мулоқот туфайли масалага ойдинлик киритилди. Қисқа муддатда беморни чет элдаги клиникалардан бирига юбориш кун тартибига қўйилди.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳасанбой Азимовнинг айтишича, у “Ўзтрансгаз” АЖнинг туман бўлимига ижара асосида баллон ажратиш ва суюлтирилган газ етказиб берилиши юзасидан мурожаат қилган. Шартнома тузилиб, тегишли миқдорда пул тўланганига қарамай, газ баллонидан дарак бўлмаган. Ишчи гуруҳи аралашганидан кейингина масала ечим топадиган бўлди.
Ўрганиш жараёнида мазкур МФЙ фаолиятига доир яна бир муаммо кўзга ташланиб қолди. МФЙ идораси шу атрофдаги 15-умумтаълим мактабига кўчирилгач, унинг эски, ночорроқ биноси бузиб ташланганди. Эндиликда маҳалла идорасининг таълим масканида жойлашиши ножоиз деб топилиб, уни кўчириш масаласи кўндаланг бўлмоқда. Туман ҳокимлиги сукут сақлаб турибди. Маҳалла аҳли тегишли ер ажратилса, ҳашар йўли билан МФЙ учун бино қуриб олишга шай. Бироқ уларнинг мурожаатлари натижа берганича йўқ.
— Парламент аъзоларига тушаётган мурожаатларнинг аксариятини ҳудуддаги мутасаддилар ўз вақтида ҳал этишлари мумкин эди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Хизмат кўрсатиш, йўлларнинг ҳолати, ҳудудларни ободонлаштириш, бандлик ва бошқа соҳалардаги муаммолар айнан лоқайдлик ва эътиборсизликдан келиб чиққан, дейиш мумкин.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида ушбу ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Маърузачи ва музокараларда қатнашганлар туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилгани ҳолда ҳали умумий ҳолатни кўнгилдаги даражага етказишга халақит бераётган камчиликлар кўплигини таъкидладилар. Ўрганишлар давомида парламент аъзолари жами 884 хонадонда, 37 та ташкилот, 74 та ижтимоий соҳа объектларида фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан учрашди. Аҳоли вакиллари билан мулоқотларда 1326 фуқаро, 131 тадбиркор иштирок этди. Уларнинг мурожаатларида 791 та муаммо қайд этилди. Мазкур масалаларнинг 402 тасини ўз жойида ҳал этишга эришилганлиги диққатга сазовордир.
Кўтарилган муаммоларнинг 361 таси туман миқёсида, 15 таси вилоят, 6 таси эса республика даражасида ҳал этиладиган масала эканлиги аён бўлди. Ҳудудда аҳоли уй-жой, коммунал хизматлар фаолиятидан қониқмаётганлиги ҳар бешта мурожаатнинг иккитаси мазкур тармоқдаги нуқсон ва камчиликларга оид эканидан англаш мумкин. Масалаларнинг 17 фоизи транспорт ва йўл қурилиши, 14 фоизи банк-кредит хизматлари ва 12 фоизи тиббий хизмат кўрсатишга доирлигини келтириб ўтиш ўринли, албатта. Умуман, парламент аъзолари аниқлаган нуқсонлар туманда ҳар бир раҳбар ходимнинг масъулиятни тубдан кучайтириб, ҳисобдорликни чуқур англаб ишлаши лозимлигини кўрсатади. Юқоридаги фикрлар сессия қарорида ҳам ўз ифодасини топди.
НАВОИЙ. Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳининг Навоий шаҳрида олиб борган ўрганишларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари бевосита қатнашганлиги бир қатор муаммоларни тезкор равишда ҳал этишда амалий аҳамият касб этди.
— Парламент аъзоларининг ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам фаоллигини, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари масъулиятини оширмоқда, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулчеҳра Сатторова. — Ўрганишлар Навоий шаҳрида ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатди. Хусусан, “Зарафшон” МФЙ ҳудудида жойлашган 23-, 6- МТМлар 215 ўринга мўлжалланган бўлишига қарамай, ушбу масканларда 260 нафар бола тарбияланмоқда. Боғчаларда кондиционерлар, газ плиталар етишмайди, каравотлар эскирган, стол-стуллар кам, коридордаги айрим ёритгичлар ишламайди, машғулот ўтадиган доскалар, шкафлар етарли эмас.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи З.Ёдгорова, З.Норова аҳоли бандлигини таъминлашда учраётган муаммоларга ишчи гуруҳ аъзоларининг эътиборини қаратишди.
— Аҳоли билан мулоқотларда кўтарилаётган муаммолар ҳамда ташкилот ва муассасалар фаолиятида аниқланаётган камчиликларни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар ҳам атрофлича ўрганилди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зафар Султонов.
Ўрганишларда аниқланган муаммоларнинг айримлари ўз жойида ҳал этилиб, қолган масалаларга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
СУРХОНДАРЁ. Ангор туманида Қонунчилик палатаси депутатлари Даврон Тангиров ҳамда Ёрмамат Холиёров таълим муассасалари, маҳаллалар, хонадонларда фуқаролар билан суҳбатда бўлиб, ўрганилган муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирларини кўришди.
Депутатлар тумандаги “Тутзор” МФЙдаги 5-сонли, “Юқори Таллимарон” маҳалласида жойлашган 19, 17, 14-сонли, “Гиламбоб” МФЙдаги 16-сонли, “Улуғбек” МФЙдаги 29-сонли, “Гулистон” МФЙдаги 9-умумтаълим мактабларида педагог ва ёшлар билан дилдан суҳбатлашдилар. Мулоқот чоғида ушбу умумтаълим мактабларида бинолар етарли эмаслиги, қиш мавсумида иситиш тизими ишламаслиги, баъзиларини капитал таъмирлаш зарурлиги, янги спорт заллари қуриш ва инвеньтарлар билан таъминлаш, айрим таълим масканларида ошхоналар йўқлиги, табиий ва гуманитар фанлардан ўқитувчилар етишмаслиги маълум бўлди.
Парламент аъзолари ўтказган ўрганишлар натижаси халқ депутатлари Ангор тумани Кенгашининг сессиясида муҳокама этилди.
— Ўрганишлар давомида 1100 дан зиёд фуқаролар билан очиқ суҳбатлашиш асносида 160 дан ортиқ муаммолар аниқланди ва шундан 86 таси жойида ҳал этилди, — деди Қонунчилик палатаси депутати, фракция аъзоси Даврон Тангиров. — Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кўтарилган масалаларнинг 70 таси уй-жой ва коммунал соҳага, 17 таси транспорт ва йўл қурилиши, 20 таси таълим ва нафақа таъминоти, 14 таси банк-кредит, 9 таси соғлиқни сақлаш соҳаларига, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ муаммолардир.
Жумладан, туман ДСЭНМ биноси ҳамда асбоб-ускуналари эскириб қолганлиги аниқланди. Мазкур муассасада мавжуд дезкамера яроқсиз аҳволда бўлганлиги сабабли дезинфекциялаш ишларида муаммолар пайдо бўлмоқда. Туман ДСЭНМ ходимларининг ҳудудларда назорат ишларини олиб боришлари, касалликларнинг олдини олиш санитария-тарғибот ишлари ўтказишлари учун техник воситалар билан таъминланмаган.
Сессияда сифатли тиббий-санитария хизматини йўлга қўйиш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга доир ишларни самарали ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари масъуллигини кучайтиришга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари учун хизмат уйларини барпо этиш, туманда ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири эканлиги алоҳида тилга олинди.
Тумандаги умумтаълим мактабларининг умумий аҳволи ўрганилганда ҳам бир қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, мактабларнинг кўпчилигида синфхоналар жиҳозлари етишмаслиги, тиббиёт хоналари ташкил этилмаганлиги, қўшимча ўқув биноларига эҳтиёж борлиги, иситиш тизимлари таъмирталаблиги, кўпчилиги капитал реконструкцияга муҳтожлиги, боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳам талаб даражасида эмаслиги мажлис иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Йиғилишда депутат ва сенаторларнинг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ҳақида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 27-30 апрель кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан очиқ мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юксак уюшқоқ...
01 янв 1970
Самарқанд шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт уйида “Адолат билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Жондор туманида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “ўзбек жанг санъати” бўйича туман биринчилиги мусоб...